6.3. Маҳалла паспортини ва ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш тартиби
Доимий вакил фуқаролар йиғини раиси ва маҳалла фаоллари билан биргаликда Республика комиссияси тасдиқлайдиган намунавий шакл асосида уйма-уй ўрганиш ўтказган ҳолда, маҳалла паспорти ва янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун бошқарув офисига тақдим этади.
Бошқарув офиси уч кун муддатда туман (шаҳар)даги ваколатли давлат ташкилотлари билан биргаликда маҳалла паспортига киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва тасдиқлаб фуқаролар йиғинига юборади.
Бошқарув офиси доимий вакил билан биргаликда тасдиқланган маҳалла паспорти маълумотлари асосида ўн кун муддатда Республика комиссияси тасдиқлайдиган намунавий шакл бўйича маҳаллани ривожлантириш йўналишларининг комплекс дастурларини ишлаб чиқади ҳамда «драйвер» лойиҳалар рўйхатини шакллантиради.
Бунда заруратга кўра, тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари жалб этилиши мумкин.
Маҳаллани ривожлантириш йўналишлари бўйича ишлаб чиқилган комплекс дастурлар ва «драйвер» лойиҳа рўйхати мувофиқлаштирувчи гуруҳга тақдим этилади.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ икки ҳафта муддатда маҳаллани ривожлантириш йўналишлари асосида ишлаб чиқилган комплекс дастурларни тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тақдим этади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган маҳаллани ривожлантириш йўналишлари асосида ишлаб чиқилган комплекс дастурлар доимий вакиллар, бошқарув офислари, мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва фуқаролар йиғинлари раисларига ижро учун юборади.
6.4. Маҳаллаларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш тартиби
Доимий вакил аниқланган муаммоларни тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) ташкилоти ходимлари, фуқаролар йиғини раислари ва маҳалла фаолларини жалб қилиш орқали ҳал этиш чораларини кўради.
Маҳалла даражасида бартараф этиш имкони бўлмаган масалалар бошқарув офисига тақдим этилади.
Бошқарув офиси икки кун муддатда масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўради.
Бошқарув офиси даражасида ҳал этиш имкони бўлмаган масалалар мувофиқлаштирувчи гуруҳга тақдим этилади.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ икки кун муддатда масалани жойига чиққан ҳолда ўрганиб, уни ҳал этиш чораларини кўради.
Туман (шаҳар) даражасида ҳал этиш имкони бўлмаган масалалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларига тақдим этилади.
Маҳалларда аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг барчаси маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан юритиладиган «Қайд этиш дафтари»га киритиб борилади.
Фуқаролар йиғини раислари томонидан юритиладиган «Қайд этиш дафтари»нинг намунавий шакли Республика комиссияси томонидан тасдиқланади.
Ҳал этиш имкони бўлмайдиган тизимли (қўшимча маблағ, вақт ва ўрганишлар талаб қиладиган) муаммолар бўйича уларни ҳал этиш даражасига қараб мувофиқлаштирувчи гуруҳ туман (шаҳар), ҳудудий, республика «йўл хариталари»ни ишлаб чиқади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳар)лар ҳокимликларига тасдиқлашга киритади.
Бунда республика даражасида кўриб чиқиладиган муаммолар бўйича ишлаб чиқилган «йўл хариталари» Республика комиссиясига киритилади.
Республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳар)лар ҳокимликлари:
уч кун муддатда «йўл хариталари»га киритилган масалалар бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни тегишлилиги бўйича республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари билан биргаликда кўриб чиқишни ташкил этади;
бир ҳафта муддатда ҳал этиш имкони бўлмайдиган тизимли (қўшимча маблағ, вақт ва ўрганишлар талаб қиладиган) муаммолар бўйича аниқ ижрочилар, муддатлар ва бажариш механизми кўрсатилган ҳолда «йўл хариталари»ни тасдиқлайди ва ижро учун тақдим этади.
Республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари «йўл хариталари»да кўрсатилган муаммолар бажарилиши ва ижроси ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ҳар икки ҳафтада тегишлилиги бўйича Республика комиссиясига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳар)лар ҳокимликларига киритиб боради.
Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳар икки ҳафтада «йўл харитаси»га киритилган муаммолар бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳар)лар ҳокимликларига тақдим этиб боради ҳамда ҳал этилган муаммолар бўйича маълумотлар икки кун муддатда «Қайд этиш дафтари»га киритилишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |