ГЕРМАНИЯ ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДАН КЕЙИНГИ ЙИЛЛАРДА.
Р Е Ж А: 2 соат.
1. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германиянинг иккига ажралиб кетиши.
2. Германия Федератив Республикаси 1945-1990 йилларда.
3. Германия Демократик Республикаси 1945-1990 йилларда.
4. Янгидан бирлашган Германия олдида турган муаммолар.
1. Иккинчи жаҳон урушининг бошловчиси ва сабабчиси бўлган Германия бу урушда оғир мағлубиятга учради. Германия қуролли кучларининг урушда кўрган талафотлари 13,5 миллион кишини ташкил этди. Мамлакатнинг иқтисодий қувватлари деярли тамом бўлиб, оғир тжтимоий-руҳий таназзулни бошдан кечирмоқда эди. Яхлит бир бутун бўлган иафкуравий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-руҳий тизимнинг тезлик билан емирилиши одамлар орасида саросималик, келажакга ишончсизликни келтириб чиқарди. Германия ҳудуди антигитлерчи давлатлар коалицияси иштирокчилари бўлган СССР, АҚШ, Англия ва Франция қўшинлари томонидан ишғол қилинди.
Қрим ва Потсдам конференциялари қарорларига биноан Германия оккупация зоналарига ажратилди. Германия ҳудудининг 1/3 қисмини ташкил қилувчи шарқий қисми СССР оккупация зонаси бўлди, қолган 2/3 қисми АҚШ, Англия ва Францияга тегишли бўлди. Бу давлатлар 1945 йил 5 июнда Германиядаги Олий ҳокимятни ўз қўлларига олдилар. Германияда олиб бориладиган сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириб туриш учун оккупацион қўшинлар қўмондонларидан иборат тўрт томонлама Назорат Кенгаши тузилди. Ғолиб давлатлар Германия нацизми ва милитаризмини йўқ қилиб ташлаш иақсадини кўзда тутардилар. Потсдам конференциясида антигитлерчи коалиция раҳбарлари Германиянинг бирлигини сақлаб қолиш тамойилига асосланиб иш тутишларини таъкидладилар. Ҳар бир зонада алоҳида-алоҳида сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари тузила бошланди.
Германия сиёсий ҳаётида жонланиш юз берди. Антифашистлар қамоқлардан, концетрацион лагерлардан ва чет эллардан қайтиб кела бошладилар. Улар партия ташкилотларини қайта тиклаб, Германияни қайта тиклаш ва демократик давлат қуриш жараёнида иштирок қилиша киришдилар.
Коммунистлар ва социал-демократлар биринчилардан бўлиб сиёсий фаолиятни бошлаб юбордилар. Нацистлар даврида бу партиялар жуда шафқатсиз таъқиб қилинган бўллаларда, улар ўз партиялари таркиби сақлаб қолган эдилар. Германия Коммунистик партияси (ГКП) 1946-йилга келиб ўз таркибини қайта тиклаб олди.
Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) ҳам тез орада ўз таркибини қайта тиклаб олишга муваффақ бўлди. 1945 йил май ойида Ганноверда рейхстагнинг собиқ депутати К.Шумахер (1892-1952) бошчилигида “Шумахер бюроси” ташкил топди ва у янги ГСДПга асос солди. Партия дастурида Германияда фашизм тор-мор этилиши билан капиталистик тузум ҳам ағдарилганлиги ва социалистик қурилиш амалга оширилиши маълум қилинди. Дастурда саноатнинг бир қатор соҳалари, етакчи банклар миллийлаштирилиши, йирик ер эгалигининг чекланиши, корхоналарда ишчилар вакиллари ҳуқуқларининг кенгайтирилиши ҳам кўзда тутилган эди. Шу билан бирга ГСДП буржуа парламент тизими тамойилларига ва ғояларига содиқ эканлигини эълон қилди.
Буржуа доиралари ҳам ўз сиёсий ташкилотларини тузишга шошилдилар. Немис йирик буржуазиясининг эски партиялари фашистлар билан ҳамкорлик қилиб, ўзларини бадном қилган бўлиб, етарли ижтимоий базага эга эмас эдилар. Католик Марказ партияси асосида янги партия тузишга қарор қилинди. 1945 йилда Ғарб давлатларининг оккупацион ҳокимяти ёрдамида шу партия асосида янги партия ташкил этила бошланди. Натижада 1946 йил февралда Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ташкил топди, католик руҳонийлар, банкирлар, саноатчилар, зиёлилар, хизматчилар у бу партиянинг таъсисчилари бўлдилар. Христиан демократлар фашизмга қарши курашиш, янги Германияда ҳамма учун фаровон жамият қуриш, монополиялар зўравонлигини тугатиш, ишчиларга корхоналарни бошқариш имкониятини бериш тўғрисидаги ваъдалар билан чиқдилар. Партия дастурида бир қатор саноат тармоқларини “социализациялаш” кўзда тутилган эди. Бу дастур христиан-демократларни меҳнаткашлар томонидан, айниқса диндорлар томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлади. АҚШ оккупацион ҳокимятининг талаби билан Кельннинг собиқ бургомистри Конрад Аденауэр (1876-1967) ХДИнинг раҳбари бўлди.
Шу йили ХДИнинг Бавариядаги бўлими Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) ташкил топди ва у ХДИга нисбатан анча консерватив мавқеда турарди.
1948 йилда ташкил топган Озод демократик партия (ОДП) ғарбий зоналарда таъсири анча катта буржуа партияси эди. Бу партия хусусий мулк ва эркин рақобат тарафдори бўлиб, капиталистик тузум ҳимоячиси эди.
Ғарб давлатлари ўзларининг оккупация ҳудудларида дастлабки даврданоқ ғарб дунёсининг таркибий қисми бўлган ва Европада АҚШ сиёсатини олиб бориши керак бўлган алоҳида давлат барпо этиш сиёсатини олиб бордилар. АҚШ ва Англия 1946 йил декабрда Назорат Кенгашини четлаб ўтиб, ўз ҳудудларини бирлаштириб, Бизонияни ташкил этдилар. 1948 йилда унга Франция ҳудуди ҳам қўшилиб, Тризония ташкил топди. Шу вақтдан бошлаб Назорат Кенгаши амалда тарқалиб кетди ва Германиянинг икки қисми турлича ривожланиш йўлидан борди.
1948 йил июнда Тризонияда ўтказилган сепарат пул ислоҳоти бу йўлдаги муҳим қадам бўлди, қадрсизланган рейхсмарка ўрнига дойчмарка жорий қилинди, кейинчалик эса баҳолар ва иш ҳақи устидан назорат бекор қилинди.
Ғарб давлатларининг СССРни огоҳлантирмасдан ўтказган пул ислоҳоти Шарқий Германия истеъмол бозорига катта миқдордаги рейхсмарканинг оқиб келишига ва бусиз ҳам оғир аҳволда бўлган истеъмол бозорини издан чиқишига олиб келди. Бу эса СССР томонидан ғарбий зоналар чегарасини, шунингдек Ғарбий Берлин секторини қамал қилинишига олиб келди. АҚШ маъмурияти бунга жавобан Ғарбий Берлин билан “ҳаво кўприги” ўрнатиб, 1 йилга яқин у ерга авиация орқали зарур товарларни етказиб бериб турди. Германиянинг иккига ажралиши янада аниқ бўлиб қолди.
Ғарб давлатлари раҳбарлари Германияда сепарат давлат тузиш ишларини кучайтириб юбордилар. 1949 йил 8 апрелда Ғарбий Германия ҳудудларида конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, эълон қилинди ва у 1949 йил май ойида кучга кирди. Конституция Ғарбий Германияни демократик федератив республика деб эълон қилди, унга 10 та “ер” (ланд) бирлашган эди.
Қонун чиқарувчи ҳокимят 2 палатали парламентга тегишли эди. Бундестаг умумий сайлов асосида 4 йилга сайланади, иккинчи палата – бундесрат эса маҳаллий парламентлар (ландтаглар) томонидан тайинланадиган вакиллардан тузилади. Ҳар бир ер (ланд) кенг мухториятга эга бўлиб, ўз парламенти ва ҳукуматини сайларди. Бундестаг ва ландтаг вакилларининг умумий йиғилишида чекланган ваколатларга эга бўлган республика президенти 5 йил муддатга сайланарди. Сайловларда ғалаба қозонган партия раҳбари федерал канцлер лавозимини эгалларди ва барча ижроия ҳокимяти унинг қўлида тўпланган эди. У ҳукуматни тузади, бундестагнинг ваколат муддати тугагунча ҳокимят тепасида туради. Конституцион суд конституцияга тўғри келмайдиган қонунларни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Германия Федератив Республикасининг пойтахти Бонн шаҳри бўлди. Теодор Хейс Германия Федератив Республикасининг биринчи президенти бўлди.
1949 йил августда бундестагга бўлган сайловларда ХДИ/ХСИ блоки ғалаба қозонди ва ОДП билан коалицион ҳукумат тузди. К. Аденауэр канцлер қилиб тайинланди ва 1963 йилгача шк лавозимда турди. Немис адабиётида бу давр “Аденауэр даври” деб аталади. Ҳақиқатан ҳам К.Аденауэр Германиянинг қайта тикланишида ва жаҳон давлати сифатида юксалишида катта ҳисса қўшди. 1949 йил 21 сентябрда Германия Федератив Республикасининг тузилганлиги расмий равишда эълон қилинди.
Совет оккупация ҳудудида 1949 йил 7 октябрда пойтахти Шврқий Берлинда жойлашган Германия Демократик Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Шу тариқа Германияда парчаланиш рўй берди, бир халқ икки давлатни ташкил этди.
2. Германия Федератив Республикасининг ташкил этилиши “совуқ уруш”нинг таркибий қисми эди. Ғарб давлатларининг совуқ уруш олиб боришдаги сийсий ва стратегик тизимида асосий ўринни Ғарбий Германия эгалларди. ГФР Шарқий Европадаги бир қатор социалистик мамлакатлар билан умумий чегараларга эга бўлиб, ГФР раҳбарлари Польша ва Чехословакияга нисбатан ҳудудий даъволарга эга эдилар. Бундан ташқари бу ерда жуда катта инсон потенциаллари мавжуд бўлиб, у бўлғуси аскарлар учун муҳим манба ҳисобланарди, буларнинг ҳаммаси Ғарб стратегларини ўзига жалб қилган эди.
Шу сабабли АҚШ ўзининг ГФР билан бўлган муносабатларига алоҳида эътибор берди. Натижада АҚШнинг “Маршалл режаси”, НАТОни ташкил этиш, ягона Европани яратиш ва Европа марказида капиталистик тузумни сақлаб қолиш каби асосий тадбирларида ГФР катта ўрин тутди.
АҚШ ўзининг Германиядаги саноатчилар ва молиячилар билан бўлган эски алоқаларини тезда тиклаб олди ва ГФРдаги монополияларнинг тикланишига ва бу ердаги ўз мавқеини мустаҳкамланишига катта ёрдам берди.
ГФРнинг ҳукмрон доиралари мамлакатни Ғарб ҳамжамияти билан сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан тенг ҳуқуқли интеграциялаш, немис иқтисодиётини тиклаш, Германия монополиясининг аввалги қудратини тиклаш, доимий рақобат олиб бориш орқали ГДРни ўзига қўшиб олиш, мамлакатни қайта қкроллантириб, уни қудратли давлатга ва социалистик мамлакатларга қарши ғарб мудофаа тизимининг бош таянчига айлантириш сиёсатини олиб бордилар.
ГФР ҳукумати шу мақсадни кўзлаб ғарб давлатларининг мамлакатни Ғарбий Европа мудофаа тизимига киритишга қаратилган барча ташаббусларини қўллаб қувватлади. 1952 йил майда Европа мудофаа ҳамжамиятини тузиш ва уни НАТО таркибига киритиш ҳамда бу ҳарбий кучлар таркибига ГФРнинг 12 та дивизиясини тўғрисида битим тузилди.
1954 йил октябрда Париж битими имзоланиб, ГФР НАТО аъзолигига қабул қилинди ва мамлакатда 500 минг кишилик армия ташкил этилди. Ҳарбий саноат қайта тикланиб, замонавий қурол-яроғлар ишлаб чиқариш бошланди. Шу вақтдан бошлаб Ғарбий Германия НАТОнинг пойдевори бўлиб қолди ва ғарб давлатларининг бутун сиёсатига ҳал этувчи таъсир кўрсата бошлади.
Шу билан бир вақтда ГФР иқтисодиётининг юксалиши ҳам рўй берди ва у “немис иқтисодий мўъжизаси” деб ном олди. Бунда ГФРга нисбатан 1948 йио июлида жорий қилинган “Маршалл режаси” ҳам катта роль ўйнади. ГФР бу режа бўйича 3 млрд. долларга яқин ёрдам олди. Натижада 1949 йил охирига келиб Германия иқтисодиёти урушдан олдинги даражага етди. Эллигинчи йилларнинг биринчи ярмида (1951-1955) ГФРда иқтисодий ўсиш рекорд даражада бўлиб, саноат маҳсулотининг йиллик ўсиши 12,3 %ни ташкил этди. 1960 йилга келиб саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш урушдан олдинги даврга нисбатан 2,5 марта ўсди. 50-йиллар ўрталарига келиб Ғарбий Германиянинг капиталистик мамлакатлар саноат ишлаб чиқаришидаги ҳиссаси 10 %ни ташкил этарди.
“Немис иқтисодий мўъжизаси”ни содир бўлишида иқтисодчи Людвиг Эрхарднинг хизмати катта бўлди. У 1948 йилдаги сепарат пул ислоҳотининг муаллифи, ГФР Халқ хўжалиги вазири (1949-1963), федерал канцлер ўринбосари (1957 йилдан), федерал канцлер (1963-1966 йиллар) лавозимларида ишлаб келди ва урушдан кейинги даврда Германиядаги ислоҳотларнинг бош меъмори бўлди. Айни унинг раҳбарлигида “иқтисодий мўъжиза” содир бўлди. (Л.Эрхардни “немис иқтисодий мўъжизасин” нинг отаси ҳам дейишади).
Л.Эрхард ўз сиёсатида:
1) жами ички сармояни саноатга сарфлади.
2) “Маршалл режаси” бўйича АҚШдан салкам 3 млрд. доллар пул олди.
3) немисларнинг бутун истеъдоди ва куч-ғайратини охиригача ишга солди (50-йилларда ГФРда Ғарбий Европадаги энг узун иш ҳафтаси мавжуд эди)
4) 1956 йилгача ГФР деярли ҳарбий харажат қилмади
5) давлат протекционистик сиёсат юргизди ва ҳоказо.
Ғарбий Германия иқтисодиётини ривожлантиришда Л.Эрхард бошчилигида неолиберал иқтисодчилар томонидан ишлаб чиқилган “Ижтимоий йўналтирилган бозор хўжалиги” дастури катта роль ўйнади. Бу дастур тадбиркорнинг шахсий ташаббуси ва эркин рақобатни давлат бошқаруви элементлари билан уйғунлаштиришни кўзда тутарди. Давлат бошқарувининг асосий мақсади нарх-наво тизимини меъёрда бўлишини таъминлаш, айрим монополиялар томонидан суиистеъмолликларга йўл қўймаслик, солиқ олиш, ижтимоий харажатларга ва иқтисодиётнинг илғор тармоқлари ривожи учун кредитлар ҳамда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш бўлган.
50-йилларда бу доктрина Ғарбий Германия иқтисодиётини ривожлантириш манфаатларига тўла мос келарди. Эркин сармояларнинг мавжудлиги шароитида умумий қулай вазиятнинг юзага келиши, катта ҳажмдаги ички ва ташқи бозорнинг, катта миқдордаги арзон иш кучининг мавжудлиги ГФР иқтисодиётини тез ривожланишига имкон яратди.
Умумий иқтисодий юксалиш қишлоқ хўжалигининг аҳволига ва тузилишига ҳам таъсир кўрсатди. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг индустриал методлари кенг қўлланила бошланди ва шу асосда капиталистик аграр-саноат комплекси шаклланди. 50-йиллар ўрталарига келиб Ғарбий Германияда озиқ-овқат масаласи ҳал қилинди – мамлакат эҳтиёжи тўла қондирилди ва 50-йиллар охиридан четга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш бошланди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлиги иш кучининг арзонлашишига олиб келди.
Экспортнинг импорт устидан доимий равишда ўсиб бориши ГФРда катта миқдордаги олтин-валюта заҳирасини яратишга олиб келди ва у бу соҳада АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқиб олди. Юқори сифатли немис товарлари чет эл бозорларига кўплаб кириб кела бошлади. Крупп, Флик, Маннесман, Клекнер, “ИГ Фарбиндустрия” ва бошқа концернларнинг мавқеи кучайиб борди. Немис маркаси доллардан кейин дунёдаги энг таъсири кучли ва конвертация қилинадиган валютага айланди.
Германиянинг ҳукмрон доиралари Европа интеграциясининг фаол ташаббускорларидан бири бўлиб майдонга чиқдилар ва 1958 йил январдан “Умумий бозор”га аъзо бўлдилар. Европа интеграциясида иштирок этиши Германия индустриясини ривожлантиришни янада рағбатлантирди. “Умумий бозор” ташкил этилганидан 3 йил ўтгач, ГФР унда ҳукмрон мавқени эгаллади. Германия саноати “Умумий бозор” жами саноат маҳсулотининг 44 % ини берарди. Четга сармоя чиқариш кескин ўсди. 1955-1065 йиллар оралиғида ГФРда хусусий сармоя қўйиш миқдори 30 марта ўсиб, ўз эгаларига жуда катта миқдорда даромад келтирарди.
ХДИ/ХСИ ўзини халқ партияси деб эълон қилди ва шу билан бирга немис буржуазиясининг асосий фракцияларига раҳбарлик қилишга ва ягона партия сифатида чиқишга эриша олди. У эпчил ижтимоий сиёсат олиб бориш натижасида асосий ижтимоий қатламлар ва сиёсий оқимларнинг қўллаб-қувватлашига эришди. Кўпгина майда буржуа партиялари ихтиёрий равишда тарқалиб кетиб, ХДИ таркибига келиб қўшилдилар.
Шу билан бу партия томонидан ишлаб чиқилган “Ижтимоий йўналтирилган бозор хўжалиги” кенг меҳнаткашлар оммаси моддий аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор ижтимоий тадбирларни амалга оширишни кўзда тутарди. Йирик капиталнинг фантастик даражада бойиб кетиши ва ўн йиллик қулай коньюктура бу дастурни моддий томондан таъминлаш имкониятини келтириб чиқарди. Ишчилар синфи ва меҳнаткашларнинг бошқа қатламлари иш ташлашлар ва намойишлар ўтказмасдан туриб ҳам бир қатор ён беришларни қўлга киритдилар. 1950 йилдан 1959 йилгача бўлган ўн йил давомида ишчиларнинг иш ҳақи 2 баравар кўпайди, иш ҳафтаси қисқарди, йиллик меҳнат таътиллари қонуний йўл билан мустаҳкамлаб қўйилди. Нарх-навонинг ўсишига мос ҳолда нафақалар, болалар ва ва кўп болали оилаларга бериладиган нафақалар миқдори доимий равишда оширилиб келди. Бутун Ғарб мамлакатларида бўлгани каби ГФРда ҳам камёб товарларни ишлаб чиқариш ҳар 2-3 йилда ўн марталаб ўсди. Нисбатан арзон музлатгичлар, телевизорлар, кийим-кечак, автомобиллар, маиший элетротехник жиҳозларни оммавий равишда ишлаб мамлакатда юқори бозор талабини келтириб чиқарди. Бу товарларнинг барчасини узоқ муддатли кредитга сотиб олиш мумкин эди.
Германияда аҳоли учун уй-жой қурилишига ҳам катта эътибор берилди. Аҳолининг катта қисми кредитга олинган яхши квартираларга эга бўлди. 50-йилларда корхона акцияларини шу корхона ишчиларига арзон нархларда сотиш тажрибаси кенг қўлланилди ва бундай “халқ акциялари” йўли билан ишчиларни корхоналарни бошқаришда иштирок этишини таъминлаш ва ХДИнинг ижтимоий базасини ташкил этувчи мулкдорлар қатламини яратишга ҳаракат қилинди.
Буларнинг ҳаммаси Ғарбий Германияда қудратли иқтисодий ўсишни таъминлади, унинг асосида саноат ишлаб чиқаришида илгари кузатилмаган юқори даражадаги меҳнат унумдорлиги турарди. 1949-1954 йиллардаги даврда меҳнат унумдорлиги элетротехника саноатида 45 %га (АҚШда 13 %), химия саноатида 57 %га (АҚШда 27 %), машинасозлик саноатида 32 %га (АҚШда 14 %) ва автомобилсозликда 2 баравар ўсишга (АҚШда 12 %) эришилди.
50-йиллар давомида ГФРда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, аҳолининг турмуш даражаси ҳам тўхтовсиз яхшиланиб борди. Буларнинг ҳаммаси 1953, 1957 ва 1961 йилларда ХДИ/ХСИнинг парламент сайловларидаги ғалабасини ва К.Аденауэрнинг обрў-эътиборини таъминлади.
ГФР социалистик ва капиталистик дунё чегарасида жойлашганлиги сабабли унинг ички ва ташқи сиёсатида икки оқим (тенденция) – либерал ва консерватив тенденция кўзга ташланарди. Ҳукмрон доиралар мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳада социал-ислоҳотчилик, либерал тенденцияларга амал қилсалар, сиёсий соҳада ўнг экстремистик, консерватив тенденция устунлик қиларди. ХДИ/ХСИнинг ўзида антикоммунизм, реакцион консерватив идеология ва католик ижтимоий таълимот бир-бири билан қўшилиб кетган эди.
Мамлакат сиёсий ҳаётига Ялта ва Потсдам конференциялари қарорларига асосан СССР, Польша ва Чехословакияга ўтган шарқий ҳудудлардан кўчириб келтирилган немис аҳолиси ҳам катта таъсир кўрсатарди. Бу аҳоли сони 5 млн.ни (баъзи адабиётларда 12 миллион) ташкил этиб, у агрессив антикоммунизм ва реваншизм манбаини ташкил этарди. Ошкора антикоммунизм амалда ГФРнинг давлат доктринасига ва ХДИ/ХСИнинг ғоявий байроғига айланди. Уларни мамлакатдаги улкан оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватларди.
50-йиллар бошида Германия коммунистик партиясига қарши оммавий антикоммунистик тарғибот авж олдирилди. Коммунистларга қарши қатағонлар авж олди. Нацистлар ҳукмронлиги йилларидаги каби ГКПнинг бир қатор кўзга кўринган раҳбарлари турмаларга ташланди. Партия аъзоларининг сони бир неча мартага камайди. Коммунистлар ХДИ/ХСИнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тўсиқ эдилар. Коммунистлар мамлакатни милитарлаштиришга, унинг НАТОга аъзо бўлишига ва бир томонлама ташқи сиёсат олиб борилишга қарши эдилар. Улар икки Шерманияни тинч йўл билан бирлаштириш учун музокаралар олиб боришга чақирар эдилар. Бунга жавобан К.Аденауэр ГКПни қўпорувчилик фаолиятида айблаб судга берди. 1956 йилда ГКП тақиқлаб қўйилди.
ХДИ/ХСИ большевизмни ўтмишдаги каби ҳозирги вақтда ҳам Ғарб учун асосий хавф деб ҳисоблар ва унга қарши биргаликда курашга чақирарди. Совет Иттифоқи бутун дунёга хавф солувчи давлат сифатида қараларди ва Ғарб қадриятларини ғимоя қилиш учун Ғарб давлатлари АҚШ “доно” раҳбарлигида бирлашишга даъват қилинарди.
Христиан демократлар ГФРни немис халқининг ягона қонуний вакили деб ҳисоблардилар ва шунинг учун ГДРни “совет оккупация зонаси” деб атардилар. Германия бирлигининг тикланиши унинг шарқий қисмини ғарбий қисми томонидан ютиб юборилиши ҳисобига амалга ошиши керак эди. 1955 йилда ГФР ҳукумати “Хальштейн доктринаси”ни эълон қилиб, унга биноан ГДР билан дипломатик алоқа ўрнатган давлатлар билан ГФР автоматик тарзда дипломатик алоқасини узишини эълон қилди. Фақат СССРга нисбатан бу тартиб жорий қилинмади, К.Аденауэр бу давлат билан зиддиятга киришишни истамади. К.Аденауэр 1955 йилда Москвага сафар қилиб, икки давлат ўртасида дипломатик ва савдо муносабатлари ўрнатилди.
ГФР раҳбарияти томонидан Германия Демократик Республикасини тан олмасликга доимий равишда интилиш ва унинг иқтисодиётини издан чиқаришга уриниш ГДР ҳукумати томонидан 1961 йилда мамлакат пойтахти бўлган Берлиннинг шарқий қисмини Ғарб давлатлари оккупация зонасида бўлган Ғарбий Берлиндан ажратиб турувчи “Берлин девори”ни қуришга ва ундан ўтиш учун алоҳида рухсатнома режимини жорий этилишига олиб келди. ГФР ҳукумати бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади ва ўзининг ГДРга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг асоссиз эканлигини кўрсатди. ГФРнинг ташқи сиёсати қаттиқ мағлубиятга учради. Бу амалда “Аденауэр даври”нинг тугаб бораётганлигидан хабар берарди.
Шу йили К.Аденауэр 85 ёшга тўлган бўлиб, у ХХ асрдаги энг кекса давлат арбоби бўлса ҳам, ҳокимятдан кетишни истамасди. Лекин ХДИ/ХСИ сиёсати ўз имкониятларини тугатиб бўлган ва ўзининг амалий аҳамиятини йўқотиб бўлган эди. Антикоммунизм эндиликда сиёсий дивидендлар келтирмай қўйган эди, партия ўзининг омма билан, энг аввало зиёлилар билан бўлган алоқасини йўқотган эди.
Иқтисодий соҳада ҳам аҳвол ёмонлашди, ишлаб чиқариш соҳасида буюртмалар қисқарди. Умумий бозор аҳолининг иш билан бандлигига, иш ҳақига ва турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатди. Умумий бозор монополиялар мавқеини мустаҳкамлаб, меҳнаткашлар манфаатларига катта зарар келтирди. Чет эллардан арзон иш кучининг кўплаб кириб келиши немис ишчиларининг аҳволини ёмонлаштирди. Бошланиб кетган инфляция иқтисодий ривожланиш асосларини емира бошлади. Мамлакатда иш ташлашлар бошланди, тадбиркорлар бунга оммавий локаутлар билан жавоб берардилар.
Шу билан бирга партия раҳбарларининг кўпчилигининг фашистик ўтмишлари ҳам очилиб қолди. Кўпгина раҳбарларнинг коррупцияга аралашганлиги маълум бўлди. Христиан демократларнинг маънавий обрў-эътиборига катта зарба берилган эди. ХДИ/ХСИнинг мақкеи пасайиб кетди. Бундестагга 1961 йилда бўлиб ўтган сайловлар К.Аденауэр сиёсатидан норозилик кучайганини кўрсатди. Бу сайловларда унинг партияси 1957 йилдагига нисбатан анча кам овоз тўплади. К.Аденауэр фақат ОДП билан биргаликда янги ҳукумат туза олиши мумкин эди, лекин бу партия раҳбарлари Аденауэр канцлер лавозимидан кетсагина коалицион ҳукумат тузишга рози бўлдилар. К.Аденауэр 1963 йил октябрда истеъфога чиқди ва шу билан “Аденауэр даври” ҳам ниҳоясига етди. ХДИ арбоби Л.Эрхард канцлер лавозимини эгаллади.
Янги коалицион ҳукумат ҳам аҳволни сезиларли даражада яхшилай олмади. Умумий бозорга аъзо бўлган шароитда “ижтимоий йўналтирилган бозор хўжалиги” концепциясининг самараси кам бўлиб чиқди. Ташқи сиёсат ҳам кўпчиликнинг норозилигини келтириб чиқарди, бир гуруҳ реваншчилар ва миллатчилардан бошқа ҳеч ким ташқи сиёсатни қўллаб-қувватламади. 1966 йил кузида ХДИ/ХСИ ва ОДП коалицияси тарқалиб кетди, ОДП ҳукуматдан чиқди.
1966 йил 1 декабрга келиб христиан демократлар ва социал-демократлардан иборат коалицион ҳукумат тузилди. ХДИ/ХСИ етакчиси Курт-Георг Кизингер канцлер, ГСДП раҳбари Вилли Брандт вице-канцлер ва ташқи ишлар вазири бўлди. Социал-демократлар биринчи марта ҳокимятга келдилар. 1969 йилдаги сайловларда ГСДП ва ОДП муваффақиятга эришиб, коалицион ҳукумат туздилар, В.Брандт федерал канцлер бўлди. У ички ва ташқи сиёсатда бир қатор ислоҳотларни амалга оширди.
Иш ҳақи ва нафақалар оширилди, корхоналарда тадбиркорларнинг ўзбошимчаликларини чеклаш учун ишлаб чиқариш кенгашлари тузилди, квартира учун ижара ҳақи меъёрлари белгиланди. Коммунистик партия ошкора фаолият олиб бора бошлади.
Ташқи сиёсатда ҳам туб ўзгаришлар юз берди. “Янги шарқ сиёсати” бевосита В.Брандт номи билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилди. У халқаро ҳаётда рўй берган янгиланишлар билан ҳисоблашиш кераклигини эътироф этарди. Европада ўрнатилган чегараларни урушсиз ўзгартириб бўлмасди, бу уруш ядро урушига айланиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам В. Брандт Шарқий Европада фашизм агрессиясидан азият чеккан мамлакатлар, энг аввало Польша, Чехословакия ва СССР билан муносабатларни йўлга қўйиш лозим деб ҳисобларди. Бу йўл ГФРдаги барча ўнг кучларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келсада, В.Брандт уни амалга оширди. 1970 йилда СССР билан ГФР ўртасида битим тузилиб, ГФР мавжуд чегараларнинг бузилмаслигини эътироф этди. Шундай битимлар Польша ва Чехословакия билан ҳам тузилди. ГФР ва ГДР муносабатлари асослари тўғрисидаги битим эса ҳар икки немис давлатининг бутунлиги, мустақиллигини ўзаро ҳурмат қилиш мажбуриятини юклади.
Битимлар тизими Европада янги сиёсий иқлимни юзага келтирди ҳамда Ғарб ва Шарқ ўртасидаги муносабатларни яхшилади. Халқаро сиёсатда юзага келган “детант” даври В.Брандтнинг “янги шарқ сиёсати” билан кучайди. ХДИ/ХСИ блоки бундестагда битимларни ратификация қилинишини барбод қилишга уринди, лекин уларнинг нияти амалга ошмади. Битимлар кучга кирди, аҳолининг катта кўпчилиги “янги шарқ сиёсати”ни қўллаб-қувватлади. Бу ГФР тарихида янги бурилиш бўлди – мамлакат реваншизм (ўч олиш) ва миллатчилик васвасасидан халос бўлди ва дунё мамлакатлари билан яхши, маданийлашган алоқа ўрнатиш йўлига ўтди. буларнинг ҳаммаси тез орада ўз натижаларини кўрсатди. 1972 йилдаги сайловларда ГСДП ва ОДП 54,2 % овоз олдилар, ВюБрандт ҳукумати халқ ишончига сазовор бўлди.
Лекин реакция кучлари В.Брандтни ҳокимятдан четлаштиришга муваффақ бўлдилар. В.Брандтнинг ходимларидан бири ГДР разведкасининг махфий агенти эканлиги маълум бўлиб қолди. Бу нарса унинг ҳокимятдан кетишига асос бўла олмаса ҳам, у коалицияни қутқариб қолиш ва партияни ҳокимят тепасида сақлаб қолиш учун канцлер лавозимидан истеъфо берди. 1974 йил май ойидан ҳукуматни социал-демократ Гельмут Шмидт бошқара бошлади. Ҳукуматнинг ўзгариши ГФР сиёсатида ўзгаришга олиб келмади.
80-йилларга келиб иқтисодий ўсиш суръатлари пасайди ва 1981-1982 йиллардаги иқтисодий инқирозга айланди. Ишсизлар сони 2,5 млн. кишига етди. Аҳолининг харид қуввати пасайиб кетди. 1982 йил кузида ҳукмрон коалиция тарқалиб кетди. ОДП ГСДП билан коалиция тузишдан бош тортди ва ХДИ/ХСИ билан блок тузди. Г.Шмидт истеъфога чиқди. ХДИнинг янги раҳбари Гельмут Коль янги федерал канцлер қилиб сайланди.
ХДИ аввалги хато ва мағлубиятлардан тегишли хулосалар чиқариб олди. Г.Коль ва партиянинг янги раҳбарияти реваншистик-милитаристик қарашлардан узоқ бўлиб, мавжуд вазиятга соғлом кўз, хушёрлик билан баҳо бера олардилар. У 1982 йилда канцлер лавозимини эгаллади ва 1983 йилдаги сайловларда ғалаба қозонди. 1987 йилдаги сайловлар Г.Колга яна ғалаба ва немис халқи ичида оммабопликни келтирди. У халқ ишончига эга бўлган канцлер сифатида икки Германияни бирлаштириш юзасидан бевосита музокаралар олиб бора бошлади. 1989 йил кузида Шарқий Европада коммунистик тартиботлар емирила бошлангач, ГДРдан оммавий равишда ГФРга қочиб ўтишлар бошланди.октябрь охирида ГДРнинг Э.Хонекер бошчилигидаги ҳукумати истеъфо берди ва немис халқи 1989 йил 9 ноябрда Берлин деворини бузиб ташлади. 1990 йил 3 октябрда ГДР ва ГФР бирлашиб, ягона Германия давлати ташкил топганлиги эълон қилинди. Г.Коль Германиядаги энг машҳур давлат арбоби бўлиб қолди. У бирорта ҳам ўқ узилишига йўл қўймасдан, Россия билан дўстона муносабатларни сақлаб қолган ҳолда Германияни бирлаштирди. 1990 йилдаги сайловларда ХДИ/ХСИ блоки 662 ўриндан 319 тасини эгаллади, ОДП 79 ўринга, ГСДП 239 ўринга эга бўлди. Г.Коль ҳукумати бирлашган Германиянинг биринчи ҳукумати бўлди.
3. Германия иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагач, унинг шарқий ҳудудлари (майдони 1о8 минг кв.км. аҳолиси 17 млн.киши) Совет оккупация зонасига айлантирилди. Совет давлати бу ердаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётни изга солиш йўлидан борди. Берлин Совет оккупация зонасида жойлашган эди, лекин Потсдам конференцияси қарорларига биноан у ҳам 4 зонага ажратилган бўлиб, ғолиб давлатлар томонидан эгаллаб олинган эди. Бу ерда фашист ҳарбий жиноятчилари сақланаётган Шпандау турмаси жойлашган эди.
Шарқий Германияда 1945 йил июнь-июль ойларида асосий сиёсий партиялар – ГКП, ГАДП, ХДИ, ГЛДП (Германия Либерал Демократик партияси) ташкил топган эди. 1946 йил апрелида ГКП ва ГСДП бирлашиб, Германия бирлашган социалистик партиясини (ГБСП) ташкил қилдилар. Германияда социализм қуриш партиянинг асосий мақсади бўлиб, сталинча намунадаги марксизм-ленинизм унинг ғоявий-сиёсий тамойиллари эди.
ГСҲМ (Германиядаги Совет ҳарбий маъмурияти) буйруғи бўйича Герман монополияларининг, ҳарбий жиноятчиларнинг мол-мулклари экспроприация қилинди ва шу асосда давлат мулки асослари яратилди. ГБСП етакчилигида маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ташкил этилди. 1947 йил декабрда I Немис халқ конгресси бўлиб ўтди. 1949 йил майда III Немис халқ конгресси Германиянинг урушдан кейинги тузилишини белгилаб берувчи конституция матнини маъқуллади. 1949 йил 7 октябрда Германия Демократик Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Унда деярли барча раҳбарлик лавозимлари ГБСП вакиллари томонидан эгалланган эди. Вильгельм Пик президент, Отто Гротеволь Бош вазир бўлди. Конституцияда давлат ҳокимяти асоси сифатида пролетариат диктатураси ўрнатилганлигини эътироф этди. Аста-секин ГБСПдан бошқа партиялар тугатила бошланди.
ГДР раҳбарияти социализмнинг сталинча моделини жорий қилишга киришдилар. Социализм қуриш асосий вазифа деб эълон қилинди. СЕПГнинг III съезди 1950 йил июлда мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг 5 йиллик режасини эълон қилди. Машина-трактор станциялари ва қишлоқ хўжалик кооперативлари ташкил қилиш бошланди. Беш йиллик давомида 79 корхона қайта тикланиб, 100 та янги корхона қурилди. Буларнинг ҳаммаси дастлабки даврда катта таасурот қолдирди.
Лекин тез орада ГДРда бундай улкан қурилишларни амалга ошириш учун имкониятлар йўқлиги маълум бўлди. Маблағ топиш учун ижтимоий соҳаларга қилинадиган харажатларни қисқартиришга тўғри келди. Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари карточка орқали тарқатилар, иш ҳақи жуда паст эди. Колхозларнинг ташкил этилиши ГДР иқтисодиётини батамом ҳалокатга олиб келди.
ГФРда юз берган иқтисодий юксалиш, турмуш фаровонлигининг ошиши Шарқий Германия аҳолисида норозиликни келтириб чиқарди. Бу эса 1953 йил 16-17 июндаги мавжуд тузумга қарши исёнга айланиб кетди. Бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашлар, намойишлар авж олди. Катта шаҳарларда магазинларни талон-тарож қилдилар, ГБСП қўмиталарига, полиция участкаларига, қамоқхоналарга ҳужум қилинди. Лекин Совет қўшинлари ГДРда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, исёнчиларга қарши танклар, ҳарбий қисмларни юборди. Уч кундан кейин исён бостирилди, 10 минг киши қамоққа олинди, 20 намойишчи суд ҳукми билан отиб ташланди. Бу чиқишлар “ГФРлик жосуслар” томонидан амалга оширилган “фашистик исён” деб баҳоланди.
Шунга қарамасдан ГДР раҳбарияти бир қатор ён беришларга мажбур бўлди: аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган товарларни ишлаб чиқариш кўпайтирилди, нархлар анча пасайтирилди, СССР эса репарация тўловларини олишдан воз кечди. 50-йиллар давомида “социализациялаштириш” амалга оширилди, натижада жами саноат миллийлаштирилди ва хусусий сармоя йўқ қилинди. Қишлоқ хўжалигида оммавий коллективлаштириш бошланди. 1960 йил “қишлоқда социалистик баҳор” деб эълон қилинди, унинг оқибатида эркин фермерчилик тугатилиб, унинг ўрнига қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилди. 1960 йилда қишлоқ хўжалигидаги жами ерларнинг 84 %и колхозлар томонидан ишланарди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида иқтисодий инқироз бартараф этилди ва миқдорий кўрсаткичлар анча яхшиланди. 1960-1983 йиллар давомида саноат ялпи маҳсулоти 3,5 марта кўпайди. ГДР ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёнинг саноати ривожланган 10 давлати қаторига кирди ва шу кўрсаткич бўйича Европада 5-ўринни эгаллади. Лекин корхоналарнинг кўпчилиги кўрсаткич учун ишларди ва уларнинг кўпчилиги рентабелсиз корхоналар эди. Бу эса охир оқибатда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмасди.
70-йилларда ГДР раҳбариятида ўзгариш юз берди. 1971 йилда Эрих Хонеккер (1912-1995) ГБСПнинг биринчи котиби қилиб сайланди. У 1976 йилда Бош вазир лавозимини эгаддагач ГДР ички ва ташқи сиёсатини ўзгартириш йўлини тутди.
Э.Хонеккер бир қатор тадбирларни амалга ошириб, мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга ва аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга эришди. Лекин фурсат бой берилган бўлиб, бу тадбирлар мамлакатнинг бундан кейинги ривожланишига таъсир кўрсата олмади. У энг аввало иқтисодий аҳволни яхшилаш керак деб ҳисобларди. Лекин бу асосийси эмас эди. Халқ демократия берилишини талаб қиларди. Бутун мамлакат бўйлаб митинглар, намойишлар ўтказилиб, демократик ислоҳотлар амлга оширилиши, ҳақиқий эркин умумий сайловлар ўтказилиш талаблари илгари суриларди. Аҳолининг оммавий равишда мамлакатдан қочиши юз бермоқда эди. 1970 йилдан 1980 йилгача бўлган 10 йил давомида ГДРдан деярли 1 миллионга яқин одам ГФРга қочиб ўтди. ГДР ҳукумати чегараларни тиконли сим билан ёпиб қўйди.
1989 йилнинг кузи Шарқий Германия тарихида бурилиш йили бўлди. Шу йилнинг 7 октябрида ГДР ташкил топганлигининнг 40 йиллиги нишонланар эди. Аммо айни шу юбилейда ижтимоий портлаш юз берди. 7,8,9 октябрь кунлари ГДР шаҳарларида ўн минглаб аҳоли кўчаларга чиқиб, оммавий намойишлар ўтказиб, Э.Хонеккерни истеъфога чиқишини, ГБСП ҳокимятини йўқ қилинишини ва Германияни бирлаштирилишини талаб қилиб чиқдилар. Ҳукумат халқ билан мулоқот олиб бориш ўрнига унга қарши куч ишлатди, намойишлар тарқатиб юборилди, 3 минг киши қамоққа олинди.
Лекин бу тадбирлар ҳукумат сиёсатига ва мавжуд тузумга қарши бўлган ҳаракатни тўхтата олмади. 1989 йил 4 ноябрда Берлин кўчаларига 500 мингдан кўпроқ киши чиқди. Намойишчилар Германияни бирлаштириш талабини илгари сурдилар.
1990 йил кўппартиявийлик асосида ўтказилган сайловларда ХДИ 41 5 овоз тўплаб, ғалаба қозонди, социал-демократлар 21 %, Демократик социализм партияси (собиқ ГБСП) 16 % овоз тўпладилар. ХДИ ва социал-демократлардан иборат коалицион ҳукумат тузилди, ГДРда шу тариқа тоталитар тузумнинг сиёсий аппарати синдириб ташланди. Янги ҳукумат Германияни бирлаштириш масаласини илгари сурди. СССР ва ГФР ўртасида Германия масаласини ҳал этиш бўйича музокаралар бошланди, 1990 йил 12 сентябрда ГФР канцлери Г.Коль ва СССР президенти М.Горбачев Германия ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш тўғрисидаги Битимни имзоладилар. 1990 йил 3 октябрда ягона Германия давлати ташкил топди.
ГЕРМАНИЯ ДАВЛАТИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ.
Расмий номи – Германия Федератив Республикаси
Пойтахти – Берлин
Ҳудуди - 357 041 квадрат км.
Аҳолиси – 82 200 000 (2001 й)
Давлат тили – немис
Дини – хритианлик
Пул бирлиги - евро
Давлат тузилиши ва бошқарув шакли – республика
Do'stlaringiz bilan baham: |