Адвокат даъвогарга маънавий ва/ёки жисмоний азоблар етказилгани фактини исботлаш учун қуйидаги далилларни тақдим этиши мумкин:
суднинг оқлов ҳукми нусхасини;
жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини;
маъмурий жавобгарликка тортилган қарорнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор нусхасини;
олди-сотди шартномасини;
маҳсулот чекини;
касса чекини;
гувоҳларнинг ёзма ва оғзаки кўрсатмаларини;
эксперт хулосасини;
ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги ҳақидаги далолатнома нусхасини;
йўл ҳаракати ҳодисаси содир этилганлиги тўғрисидаги баённома нусхасини;
жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми нусхасини;
вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахслар ва унинг оила аъзолари тўғрисида маълумотномани;
оммавий ахборот воситасида чоп этилган маълумотларни;
телевидение кўрсатувининг ёзувларини;
иш жойидан тавсифномани;
меҳнат жамоаси йиғилиши баённомасини;
давлат бошқаруви, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат бирлашмалари мансабдор шахсларининг актлари нусхасини;
даъвогарнинг бирор бир ҳаракатни содир этиш тўғрисида ёзма мурожаатини;
жавобгарнинг бундай ҳаракатни содир этишни рад этиш тўғрисидаги ёзма жавобини;
агар рад жавоби оғзаки бўлса – томонларнинг тушунтиришлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини;
рад жавоби ҳам берилмаган ва ҳаракат ҳам содир этилмаганда –томонларнинг тушунтиришларини.
Жавобгарнинг, даъвогарнинг номулкий ҳуқуқлари ва номоддий неъматларини камситувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни аниқлаш томонларнинг тушунтиришлари, тиббий карта, эксперт хулосаси ва бошқа ҳаракатларни содир этиш орқали амалга оширилади.
Маънавий ва/ёки жисмоний азоблар нимада намоён бўлиши ва маънавий зиённи қоплаш миқдорини исботловчи далиллар ўзаро боғлиқлиги сабабли, бундай исботлаш фактлар рўйхатига томонларнинг тушунтиришлари, экспертларнинг хулосалари, даволаш муассасасидан олинган маълумотнома, касаллик тарихидан кўчирма, жавобгарнинг ойлик маоши тўғрисида маълумотнома, жавобгарнинг даромадлари тўғрисида декларация, даъвогарнинг оила аъзолари тўғрисида маълумотнома, даъвогарнинг қарамоғидаги шахслар тўғрисида маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни қўшиб қўйиш орқали тасдиқланади.
Адвокат даъвогарнинг бошидан кечирган маънавий зиёни ва жавобгарнинг ноқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини ҳам исботлашга мажбур. Сабабий боғланишнинг мавжудлиги эса фуқаро азобни қайси вақтдан бошлаб ўз бошидан кечираётганлигини исботлашда ифодаланади, агар азоб жисмоний бўлса, унда сабабий боғланиш эксперт хулосаси билан ҳам тасдиқланиши лозим.
Исботлаш предметининг кейинги факти бу зарар етказувчи айбининг даражасидир. Бу ҳолат фақат маънавий зиённи қоплашда айб асосий мезон бўлгандагина қўлланилади. Маънавий зиённи қоплашда айб асосий мезон бўлган ҳолатларда жавобгар исботлашнинг барча усулларидан фойдаланган ҳолда ўзининг айби мавжуд эмаслигини исботлаши керак.
Адвокатдан эса айб қандай даражада эканлигини, ҳаракат (ҳаракатсизлик) қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилганини ва бошқа ҳолатларни исботлаб бериши талаб қилинади. Шунингдек, у жабрланувчига жисмоний ва маънавий азоблар етказилгани фактининг тасдиғини, азоблар қандай ҳолатларда ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) орқали етказилганлигини, зарар етказувчининг айб даражасини, жабрланувчи қандай маънавий ва жисмоний азоблар тортганини, зиённи қоплашнинг баҳосини ва низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларга оид далилларни судга тақдим этиши зарур.
Маънавий зиён етказилиши ҳар бир ҳолатда ўзига хос хусусиятларга эга бўлишини назарда тутсак, ишнинг ҳолатидан келиб чиқиб, судда адвокатдан биз юқорида санаб ўтган исботлаш воситаларидан ташқари қўшимча далил-исботлар ҳам талаб қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
Сўнгги тавсиямиз маънавий зиённи ундиришга доир даъволарга энди дуч келаётган ёш адвокатларга тегишли: нозикроқ жиҳатлар устида тажрибали ҳамкасбларингиз ва устозларингиз билан бамаслаҳат иш тутганингиз маъқул. Бу сизга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаро учун ҳам, профессионал камолотингиз учун ҳам муҳимлигини ёдда тутинг.
Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, даъвогар А. жавобгарлар — масъулияти чекланган жамият ва М. га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 50 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни сўраган.
Туманлараро суднинг ҳал қилув қарори билан А. нинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, масъулияти чекланган жамият ва М. дан солидар тартибда А. нинг фойдасига 5 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган.
Вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 18 январдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, масъулияти чекланган жамият ва М. дан солидар тартибда А. нинг фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундириладиган бўлган.
Аниқланишича, 2017 йил 15 май куни соат 11.30 ларда жавобгар М. масъулияти чекланган жамиятга тегишли юк ташувчи автоуловни бошқариб кетаётган вақтида автомашинанинг орқа ўнг ғилдираги чиқиб кетиб, йўл четида кетаётган даъвогарнинг 1989 йилда туғилган ўғли Ҳ. га урилган.
Оқибатда йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва Ҳ. воқеа жойида вафот этган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисасига «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 4, 11, 12 ва 53-бандлари юзасидан масъулияти чекланган жамият автотранспорт воситасини йўлга чиқаришдан олдин техник созлиги, тозалиги ва тўлиқ жиҳозланганлигини текширмаслиги сабаб бўлган.
Бу қилмиши учун жавобгар М. жиноят ишлари бўйича туман судининг 2017 йил 16 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ҳамда манфаатдор шахсларга маънавий зарарни ундириш ҳуқуқи тушунтирилган.
Судлар иш ҳолатлари ва Фуқаролик кодексининг 985, 1021, 1022-моддаларига асосланиб, даъвогар А. га маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган.
Суд Фуқаролик кодексининг 999-моддасига биноан, фуқаровий жавобгарликни — ушбу ҳодиса жавобгар М. нинг бевосита хатти-ҳаракатлари туфайли содир бўлиши билан бирга, тегишли автомашина мулкдори — масъулияти чекланган жамиятнинг ҳаракатсизлиги оқибатига ҳам боғлиқлиги боис — солидар белгилаш ҳақида хулосага келган.
Шундай бўлса-да, биринчи инстанция суди содир бўлган воқеа ва унинг натижаси бўйича маънавий зарар оқибатига объектив мезонлар асосида баҳо бермаган. Шунинг учун маънавий зарар миқдорини кам белгилаган.
Хусусан, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, содир бўлган воқеа туфайли Ҳ. ушбу ҳуқуқдан маҳрум бўлган.
Даъвогар А. нинг даъво аризасидаги важлар ва судлардаги тушунтиришида аниқланишича, марҳум Ҳ. даъвогарнинг ёлғиз ўғли бўлган, автоҳалокатдан уч ой олдин эса, даъвогарнинг қизи бевақт вафот этган. Ушбу мудҳиш воқеалар оқибатида даъвогар А. нинг турмуш ўртоғи фарзандлар доғида изтироб чеккани туфайли доимий даволаниб келган.
Олий суд Пленумининг 2000 йил 20 апрелда қабул қилинган «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 2-бандига биноан, маънавий зарар деганда, жумладан, яқин қариндошини йўқотиш, яъни унинг ўлими сабабли маънавий қайғуриш тушунилади.
Ушбу ҳолатда даъвогар А. билан бирга унинг турмуш ўртоғи ота-она сифатида қисқа муддатда иккинчи фарзандининг ҳам бевақт ўлими изтиробида руҳий азобланган ва бу ҳол уларнинг соғлиғига бевосита салбий таъсир кўрсатган.
Шу боис, апелляция инстанцияси жавобгарларнинг айб даражаси ва шахси ҳамда мулкий аҳволи каби эътиборга молик жиҳатларни инобатга олиб, ҳал қилув қарорини ўзгартирди.
Суд адолат ва даъвогарнинг оқилона талаблари асосида даъвогар фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |