БИЗНИНГ КУНДАЛИК ТАНЛОВИМИЗ
Жуда кўп оқилу-донолар ҳар янги кунни туғилишга ўхшатишган. Нега? Чунки ҳар янги кунда биз янги ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўламиз. Ҳар янги кун бизга бебаҳо инъом — ҳаётимиз бахтли бўлиши учун халақит бераётган нарсаларни ўзгартириш имкониятини беради.
Кўпинча биз бу имкониятларни илғамаймиз. Чунки агар биз танлаш ҳуқуқи ўзимизда эканлигини тан олсак, ўзимизни оқлаш ҳуқуқидан айриламиз-да. Бу ҳолатда ҳамма нарсага ўзимиз масъул бўламиз. Шу сабабли бизнинг таъсиримиздан ташқарида бўлган вазиятларга катта аҳамият бериб юборамиз. Бу ердан эса натижа келиб чиқади — биз ўзимиз истагандек яшамаймиз. Биз ўз ҳаётимизни вайрон қиламиз.
Ўз-ўзни вайрон қилишнинг жуда кўп йўллри бор. Биз ўз танамиз, муҳаббатимиз ва орзуларимизни ўлдиришимиз мумкин. Атрофимиздагилар балки буни сезишмай қолар, лекин бу ҳолатда биз табиат қонунларини бузиб, ўз-ўзимизга нисбатан жиноят содир этамиз. Кўпгина инсонлар вазиятни ўзгартириб, ўзларига эркинликни қайтара олишларига ишонишмайди. Бунинг ўрнига, улар қулликларини кучайтириш учун бор куч-ғайратларини аяшмайди.
Инсонлар бор масъулият ўзларида эканлигини ҳазм қилишлари қийин. Ўзидан масъулиятни соқит қилувчи инсон қуйидаги латифа қаҳрамонига ўхшайди: Бир инсон доим тушлик қилиш учун ишхонасига уйидан егулик олиб келаркан-да, ҳамкасбларига шикоят қилар экан: “Бемаънилик! Яна пишлоқ ва помидорли хот-дог! Ахир уни кўрарга кўзим йўқ!” — деб. Бу ҳолат ҳар куни такрорланар экан. Шунда ҳамкасбларидан бирининг сабр косаси тўлибди: “Менга қара, агар пишлоқ ва помидорли хот-догни ёмон кўрар экансан, хотинингга айт, бошқа бирор нарса тайёрлаб берсин”, дебди ниҳоят. “Эсинг жойидами? — дебди бояги одам. — Мен уйланмаганман! Хот-догни ўзим тайёрлайман!”
Ҳаётда ҳамма ўзига ўзи хот-дог тайёрлайди. Танлаш эса фақат ўзингизгагина боғлиқ.
КАРЬЕРА ЎСИШИ УЧУН МАСЪУЛИЯТ
Маошингиз ўртача маошдан юқори бўлиши фақат ўзингизга боғлиқ. Компания сизга фантастик маблағни кафолатлашга мажбур эмас. Бошлиғингиз хизмат пиллапояларида кўтарилишингиз учун қайғуришга мажбур эмас. Хотинингиз телевизорни ўчириш, костюмингизни олиб бериш ва дарвоза олдигача кузатишга мажбур эмас.
Албатта, ҳар доим ҳам ҳамма нарса биз ўйлагандек бўлавермайди. Бироқ фақат ўзингиз у ёки бу вазиятга нисбатан қандай ҳаракат қилишни ҳал қиласиз. Ноқулай вазиятлар ҳаракатингизни секинлаштириши ёки тўхтатиши мумкин, бироқ сиз ҳар қандай тўсиқларга қарамасдан мақсад сари ҳаракатланиш ҳақида қарор қабул қила оласиз.
Масалан, фақат ўзингиз ўз маошингиз миқдори учун масъулсиз. Чунки маош олинмайди, унга лойиқ иш қилиш керак. Доим ўз имкониятини қўлдан бой бериб юрганлар кишининг энсасини қотиради. Эртами-кечми улар “Ўз қобилиятингиздан қандай фойдаландинг?” — деган саволга жавоб беришга мажбур бўлишади. Бизга эркинлик берадиган қарорлардан қочмаслик керак. Бу курашдан воз кечиб, ҳаётни шамолга совуриш дегани.
Do'stlaringiz bilan baham: |