Гигиена
Гигиена – тиббиётнинг бир соҳаси; кишилар соғлиғига турмуш ва меҳнат шароитлари таъсирини ўрганади ҳамда касалликларнинг олдини олиш, яшаш учун энг қулай шароит яратиш, соғликни сақлаш ва умрни узайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади. Гигиенанинг бир неча соҳалари бор. Авиацион, ҳарбий , меҳнат, болалар ва ўсмирлар, шахсий, ижтимоий, овқатланиш, радиацион гигиена ва ҳоказолар. Гигиена физиология, патофизиология, эпидемиология, токсикология, физика, кимё, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий фанлар билан чамбарчас боғланган, чунки табиий омиллар билан бирга жамиятнинг иқтисодий аҳволи ҳам киши соғлиғига таъсир этади. Эҳтиёт ва кундалик санитария назорати асосларини илмий асосда ишлаб чиқиш, кишиларнинг яшаш ва ишлаш шароити ҳамда дам олишини соғломлаштириш бўйича санитария тадбирларини асослаб бериш, болалар ва ўсмирлар соғлигини сақлаш, санитария қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари сифатини санитария экспертизасидан ўтказишда қатнашиш гигиенанинг вазифасидир. Соғлиқни сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш, унумли иш қобилиятини таъминлаш ва умрни узайтириш учун қулай шароит яратиш мақсадида тураржойлар ва и. ч. корхоналари ҳавоси, сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва пойабзалларнинг гигиеник меъёрларини ишлаб чиқиш замонавий гигиенанинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Гигиенанинг амалий томонини махсус бўлим – санитария ташкил этади. Гигиеник тадқиқотларда ташқи муҳит (ҳаво, сув, тупроқ), озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кийим-кечак ва пойабзалларни физик-кимёвий жиҳатдан ўрганиш усуллари, санитария статистикасидан фойдаланган ҳолда бактериологик, биокимёвий, клиник ва демографик текшириш усуллари қўлланилади.
Гигиена энг қад. фанлардан. Қад. Ҳиндистон қонунлари мажмуасида кийим-кечакни алмаштириш, тери ва тишни парвариш қилиш, ўсиликлардан тайёрланган овқатлар ёйиш зарур деб кўрсатилар, овқатга ружу қилиш тақиқлнар эди. Мисрда аҳоли яшайдиган жойларни соғломлаштириш учун санитария тадбирлари амалга оширилган. Қад. Хоразм атрофидаги йирик обод шаҳарларда ҳаммомлар, тоза сув олинадиган иншоотлар бўлган. Қад. юнонлар шахсий гигиенага қатъий амал қилишган. Гиппократ ҳаво, иқлим ва сувни одам соғлиғига таъсир этадиган муҳим омиллар деб атаган. Абу Али ибн Синонинг гигиенага доир фикрлари, соғликни сақлаш қоидалари кўп асрлар мобайнида амалий қўлланма бўлиб келди; у ҳаво ва сув орқали тарқалиб, касалликка сабаб бўладиган қандайдир жониворлар бор деб фараз қилган, сувни кайнатиш ёки фильтрлаш керак деган талаб эса ана шу фаразга асосланган. Гигиена фани олдига қўйилган вазифа ва талабларнинг ортиши, гигиеник текшириш усулларининг мураккаблшиши гигиена соҳаларининг мустақил фан сифатида ажралиб чиқишига олиб келди. Илмий гигиена 19-а. нинг 2-ярмидан ривожлана бошлади. Дастлаб мактаб(ҳоз. болалар ва ўсмирлар гигиена си), коммунал, овқатланиш ва ижтимоий гигиена майдонга чиқди. Ионлаштирувчи нурлар (радиация )дан ишлаб чиқариш, қ. ҳ. ва тиббиётда кенг фойдаланиш хизматчиларни радиациядан сақлаш ва аҳолини нурланиш хавфидан муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш муаммосини вужудга келтирди. Бу масалалар билан радиацион гигиена шуғулланади.
Ўзбекистонда Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий текшириш ин-тида, тиббиёт ин-тлари ҳамда Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтининг Г. кафедраларида бу фаннинг турли соҳалари бўйича тадқиқот ишлари олиб борилади.
Ма`руза
Мавзу: Оила ва саломатлик
Бажарди: Сабурова И
2021-йил
Do'stlaringiz bilan baham: |