3-БОБ. АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ РИВОЖЛАНИШИНИНГ ГЕОГРАФИК МУАММОЛАРИ ВА ИМКОНИЯТЛАРИ 3.1. Андижон вилоятида қишлоқ хўжалиги тармоқлари ривожланишининг асосий муаммолари
Андижон вилояти деҳқончилиги жуда кўп тармоқлардан иборат бўлиб, уларнинг асосийларига дон ва дуккакли, техник, картошка, сабзавот, озиқбоп полиз, мевачилик ва бошқалар киради. Унинг ҳудудий хусусиятларига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан, шаҳар атрофи жойларида яхши ташкил этилган. Мазкур ҳудудларда Андижон, Асака, Шаҳрихон туманлари киради.
Вилоят зироатчилиги динамикасида ҳам бир қатор ўзгаришлар юз берган. Дон ва дуккакли экинлар миқдори 2010 йилда 608 минг тоннадан сал ортиқроқ бўлган. 2020 йилга келиб эса 646 минг минг тоннадан ошди, ёки 6 фоизга кўпайди. Мазкур экинлардан асосийлари буҳдой ва арпа миқдорида кузатилаётган йилларда озроқ камайишини кузатиш мумкин (0,92 %). Умуман олганда буғдой бошқа дон экинлардан анча кўпроқ етиштирилади (511824 тонна), яъни умумий миқдорнинг деярли 80 фоизини ташкил қилади. Арпа етиштириш эса тўрт бараварга камайган. 2010 йил 791,2 тоннадан 195 тоннагача тушди. Жавдар фақат 2018 ва 2019 йилларда етиштирилган. Бошқа дон экинларидан фарқли равишда маккажўхори ҳосили 2 баробарга ошиб, 35,6 минг тоннадан 71,6 минг тоннага етказилди. Оқжўхори ҳамда маржумак худди жавдарга ўхшаб фақат 2018 ва 2019 йилларда экилган. Шоли етиштириш ҳам деярли уч мартага оширилди (13,7 минг тоннадан 35,1 минг тоннагача). Вилоятда сўнгги йилларда дуккакли экинлар ҳосилдорлиги ошиб бормоқда (2010 йил 1298 тонна, 2020 йил 27134 тонна). Булардан нўхат ҳамда ловия 2018 йилдан мунтазам етиштириб келинмоқда. Дон экинларининг камайиши кўпроқ экин майдонининг ўзгариши билан боғлиқ бўлиб, унинг ўрнини дуккакли экинлар ва қисман маккажўхори эгалламоқда. бунинг асосий сабаби сифатида давлат режаси ёки иқтисодий талабнинг ўзгаришини келтириш мумкин.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланишда маъмурий-ҳудудий муаммолар алоҳида ўрин тутади. Маъмурий-ҳудудий муаммолар, аввало, Фарғона водийсининг иқтисодий-географик ҳолати билан белгиланади. Фарғона водийсидаги 90-92 фоиз сув ресурслари қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш, Жалолобод ва Боткент вилоятлари ҳудудларида ҳосил бўлади. Мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш эса ҳар икки давлат ўртасидаги сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни тартибга солувчи давлатлараро шартномалар билан боғлиқ.
Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларида (Андижон, Андижон, Фарғона) суғорма деҳқончиликнинг ривожланиши нафақат Норин ва Қорадарё, балки Қирғизистон ҳудудидан оқиб ўтувчи кўплаб бошқа маҳаллий дарё ва сойлардаги сув режимига ва миқдорига ҳам боғлиқдир. Мустақиллик йилларида Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткент вилоятларида деҳқончиликнинг сезиларли ривожланиши ҳам Андижон, Андижон ва Фарғона вилоятлари чегарадош ҳудудларида сув тақчиллигини кучайиб боришига ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини ёмонлашувига олиб келмоқда.
Фарғона водийси вилоятлари учун мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни давлатлараро кўламда, халқаро меъёрларга мос қонуний-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш асосида ҳал этиш ҳаётий зарурият бўлиб қолмоқда. Айни вақтда, минтақа сув ресурсларининг умумийлигини (Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон) ҳисобга олган ҳолда мавжуд ер ресурсларини аниқлаш ва уларнинг истиқболда ўзлаштирилишга доир давлатлараро контсепцияни ишлаб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ [30].
Сув хўжалиги ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу муаммолар жуда мураккаб ва кўп қирралидир. Бевосита ер ва ер фондидан самарали фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация (суғориш) ва дефляция (шамол) эррозиясига қарши чора-тадбирларни амалга ошириш, иқтисодий тежамкор усулларни қўллаш (ёмғирлатиб ва томчилатиб ва ҳ.к), шунингдек, ер ости сувларининг кўтарилиш динамикаси, минераллашув даражаси, тупроқларнинг шўрланиши ва иккиламчи шўрланиши, тупроқ бонитети ва уни яхшилаш тадбирлари, суғориш тизимидаги муҳандис, техник ва ишчилар иш хақлари ва ижтимоий муҳофаза масалалари, молия-кредит муносабатлари билан боғлиқ иқтисодий механизмларни такомиллаштиришни тақозо қилади.
Шу нуқтаи назардан иқтисодий муаммолар иккига яъни иқтисодий-табиий ва иқтисодий-техник йўналишларга айланиши мумкин. Шунингдек, иқтисодий-табиий йўналиш яъни мавжуд дарё ва сойлар, сув омборларида сув оқими режимини доимий мониторинги, сув ресурслари ва уни ҳавзалар (ҳудудлар) бўйича мажмуали баланси (тарихий-географик истиқболли башорати) ҳисоб-китобини қилишдан иборат. Айни вақтда, вилоят ва туманлар бўйича ер ости сувлари заҳираларини, уларнинг сифат кўрсаткичларини қишлоқ хўжалиги ва бошқа иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва балансини тузиш, ишлаб чиқариш-сув баланси асосида ҳар бир дарё, маҳаллий сой ва дарёлар, ер ости сувлари, ҳавза ирригация раёни ва ҳудудлари бўйича сув таъминотининг мавжуд имкониятларини ўрганиш ва сув билан таъминлашнинг истиқболини баҳолаш ҳам муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳавза, ирригация тумани ва ҳудудлари бўйича сув ресурслари ҳажми, динамикаси, фойдаланиш жараёнлари ва ўзгаришларни таҳлил қилиб бориш; иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмалари ва бошқа соҳалар, аҳоли истеъмоли бўйича жорий ва истиқболли таҳлилларини амалга ошириш, сув истеъмолчиларини «сувни тежаш»га ундовчи бозор механизмлари (баҳо белгилаш, рағбатлантириш, жазолаш ва бошқ.) ва тамойилларини жорий қилиб боришни назарда тутувчи илмий асосланган меъёрларни ишлаб чиқиш, иқтисодиётнинг сувга эҳтиёжларини тўла қондиришга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодий-техник йўналиши эса сув хўжалиги иншоотларини техник ҳолатининг таҳлили орқали аниқлаб олинади. Мазкур иншоотларнинг ишчи ҳолатини сақлаш, жорий ва капитал таъмирлаш, қайта жиҳозлаш, сув омборлари, магистраль каналлар (давлатлараро ва ҳудудлараро), коллектор-дренаж тизимлари, насос станциялари, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш иншоотлари самарали фаолиятини таъминлаш техник жиҳатга эга бўлишидан ташқари, бу тадбирларнинг ким томонидан ва қай даражада молиялаштиришга ҳам боғлиқ.
Кейинги йилларда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавзасида Андижон сув омбори сувларидан фойдаланиш билан боғлиқ иқтисодий-экологик муаммолар ҳам юзага келди. Маълумки, Андижон вилояти экин майдонларига Андижон сув омборидан келаётган сув кейинги 15-20 йилда тобора совуб, ўртача ҳарорати олдинги йилларга нисбатан 5-6 даража паст ва тиниқ ҳолда келмоқда. Сабаби-сув омборида тўпланиб, тиндирилган сувни унинг остидан оқиб чиқишидир. Натижада, барча турга мансуб бўлган экинлар бу совуқ сувни етарли миқдорда ўзлаштира олмаслигига, экинларнинг айниқса, пахтанинг меъёридан кеч пишишига олиб келмоқда, ҳосилдорлик даражасига ва тола сифатига салбий таъсир этмоқда.
Жумладан, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Андижон туманларидаги боғдорчилик, узумчилик ва мевачиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхоналари, агрофирмалар, фермер ва деҳқон хўжаликларида ҳам совуқ ҳолдаги сувнинг салбий оқибатлари яққол сезилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, сув омборининг тагидан келаётган сувнинг таъсирида ўсимлик учун самарали ҳарорат йиғиндиси қисқарган, пахтанинг пишиб етилиш муддати 20-25 кунга кечикмоқда, ҳосилдорлик эса 25-30 фоизга камайиб бормоқда. Агар бундай жараён давом этаверса, вилоятда суғорма деҳқончилик катта зарар кўриши мумкин [30].
Шунингдек, иқтисодий-экологик жиҳатдан сув ресурсларини тежаш ва самарали фойдаланишда муҳим заҳиралар мавжуд. Маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил мобайнида суғориладиган майдонларда деярли капитал текислаш, шудгорлаш ва бошқа агротехник тадбирларда янги техника ва технологиялардан етарли даражада фойдаланмаслик оқибатида (суғориладиган ерлар нотекислиги меъёрий кўрсаткичлар бўйича 3-10 см. ўрнига амалда 20-30 см.) тупроқнинг намланиши ва сувнинг ўсимлик илдизига етиб бориши учун ортиқча сув сарфланмоқда.
Республикамизда минг йиллар мобайнида жўяклаб суғориш технологияси амал қилган. Жўяклаб суғориш технологиясининг фойдали иш коэффициенти 0,59-0,70 га тенгдир. Умуман олганда, мамлакатимиз бўйича сув манбаларидан олинган 24146 млн. м3 сув беҳуда исроф бўлмоқда, шунингдек магистраль каналларга -20,4 фоизи, ички хўжалик шаҳобчаларига -34,4 фоизи, бевосита далаларга-31 фоизи тўғри келмоқда. Натижада, экинлар илдиз қатламини таъминлаш учун сув манбаидан олинган сувнинг бор-йўғи 30-35 фоизи етиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги Фармонида замонавий агротехнологияларни такомиллаштириш ва уларни қишлоқ хўжалигига жорий этиш, ирригация тизимларини бошқаришнинг маъмурий-ҳудудий тамойилларидан ҳавза тамойилига ўтишни кўзда тутувчи сув ресурсларини бошқариш, шунингдек, суғорма деҳқончиликда сувдан фойдаланишнинг бозор тамойилларини тўлиқ тадбиқ қилиш, ирригация ва мелиорацияни ривожлантириш ва ер унумдорлигини ошириш каби қатор йўналишларда тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Шунингдек, тадқиқотларнинг кўрсатишича, суғориш учун фойдаланилаётган сув йўқотилишини камайтириш мақсадида:
- ички хўжалик ва магистраль каналларда сувнинг ортиқча шимилиши ва буғланиб кетишини олдини олиш;
- юқори меъёрда суғориш ёки қишлоқ хўжалиги корхоналарини сувдан ўз вақтидан фойдаланмаслиги оқибатида сувнинг беҳуда оқизиб юборилишига барҳам бериш;
- сизот сувлари, ерларнинг шўрланиш даражасининг ортишини ва тупроқ таркиби бузилишини келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдини олиш ва сувдан фойдаланишда қатъий ҳисоб-китоб юритишини йўлга қўйиш орқали сувдан фойдаланиш коэффициентининг кўтаришга эришиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади.
- коэффициентининг кўтаришга эришиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади.
Техник экинлардан асосан тамаки етиштирилади, бироқ унинг миқдори ҳам йилдан-йилга камайиб борди, яъни 77 тоннадан 8 тоннагача камайди. Мойли экинлардан ерёнғоқ етиштириш анча ўсди (84 тоннадан 1560 тоннагача). Картошка етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилиб, таҳлил қилинаётган йилларда 169,5 минг тоннадан 376,1 тоннагача ўсди. Бошқа сабзавот экинлари ҳосили ҳам мунтазам ўсиб борди. Жумладан, саримсоқ пиёз 2010 йилда 6233 тоннага етказилган бўлса, 2020 йилга келиб, 56248 тонна бўлди (кўпайиш 903 %). Ўз навбатида бодринг 3,08 баравар (36,3 мингдан 111,7 минг тоннагача), пиёз 2,5 баравар (73,1 мингдан 182,8 минг тоннагача), помидор 2,2 бараварга (271,3 мингдан 510,8 минг тоннагача) ошди. Бақлажон ва қалампир 2018 йилдан буёнетиштириб келинмоқда.
Полиз экинлари ҳам 64,9 минг тоннадан 169,5 минг тоннага оширилди (2,6 баравар). Мевалар ва резаворлар етиштириш ҳам сўнгги 10 йилликда 1,7 бараварга кўпайди (358,9 минг тоннадан 634 минг тоннагача). Булардан уруғли мевалар 1,6 бараварга (184,3 минг тоннадан 303,8 минг тоннагача), данакли мевалар 133,2 минг тоннадан 229,4 минг тоннага (1,7 баравар), ёнғоқлар 8615,7 минг тоннадан 41604 тоннага (4,8 баравар), субтропик мевалар 31,6 минг тоннадан 54,1 минг тоннага (1,7 баравар), резаворлар 1162 тоннадан 1916 тоннагача (1,6 баравар) ҳамда цитрус мевалар 3 тоннадан 3271 тоннага етказилди. Айниқса сўнгги йилларда минтақага унчалик хос бўлмаган мевалар (субтропик ва цитрус мевалар) етиштириш кўпайди. Сабаби сўнгги йилларда ушбу меваларга талаб ошиб бормоқда. Бунинг фойдалани жиҳатлари, биринчидан экспорт харажатларини камайтирса, иккинчидан уни янги ҳолида истеъмол қилиш мумкин бўлади. Уруғли мевалардан олма,нок ва беҳи етиштириш асосан 2017 йилдан сўнг амалга ошира бошланди. Данакли мевалардан олхўри, олча, гилос, ўрик ҳамда шафтолидан сўнгги 3 - 4 йилликда мунтазам ҳосил олинмоқда. Умуман олганда, барча меваларда шу ҳолат кузатилади. Бироқ узум ҳамда майиз вилоятда аввалдан етиштириб келинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |