ФОСФОРОРГАНИК ПЕСТИЦИДЛАРНИНГ ХОССАЛАРИ
(2 соат)
Дитиофосфор кислотаси ҳосилаларидан ташкил топган фосфорорганик инсектицид ва акарицидлар тиофосфор кислотаси ҳосилаларидан ташкил топган.
Фосфорорганик бирикмаларга нисбатан иссиққонли ҳайвонлар, кишиларга кам заҳарлилик хусусиятига эга эканлиги, кимёвий жихатдан бироз турғунлилиги билан фарқланади. Бу туркумдаги препаратлар ичида қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига текганда ва ичдан таъсир этувчи инсектицид, ичдан-системали таъсир этувчи инсектицид ва акарицид фойдали ҳашаротларга кам таъсир этиш хусусиятига эга бўлган препаратлардир.
Карбофос (малатион)-бу препаратнинг таъсир этувчи моддаси 0,0 диметил 0.0-(дикарбатоксиатил)-дитиофосфат ҳисобланади. Саноатда карбофос 30 % ва 50 % концентрат эмульсия шаклида ишлаб чиқарилади, оч сариқ тусдаги тиниқ суюқлик бўлиб, иссиққа чидамсиз, тез парчаланувчи, қўланса ҳидли.
Барча фосфорорганик пестицидлар тавсия қилинган нормаларда ўсимликларга салбий таъсир қилмайдилар.
Қуйидаги фосфорорганик дорилар қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунанда ҳашарот ва каналарига қарши кенг қўлланилмоқда.
ДАНАДИМ, 40% эм.к. (рогор, БИ-58, диметоат, нугор). Соф моддаси: 0,0-диметил-8-метилкарбамоил-метил)-дитиофосфат. Юқори ҳароратга чидай олмайди ва иситилганда изомерларга парчаланади. Ультрабинафша нурлар таъсирида парчаланиши анча тезлашади. Сақлаш мобайнида фаол моддаси — фосфамид унча узоқ турмайди ва тез орада заҳарлилиги ни йўқотади.
Ўсимлик сиртига тушган фосфамид ҳарорат, ёруғлик ва сув таъсирида тез парчаланади, аммо ўсимлик ичида у заҳарлилик хусусиятини 20 кунгача сақлайди. Препарат ичдан яхши таъсир этади. У ўсимлик ичида ксилема бўйича (илдиздан ер устки қисмларга томон) яхши силжийди, лекин флоэма бўйича (барглардан илдизга томон) силжиши қийин, шу боисдан баргга сепилган фосфамид унда қолаверади.
Фосфамид кучли ва унча узоқ давом этмайдиган ичдан таъсир этувчи инсектицид ва акарицид ҳисобланади. Препарат асосан сўрувчи зараркунандаларга (ўргимчаккана, ўсимлик ширалари, қандала, трипс ва бошқаларга) қарши қўлланилса яхши натижа беради, кемирувчи зараркунандаларнинг (ғўза тунлами, карадрина ва ҳ.к.) кичик ёшдаги қуртларини ҳам ўлдиради. Ўсимлик ичига тез ўтиши ва сиртида парчаланиши туфайли фойдали ҳашаротларга қиладиган заҳарли таъсири узоққа чўзилмайди. Шу жиҳатдан ишлов беришни энтомофагларнинг энг кўп қисми ғумбаклаганда ва тухум шаклида бўлганда ўтказиш муҳимдир.
Фосфамид 40% ли эмульсия концентрати шаклида чиқарилади ва пахтачиликда бир қанча сўрувчи зараркунандаларни йўқотишда ҳар гектарга 1,5-2 л дан сарфлаб ишлатилади. У иссиққонли ҳайвонлар ва одам учун ўртача заҳарлидир (ЎД50 каламушлар учун 230 мг/кг га тенг). Тери орқали сезиларли дара-жада таъсир қилади. Ғўза фосфамид билан шиддатли ишланаверса ўргимчаккана, ўсимлик ширалари ва оққанотда якка ва гуруҳли чидамлилик вужудга келиши мумкин. Ғўзага охирги марта фосфамид билан ишлов бериш пахта очилишидан 15 кун олдин, бошқа экинларга ишлов бериш эса 30 кун илгари тўхтатилади. БИ-58 билан ишланган далага трихограммани 15 кун, браконни — 10 кун, стеторусни 5 кун кейин қўйиш мумкин.
КАРБОФОС, 50% эм.к. (фуфанон, 57% эм.к.). Соф моддаси: 0,0-диметил-8-(1,2-дикарбэтоксиэтил)-дитиофосфат. Юқори ҳа-рорат ҳароитларида нисбатан тез парчаланиб кетадиган препарат. У нордон ва ишқорий муҳитда ва айниқса тунука идишда тез парчаланади. Шунинг учун ҳам карбофос ич томондан махсус материал билан қопланган тунука идишларда ёки пластик канистрларда тарқатилади.
Карбофос сиртдан таъсир қиладиган инсектицид ва акарицид бўлиб, бошланғич пайтда жуда заҳарлидир, аммо қисқа муддатда самара беради. Бу препарат фумигант сифатида ҳам таъсир қилиши мумкин. Карбофос парчаланиши ва буғланиши туфайли ўсимлик сиртидан тез кўтарилиб кетади. Одам ва ҳайвонлар учун карбофос ўртача заҳарлидир. ЎД50 каламуш учун вазнининг ҳар килограммига 450-1300 мг гача ўзгаради. Кумулятив таъсири деярли йўқ, терига суст таъсир қилади.
Ғўзанинг сўрувчи зараркунандаларига (ўргимчаккана, ўсимлик ширалари ва б.) қарши кураш олиб борилганда гектарига 1,0-2,0 л дан ишлатиш тавсия этилган. Тез парчаланиши ва иссиққонлиларга нисбатан кам заҳарлилиги уни иссиқхоналарда (0,05-0,15%), сабзавотчиликда (0,1-0,2%), боғдорчиликда (0,2-0,3%), чорвачиликда сиртқи ва тери ости паразитларга қарши қўллаш имконини беради. Ишлов беришни пахта етилишидан 20 кун олдин тугаллаш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |