Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш.
17 карта важнейшие орнитологические территории Узбекистна
Ўзбекистон ҳайвонлари ўсимликлар каби, 20-асрнинг 2-ярмида муҳофазага муҳтож бўлиб қолди. Бунинг асосий сабаблари – аҳоли ўз хўжалиги билан барча зоналар ичига тобора чуқур кириб бориши, табиий ландшафтларнинг маданий ландшафтлар билан алмашиниши, ҳайвонлар экологик муҳитининг тобора ёмонлашуви ва, ниҳоят, ҳайвонларни овлашнинг илмий асосланган тартибига қатъий риоя этмасликдир.
Табиий ва илмий манбаларда кўрсатилишича, ўтган асрнинг бошларида Fарбий Тяншан тоғ тизмаларида, Жанубий Ўзбекистоннинг Боботоғ, Кўҳитангтоғ, Бойсунтоғ, Ҳисор тизмаларида сони кескин камайиб кетган ҳайвонлардан илвирс, қоплон, бухоро тоғ қўйи, кўксуғур, қизил бўри, тяншан оқ тирноқли айиғи, йўл-йўл сиртлон, туркистон силовсини, тоғ қўйлари, қизилқум қўйи ва б.ни тез-тез учратиш мумкин эди. Эндиликда бу ҳайвонларнинг аксарият қисми қўриқхоналарда махсус кўпайтирилмоқда.
Ўтган асрнинг ўрталаригача кенг тарқалган қушлардан болтаютар, дашт лочини, пушти сақоқуш, бирқозон, жажжи оққуш, мармарчуррак, оқбош, ўрдак, бургутнинг тўрт тури, қумой, қиронқора, лочин, итолғи, бизғалдоқ жуда камайиб кетди. Кўплаб ҳайвонларнинг экологик макони бўлмиш текисликдаги тўқайларнинг ва тоғдаги ўрмонларнинг қисқариб кетиши ёввойи ҳайвонларнинг қирилиб кетишига олиб келди.
Ўлкадаги табиий экологик шароитнинг ёмонлашуви ва инсон омилининг бевосита таъсирида бир вақтлар табиатда эркин яшаган турон йўлбарси, қизил тулки, сиртлон, хачир каби ҳайвонлар бутунлай йўқолиб кетди. Ўрта Осиё қоплони, олд осиё қоплони, чипор сиртлон (пўлта), устюрт қўйи, қора лайлак, тувалоқ, шипун оққуши, қум чарх илони, ўрта осиё кобраси, узундум бургут каби нодир ҳайвонлар бутунлай тугаб кетиш хавфи остида турибди. Устюрт қўйи, бурамашох қўй (морхўр), ўрта осиё қундузи, оққуш, йўрға тувалоқ, куланбаур, чипор калтакесак каби ҳайвонларнинг ҳам тугаб кетиш хавфи кучли. Кейинги вақтда афғон майнасининг кўпайиб кетиши оқибатида булбул, қалдирғоч, читтак, хатто чумчуқлар ҳам анча камайиб кетди.
1997 йилда Ўзбекистонда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш ҳақида» қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 й. 1 апрелдаги 139-сон қарори билан «Биологик ранг-барангликни сақлашнинг миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон «қизил китоби»га умуртқали ҳайвонларнинг нодир ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган жами 63 тури ва кенжа тури киритилган бўлиб, улар орасида 22 тур сутэмизувчи ҳайвон, 31 тур қуш, 5 тур судралиб юрувчи ҳайвон ва 5 тур балиқ бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |