Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари. Кадрлар тайёрлаш миллий модели фақат таълим-тарбия жараёнинигина қамраб олмай, ишлаб чиқариш ва ижтимоий муносабатларни ҳам ўз ичига олади.
Кадрлар тайёрлаш миллий модели шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан ва ишлаб чиқариш каби таркибий қисмларнинг ўзаро ҳамкорлиги, улар ўртасидаги ўзаро алоқадорлик асосида «юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрларни тайёрлаш Миллий тизими» моҳиятини акс эттирувчи андоза, лойиҳа ҳисобланади (2-чизма):
«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»нинг асосида кадрлар тайёрлаш миллий модели ва унинг моҳияти ёритилади. Миллий моделнинг ўзига хос хусусияти мустақил равишда тўққиз йиллик умумий ўрта ҳамда уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини жорий этилиши билан белгиланади. Бу эса ўз навбатида умумий таълим дастурларидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурларига ўтилишига замин яратади.
Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари қуйидагилардан иборатдир:
Шахс кадрлар тайёрлаш тизимининг бош субъекти ва объекти, таълим соҳасидаги хизматларнинг истеъмолчиси ва уларни амалга оширувчидир.
Шахс узлуксиз таълим жараёнида дунёвий, илмий билимларни ўзлаштиради, фан асосларини пухта эгаллайди, ишлаб чиқариш соҳалари билан танишади, шунингдек, ўзида ижтимоий таъсирлар ёрдамида маънавий-ахлоқий сифатларни тарбиялаб боради. Шахсда ўзлаштирилган билим, фаолият кўникмалари ва ҳаётий тажриба асосида касбий маҳорат ҳам шаклланиб боради. Юксак маънавий-ахлоқий сифатлар ва юқори даражадаги касбий малакага эга бўлиш учун шахс ўз олдига муайян мақсадни қўя олиши ҳамда унга эришиш йўлида тинимсиз изланиши, ўқиб-ўрганиши лозим. Шундагина у ижтимоий рақобатга чидамли, малакали кадр бўлиб шаклланади.
Ўз-ўзини англаш туйғусига эга бўлиш, таълим соҳасидаги хизматлардан тўлақонли, самарали фойдалана олиш, илмий ва касбий билимларни пухта ўзлаштиришга эришиш шахсга етук мутахассис бўла олиши учун пойдевор яратади. Инсон камолоти, энг аввало, унинг ўзига боғлиқдир. Шу боис миллий дастурда шахс ва унинг камолотини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
«Таълим хизматларининг истеъмолчиси сифатида шахсга давлат таълим олиш ва касб-ҳунар тайёргарлигидан ўтиш кафолатланади. Таълим олиш жараёнида шахс давлат таълим стандартларида ифода этилган талабларни бажариши шарт.
Шахс таълим хизматларининг яратувчиси сифатида тегишли малака даражасини олгач, таълим, моддий ишлаб чиқариш, фан, маданият ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатади ва уз билими ҳамда тажрибасини ўргатишда иштирок этади».
Давлат ва жамият таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи кадрларни тайёрлаш ва уларни қабул қилиб олишнинг кафилларидир.
Шахс камолоти нафақат ўзи учун, балки давлат ва жамият тараққиёти, равнақи учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бинобарин, фуқаролари юксак маънавиятга эга жамият ҳар томонлама тараққий эта олади.
Шахс ва давлат (жамият) ўртасидаги алоқа икки томонлама хусусиятга эга. Шу боис ҳар қандай давлат (жамият) ўз фуқароларининг яшаши, меҳнат қилиши, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, уни намоён эта олиши учун етарли даражада шарт-шароит яратиб бера олиши лозим. Республика таълим тизимида давлат ва жамият шахснинг ҳар томонлама шаклланиши, ўзлигини намоён эта олиши учун етарли даражада шарт-шароит яратиб бериш масъулиятини ўз зиммасига олувчи субъект сифатида намоён бўлади.
Давлат ва жамият таълим муассасаларининг юқори малакали рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги фаолиятини ҳам уйғунлаштиради ҳамда қуйидагиларга кафолат беради:
фуқароларнинг билим олиш, касб танлаш ва ўз малакасини ошириш ҳуқуқларнинг рўёбга чиқарилишига;
мажбурий умумий ўрта таълим ҳамда академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таълим олиш йўналишини танлаш ҳуқуқи асосида мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини олишга;
давлат грунтлари ёки пулли-шартномавий асосда олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни олиш ҳуқуқига;
давлат таълим муассасаларини маблағ билан таъминлашга;
таълим олувчиларнинг ўқиши, турмуши ва дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги вазифаларнинг ҳал этилишида жамоатчилик бошқарувини ривожлантиришга;
таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;
соғлиқ ва ривожланишида нуқсони бўлган шахсларнинг таълим олишига.
Узлуксиз таълим малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асоси бўлиб, таълимнинг барча турлари, давлат таълим стандартларини, кадрлар тайёрлаш тизими тузилмаси ва унинг фаолият кўрсатиш муҳитини ўз ичига олади.
Узлуксиз таълим кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий эҳтиёжларини қондирувчи устувор соҳа бўлиб, ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой шахснинг шаклланиши ва юқори малакали рақобатбардош кадрларнинг жадал тайёрланиши учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Узлуксиз таълим жараёни шахснинг ҳар томонлама қарор топиши учун энг қулай давр саналади. Мазкур даврда шахс фан асослари ҳамда касб-ҳунар маълумотларини ўзлаштиради, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга шахс ва малакали кадр сифатида камол топиб боради. Унда муайян дунёқараш шаклланади.
Ўзбекистон Республикасида узлуксиз таълим Давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари талабларига мувофиқ ташкил этилади.
Узлуксиз таълимни ташкил этиш муайян тамойилларга асосланади. Жумладан:
таълимнинг устуворлиги;
таълимнинг демократлашуви;
таълимнинг инсонпарварлашуви;
таълимнинг ижтимоийлашуви;
таълимнинг миллий йўналтирилганлиги;
таълим ва тарбиянинг узвий боғлиқлиги, бу жараённинг ҳар томонлама камол топган инсонни шакллантиришга йўналтирилганлиги;
иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларга таълимнинг энг юқори даражасида, изчил равишда фундаментал ва махсус билим олишлари учун шарт-шароитлар яратиш.
«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да узлуксиз таълимни ислоҳ қилиш йўналишлари ҳам аниқ кўратиб берилган. Мазкур йўналишлар сирасига қуйидагилар киради: кадрлар салоҳиятини тубдан яхшилаш; педагогларнинг касбий нуфузини ошириш; давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг турларини ривожлантириш; таълим тизимини таркибий жиҳатдан қайта қуриш; таълим дастурларини тубдан ўзгартириш; мажбурий ўрта умумий таълимдан ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига ўтилишини таъминлаш; янги типдаги ўқув муассасаларини вужудга келтириш; янги касб-ҳунар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар, шу жумладан, бошқарув тизими кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; таълимнинг барча даража ва бўғинларида таълим олувчиларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини ривожлантириш; таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш, таълим муассасаларини минтақалаштириш; шахсга таълим бериш ва уни тарбиялашда оила, ота-оналар, жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, хайрия ва халқаро фондларнинг ролини кучайтириш; таълим жараёни ва кадрлар тайёрлаш сифатига холис баҳо бериш тизимини яратиш; таълим тизимини молиявий, моддий-техника ва бошқа тарздаги ресурслар билан таъминлаш механизмларини шакллантириш; узлуксиз таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялаштиришнинг пухта механизмларини ишлаб чиқиш; чет эл ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш; туб ерли миллатга мансуб бўлмаган шахслар зич яшайдиган жойларда уларнинг ўз она тилларида таълим олишлари учун ташкилий ва педагогик шарт-шароитларни яратиш; таълимнинг барча даражаларида таълим олувчиларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, экологик ва санитария-гигиена таълими ҳамда тарбиясини такомиллаштириш.
Узлуксиз таълим қуйидаги таълим турларини ўз ичига олади:
мактабгача таълим;
умумий ўрта таълим;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;
олий таълим;
олий ўқув юртидан кейинги таълим;
кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
мактабдан ташқари таълим.
Мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланишини таъминлайди, унда ўқишга интилиш ҳиссини уйғотади, уни мунтазам таълим олишга тайёрлайди ҳамда бола олти-етти ёшга етгунча давлат ва нодавлат мактабгача таълим муасасалари ва оилаларда амалга оширилади. Бу каби таълим муассасаларининг фаолиятини ташкил этишда маҳаллалар, жамоат ва хайрия ташкилотлари, халқаро фондлар фаол иштирок этади.
Кейинги йилларда мактабгача таълим муассасаларининг янги тармоғи шаклланиб бормоқда. Бу ўринда «Хонадон боғчаси» ҳамда «Болалар боғчаси – бошланғич мактаб» мажмуаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Мактабгача таълим муассасаларида Бблаларга тасвирий санъат, мусиқа, тил ва компьютер саводхонлигини ўргатувчи гуруҳлар ташкил этилмоқда. Бу каби ҳаракатлар мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари асосида маънавий-ахлоқий тарбиялашга хизмат қилади.
Умумий ўрта таълим тўққиз йиллик мажбурий характердаги умумий ҳамда уч йиллик мажбурий-ихтиёрий характердаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълимидан иборат. Умумий ўрта таълим бошланғич таълимни ҳам қамраб олади. Мазкур босқичда ўқувчиларнинг фанлар асослари бўйича мунтазам билим олишлари, уларда билим олиш эҳтиёжининг юзага келиши, асосий ўқув-илмий ва умуммаданий билимларнинг ўзлаштиришлари, миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган маънавий-ахлоқий фазилатлар, меҳнат, ижодий фикрлаш, атроф-муҳитга онгли муносабатда бўлиш, шунингдек, касб танлаш кўникмаларининг шаклланиши учун педагогик шарт-шароит яратилади. Давлат томонидан тасдиқланган намунадаги аттестат ўқувчиларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эгаликларини белгилайди.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш вазифаси мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳамкорлигида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташҳис марказлари раҳбарлигида амалга оширилади.
Ўқиш муддати уч йил бўлган мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури саналиб, умумий ўрта таълим негизида ташкил этилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг икки муҳим йўналиши бўлган – академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таълим олиш ўқувчилар томонидан ихтиёрий равишда танланади.
Академик лицей ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланиши чуқур, соҳалаштирилган, табақалаштирилган, касбга йўналтирилган таълим олишларини таъминлаш мақсадида давлат таълим стандартларига мувофиқ ўрта махсус таълим берувчи, юридик мақомга эга таълим муассасасидир.
Академик лицейларда ўқувчилар ўзлари танлаб олган таълим йўналиши (гуманитар, техника, аграр ва бошқа соҳалар) бўйича билим савияларини ошириш ҳамда ўзларида фанни чуқур ўрганишга қаратилган махсус касб-ҳунар кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўладилар.
Академик лицейлар асосан олий ўқув юртлари қошида ташкил этилади. Касб-ҳунар коллежлари эса ўқувчиларнинг муайян касб-ҳунарга мойиллиги, лаёқатлари, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш, уларнинг танланган йўналишлар бўйича бир ёки бир неча замонавий касб сирларини эгаллаш имконини беради.
Касб-ҳунар коллежи ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллиги, билим ва кўникмаларини чуқур ривожлантирувчи, танлаб олинган касб-ҳунар бўйича бир ёки бир неча ихтисосни эгаллаш имконини яратиш мақсадида тегишли давлат таълим стандартлари доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини берувчи, юридик мақомга эга таълим муассасасидир.
Касб-ҳунар коллежлари янги типдаги таълим муассасалари бўлиб, уларнинг жиҳозланганлик даражаси, педагогик таркибнинг пухта танланганлиги, шунингдек, ўқув жараёнининг замонавий техника ва технологиялар ёрдамида ташкил этилиши алоҳида эътиборга лойиқ.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломлар берилади. Ушбу дипломлар асосида битирувчилар таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгалланган ихтисос ва касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Олий таълим ўрта махсус, касб-ҳунар таълими негизига асосланиб, икки босқич (бакалаврият ҳамда магистратура)да ташкил этилиб, мутахассисликлар йўналишлари бўйича халқ хўжалигининг турли соҳаларига олий маълумотли мутахассисларни тайёрлайди. Олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари негизида ва пуллик-шартномавий асосда амалга оширилади.
Бакалавриат - мутахассисликлар йўналиши бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, таълим олиш муддати камида тўрт йил давом этадиган таянч олий таълим.
Бакалавр даражасига эга бўлган шахс олий таълим тизими йўналишидаги ўзи танлаган соҳа бўйича олий маълумотли мутахассис ҳисобланади ва давлат классификаторида белгиланган лавозимда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикасида қуйидаги турдаги олий таълим муассасалари фаолият кўрсатади:
Магистратура аниқ мутахассислик бўйича фундаментал ва амалий билим берадиган, бакалаврият негизида таълим муаддати камида икки йил давом этадиган олий таълим бўлиб, магистратурадаги таҳсил якуний классификацион давлат аттестациясига мувофиқ олиб борилади.
Магистр бакалавр даражасидаги мутахассисдан фарқли маълум ихтисослик бўйича таълим олган юқори малакали мутахассис ҳисобланиб, у илм-фан соҳасида, ишлаб чиқаришнинг масъулиятли лавозимларида фаолият кўрсатади. У аспирантурага кириш ҳуқуқига эга.
Олий ўқув юртидан кейинги таълим жамиятнинг олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, шахснинг ижодий таълим – касб-ҳунар манфаатларини қаноатлантиришга қаратилиб, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида аспирантура, адъюнктура ва докторантурада таълим олиш, шунингдек, мустақил тадқиқотчилик фаолиятини ташкил этиш асосида амалга оширилади. Олий ўқув юртидан кейинги таълим номзодлик ёки докторлик диссертацияларининг ҳимояси билан якунланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси томонидан олиб борилган якуний давлат аттестацияси натижалари тегишли равишда фан номзоди ва фан доктори илмий даражаси ҳамда давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломга эга бўлиш ҳуқуқини беради.
Ҳар икки (аспирантура, докторантура) даражада ҳам мақсад муайян мутахассисликлар бўйича олий тоифали илмий-педагогик кадрларни шакллантиришдан иборат.
Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнида асосий эътибор мутахассисларнинг касб билимлари ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилади. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ана шу йўналишда фаолият юритувчи таълим муассасаларида амалга оширилади. Бу муассаса тингловчилари ўқиш натижаларига кўра давлат томонидан тасдиқланган намунадаги гувоҳнома ёки сертификатга эга бўладилар.
Мактабдан ташқари таълим мактабдан ташқари давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат органлари, жамоат ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда йўлга қўйилиб, болалар ҳамда ўсмирларнинг таълимга бўлган, якка тартибдаги, ортиб борувчи талаб-эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш мақсадида олиб борилади.
Фан юқори малакали мутахассисни тайёрловчи ва улардан фойдаланувчи, илғор педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқарувчи бўлиб, «кадрлар тайёрлаш миллий тизимида табиат ва жамият тараққиёти қонуниятлари тўғрисидаги янги фундаментал ва амалий билимлардан фойдаланишни, юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар таркибини шакллантиришни, улардан таълим тизимида унумли фойдаланишни, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнининг илмий тадқиқотлар инфраструктурасини яратиш, таълимнинг ахборот тармоқларида фойдаланиш учун билимнинг турли соҳалари бўйича ахборот базасини шакллантиришни ҳамда илмий тадқиқотлар даражасига янгича қарашлар замирида ёш олимларнинг, илмий-педагогик ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва обрўсини оширишни ва шу кабиларни қамраб олади»
Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг таркибий қисмларидан бири сифатида фан, яна шунингдек, «таълим мазмунини тубдан янгилашда: таълим стандартлари, таълим дастурлари, ўқув дарсликлари ва қўлланмалар тайёрлашда, илмий-методик таъминотни амалга оширишда бевосита ва билвосита иштирок этади»
5. Ишлаб чиқариш – кадрларга бўлган ижтимоий эҳтиёжни шунингдек, уларнинг тайёргалик сифати ва савиясига нисбатан қўйиладиган талабларни белгиловчи асосий буюртмачи, кадрлар тайёрлаш тизимини молиявий ва моддий-техника жиҳатдан таъминлаш жараёнининг қатнашчисичиси.
«Ишлаб чиқаришнинг талаб-эҳтиёжлари кадрлар тайёрлаш тизимининг йўналиши, даражаси ва миқёсларини шакллантиради, касб тайёргарлигининг мақсади, вазифалари ва мазмунини белгилайди, малака талабларини илгари суради, таълимнинг замонавий технологиялари ва шаклларини танлашни тақозо этади. Ишлаб чиқариш пировард натижада кадрларнинг сифати ва рақобатбардошлигига баҳо беради».
Ишлаб чиқариш муассис, ҳомий ва бошқа сифатларда алоҳида мутахассисларни тайёрлашни, гуруҳларни ва ўқув юртларини молиялаш жараёнида иштирок этиб, мутахассисларнинг касбий ривожланиши ва шахсий фаоллигини рағбатлантиради, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда бевосита иштирок этади».
Авваллари ишлаб чиқариш тайёр кадрлар кучи ва салоҳиятидан фойдаланувчи истеъмолчи сифатидагина фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда ушбу фаолиятнинг мазмуни тубдан ўзгарди. Эндиликда ишлаб чиқариш кадрларни тайёрлаш сифати ва савиясига нисбатан ўз талабларини қўя олади. Шу билан бирга сифатли ҳамда юксак савияли мутахассисни тайёрлаб етиштириш йўлида узлуксиз таълим ҳамда фан тармоқларининг молиявий, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу асосида кадрлар тайёрлаш тизимининг фаол иштирокчисига айланди.
Миллий модел Концепциясининг мазмуни ўзбек халқининг миллий турмуш тарзи ва маънавий-ахлоқий анъаналари билан ҳамнафасдир. Зеро, халқ орасида қадимдан «маърифатли инсон» тушунчаси қўлланилиб келинган бўлиб, у ўзида кенг маънони ифода этади. Билим олишга интилиш, маърифатли бўлиш ўзбек халқи, миллатининг руҳиятида устувор ўрин тутувчи омил саналади. Маърифатлилик – фақатгина билим ва малакага эга бўлиш эмас, айни вақтда чуқур маънавий ахлоқ ҳамдир. Билимли, комил инсон қиёфасида ана шундай хислатларга эга шахслар намоён бўлади.
Шунинг учун ҳам кадрлар тайёрлаш миллий моделининг бутун моҳияти ўзбек халқининг миллий тарихи ва ҳаёт тарзи билан боғланиб кетган.
Мустақил Ўзбекистон Республикасида ўзига хос, такрорланмас, тарихий анъаналарга асосланган ҳамда бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган кадрлар тайёрлаш миллий модели яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |