Дарсларнинг турлари.
Ўтиладиган дарслар мавзуларининг хусусиятига, ўқувчиларнинг тайёргарлик даражасига, ўқувчиларда кимёвий тажрибаларни ўтказиш кўникма ва малакаларнинг ривожланишига қараб дарсларнинг тузилиши турлича бўлади.
Янги материални ўрганиш дарси. Янги материални ўрганишга бағишланган махсус дарсларнинг ўзига хос хусусияти шуки, бу дарсларда вақтнинг қарийб ҳаммаси ўқувчиларни янги материал билан таништиришга кетади. Бундай дарсларга зарурият туғилишининг сабаби, кимё курсида навбатдаги барча мавзуларга асос бўладиган ва ўқувчиларга ҳали ҳеч нарса маълум бўлмаган масалалар борлигидадир. Масалан, Д.И.Менделеевнинг даврий қонуни ва элементлар даврий системаси, атом тузилиши, кимёвий боғланиш, электролитик диссоцияланиш назарияси ва бошқалар
Янги материални ўрганиш дарслари ўз тузилиши жихатидан олганда аралаш дарсдан анча фарқ қилади. Бу дарсларда сўраш, баён этилган материалларни пухталаш қисмлари бўлмайди. Бу дарслар асосан юқори синфларда маъруза методида ўтказилади. Бунда кўргазмалиликнинг мумкин бўлган ҳамма воситаларидан фойдаланилади. Масалан, мавзу билимларини тушунтиришда лаборатория тажрибалари олиб борилиши мумкин. Янги материални баён қилиш вақтида кимёвий тажрибаларнинг динамик моделлари компьютер орқали экранга тушилиб кўрсатилади. Янги материални ўрганиш дарсларига датслабки дарслар ва кириш дарслари киради. Дастлабки дарслар ҳам янги материални баён қилиш дарсининг бошқа турларидан шу билан фарқ қиладики, бу дарсларда бутун кимё курсини мувофаққият билан ўрганишни кўп даражада белгилаб берувчи пойдевор қўйилади.
Дастлабки дарсларда ўқувчиларда кимёга хавас қўзғатиш ва уни тўғри йўлга солиб юбориш, ўқувчиларнинг кимёни тушуниб ўзлаштириши ҳамда уларда амалий ўқув малакалар, масалан, ҳодисани кузатиш, тушунтириб бера олиш, уларни ёза билиш каби малакаларни ҳосил қилиш учун катта аҳамиятга эга. Дастлабки дарсларда кириш дарсларидан фарқли ўлароқ ўқувчиларнинг эътиборини асосан, тажриба натижаларини ўзлаштиришга ва тушунчаларнинг мохиятини аниқлашга қаратилади. Масалан, 7-синфда моддалар ва уларнинг ўзгариши даслабки тушунтириш дарсига мисол бўла олади. Бу дарсда асосий эътибор моддаларнинг физик хоссаларига қаратилади. Ўқитувчи бу дарсларда ўқувчиларга маълум бўлган моддаларнинг хоссаларидан фойдаланади. Модда деган тушунча тўғрисида маълумот беради. Уларнинг турмушда ишлатиладиганларини ўқувчиларга кўрсатиб, уларнинг ранги, эрувчанлиги, агрегат ҳолати тўғрисида маълумот беради. Ўқувчилар ҳар қайси моддаларнинг ўзига хос ўзгармас хоссалари зичлиги, суюқланиш ва қайнаш температуралари билан танишади. Сўнгра кимёвий ҳодисалар билан танишади. Темирнинг занглаши, кўмирнинг ёниши, малахитнинг парчаланиши ҳодисаларини кузатиб, кимёвий ўзгаришлар тўғрисида дастлабки маълумотлар оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |