§-3. Кимё ўқитувчиси фаолияти турлари. Илғор тажрибаларни эгаллашга оид ишлар. Ўқитувчининг илмий методик иши. Педагогик эксперимент.
Ҳар бир кимё ўқитувчиси ўқитиш жараёнида илғор ўқитувчиларнинг педагогик иш тажрибасидан фойдаланиши дарс самарадорлигини оширишга катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Илғор тажрибани оммалаштириш билан ҳалқ таълими вазирлиги, педагогика институтлари, педагогик илмий текшириш инстутлари шуғулланади. Ўқитувчи эса нашр қилинган материаллардан фойдаланади. Илғор тажрибани дарсга тадбиқ қилганда иш шароитини ҳисобга олган ҳолда ёндошиш керак. Бунда ўқитишнинг кимёвий мазмуни, ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва ўқитувчининг фаолияти ҳисобга олинади. Педагогик жараёнда тажрибанинг ижодий томонига ёндошиш керак. Ўқитиш методикасининг тарихи шуни кўрсатдики, методикадаги бирор масалани ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатиш бошқа масалаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Фақат методлар ва ўқитиш воситалари уйғунлаштириб дарс олиб борилганда ижобий натижалар олиш мумкин. Кимё ўқитишнинг илғор тажрибаларидан хабардор бўлиш учун илмий методик журналлар, "Ҳалқ таълими", "Узлуксиз таълим", "Педагогик таълим" журналларини ўқиб бориш керак. Мунтазам ўтказиладиган ўқитувчиларнинг педагогик ўқишлари ва конференцияларида актив қатнашиш талаб этилади.
Кимё ўқитувчиларининг илмий – методик ишлари. Ўқув методик ишнинг асосий мазмуни кимё ўқитиш методикаси олидида турган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлади. Ҳар бир ўқитувчи педагогик текшириш методларни эгаллаб бориши ва ундан фойдаланиши керак. Педагогик эксперимент методларини кўп тарқалганларига, адабиёт манбалари устида ишлаш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш натижаларини кузатиб бориш ва педагогик эксперимент ўтказиш киради.
Адабиёт манбалари устида ишлаш. Методист ўқитувчи кимё ўқитувчиларнинг дарсини анализ қилиш учун адабиёт манбалари билан таниш бўлиши керак. Адабиёт манбаларни ёзиб олиши, улардан карточкалар тузиши ва янгиликларни ўзлаштириб олиши зарурдир.
Мақсадга йўналтирилган кузатиш. Методист ўқитувчи кимё ўқитиш жараёнини яхшилаш учун бошқа кимё ўқитувчиларни дарсини кузатиб боради. Ундаги ютуқ камчиликларни ёзиб боради. Дарсдан кейин кимё ўқитувчилари билан биргаликда дарс таҳлили ўтказилади. Дарс таҳлилининг асосий мақсади кимё таълими ва тарбияси жараёнини яхшилашдир. Масалан, 7-синф ўқувчилари 8-синф ўқувчиларига қараганда яхши ўзлаштиришга эришган бўлса унинг сабабини таҳлил қилиб чиқилади. Масалан, 8-синфда кўп вақт ўқувчилар ўқитувчи бошчилигида масала ечиш билан шуғулланса, бунда кимёвий экспериментга вақт қолмайди, ўқувчиларнинг кимё билимларни эгаллаши ва дарсга қизиқиши пасайиб кетади. Кимё ўқитиш жараёнини яхшилаш учун ўқувчилар орасида анкета саволлари ўтказилади.
Педагогик эксперимент. Бу педагогик тадқиқотнинг энг муҳим усули ҳисобланади. Педагогик эксперимент янги ёзилган синов дарсликларини ўқувчиларнинг қандай ўзлаштириши устида бир неча йил бир неча мактабларда ўтказилиши мумкин. Унда ўша дарслик бўйича ўқитиш жараёни ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси кузатиб борилади. Агар у дарсликка қўйилган дидактик талабларга жавоб бергани ҳолда, дарслик сифатида вазирлик томонидан қаъбул қилинади. Кимё ўқитишнинг айрим методларини самарадорлигини аниқлашга оид тадқиқот ишларида 2 та параллел синф танлаб олинади. Ўқувчилар гуруҳини танлашда иккала синфда ҳам ўқувчиларнинг билим даражалари бир хил бўлиши шарт. У синфларнинг бири экспериментал гуруҳ, иккинчиси назорат учун олинган гуруҳ бўлади. Дарснинг самарадорлигини баҳолашда иккала синфда ҳам бир хил ўқитиш шароитлари, бир хил ўқитиш воситаларидан фойдаланиш талаб этилади. Фақат уларнинг фарқи экспериментал синфда танланган илғор педагогик методни ёритишга катта аҳамият берилади. Методнинг самарадорлигини аниқлаш учун математик таҳлилдан фойдаланилади. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражалари иккала гуруҳда ҳам гуруҳнинг ўртача баҳо балини чиқариб эксперимент натижалари олинади. Ўқувчиларнинг тажриба ўтказиш, масалалар ечиш, кўникма ва малакаларини аниқлашга оид тадқиқот ишлари ўказилиши мумкин. Экспериментда олинган натижаларнинг яроқлилигини аниқлаш учун математик статистик ҳисоблашлар эксперимент натижалари асосида олиб борилади. Педагогик экспериментда самара берган таълим методлари ўқув жараёнига тадбиқ қилинади.
Кимё ўқитувчиси меҳнатини илмий ташкил қилишга ўқув тарбиявий жараёнларни аниқ режалаштириши, ўқитувчининг илмий-методик адабиётлар билан ўз устида ишлаши, илғор педагогик иш тажрибаларини ўзлаштириб олиши, ўз ишининг самарадорлигини аниқлаш учун педагогик эксперимент ўтказиш методларини яхши эгаллаб олиши, доимо ижодий изланишда бўлиши, ўқувчилар меҳнатини енгиллаштириш ва самарадорлигини ошириш йўлларини эгаллаган бўлиши киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |