Биринчидан, қабул қилинган қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга ўз вақтида етказишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилади:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг амалий ташкилий-ҳуқуқий механизмлари;
ҳуқуқий ахборотни тарқатишга масъул бўлган давлат органлари ва уларнинг ваколатлари;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан сўнг уларнинг фойдаланувчигача етказиш босқичлари;
қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг концепциялари, тушунтириш хатларини эълон қилиш тартиби ва бошқалар.
Иккинчидан, фуқаро, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, давлат органлари ходимлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш самарадорлигини таъминловчи механизмларни такомиллаштириш ва бу борадаги муносабатларни тартибга солиш имконини беришга қаратилган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури лойиҳаси тайёрланади ва қабул қилинади.
Учинчидан, ҳуқуқий ахборотни ўз вақтида ҳамда сифатли етказиш мазкур вазифа юклатилган давлат органлари ахборот хизматларининг ҳамкорликда фаолият юритишлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ушбу фаолиятни режа асосида, мувофиқлаштирилган тарзда амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Аҳолининг фаол фуқаролик позициясини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онгини янада юксалтириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Тўртинчидан, тарғибот тадбирларининг самарадор шакли бўлиб, бевосита жойларга чиққан ҳолда аҳолининг турли қатламлари билан ўтказиладиган жонли мулоқот ҳисобланади. Шу сабабли давлат органлари ОАВдан қилинадиган чиқишлардан ташқари асосий эътиборни мазкур турдаги тарғибот тадбирларига қаратишлари мақсадга мувофиқдир. Барча давлат органлари томонидан маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, корхона, ташкилот ва идораларда жамият ҳаётидаги долзарб муаммолар муҳокамаси, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида тизимли равишда учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Бешинчидан, қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш нуқтаи назаридан Адлия вазирлиги тузилмасини қайта кўриб чиқилади, қонун ҳужжатлари миллий электрон базасини қўшимча маълумотлар билан тўлдириш ва аҳолига эркин фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиш масаларини назарда тутадиган “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шу асосда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-2761-сон қарори қабул қилинди. Унда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, шунингдек тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш ва ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг муҳим вазифалари белгилаб берилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |