ФИЗИКА ФАНИНИ ЎҚИТИШ ЖАРАЁНИДА ТАЛАБАЛАРНИНГ ФИКРЛАШ ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ПСИХОЛОГИК, ДИДАКТИК ВА МЕТОДОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
Бозоров Хасан Нематович – Низомий номидаги ТДПУ
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли мақсадли ишлар жараёнида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да кўзда тутилган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Узлуксиз таълим тизимида кўзда тутилаётган ислоҳотлар замирида “Узлуксиз таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялаштиришнинг пухта механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” вазифаси қўйилган. Олдинга қўйилган вазифаларни тўла амалга оширишда “Таълим муассасаларининг моддий-техника ва ахборот базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёнини юқори сифатли ўқув адабиётлари ва илғор педагогик технологиялар билан таъминлаш” келтирилган мақсад ва вазифаларнинг асосини ташкил этади. [1;20–29- б. 2; 32-65- б.]
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизни ҳар томонлама жадал ривожлантириш йўлини режалаштириб берди. Ҳаракатлар стратегиясининг таълим ва фан соҳасини ривожлантиришга оид 4.4- бандига асосан:
Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш: “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар ва юқори технологиялар марказлари ва технопаркларни ташкил этиш” каби масалалар устувор вазифа этиб белгиланган [4; 25–40-б.].
Президентимиз томонидан мамлакатимизда атом ва ядро соҳасидаги илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга бағишланган ташкилий ишлар, Ўзбекистон миллий университети қошида “Юқори технологиялар маркази”нинг ташкил этилиши, энергетик манбалардан оқилона фойдаланиш ва мамлакатимиз ҳудудини электр энергияси билан доимий ва узоқ муддатли таъминлаш мақсадида атом электр станцияларини қуриш бу йўналишда олиб борилиши зарур бўлган илмий-методик фаолиятнинг дастурий асосидир.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида “Тегишли маълумоти, касбий тайёргарлиги бор юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғилланиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган [1; 37-б.]. Бу устувор масала барча олий таълим муассасаларида тайёрланадиган соҳа мутахассислари ва бўлажак педагогларни тайёрлашда, педагогик фаолиятга касбий, шунингдек, касбий-психологик ёндашиш заруриятини белгилаб беради.
Физика фанини илмий, методик ва кўргазмали воситалар асосида бойитиш мақсадида яратилган адабиётлар ўзбек методист олимлари Б.М. Мирзаҳмедов [78,79], М. Жораев [68], О.Н. Аҳмаджонов [7] Ю. Пўлатов [47] М. Қурбонов [40,41], С.Қ. Қаҳҳаров [38] К. Насриддинов [72], А.М. Худайберганов [50], Г.Э. Карлибаева [35], М.Ю. Мансурова [42], Х.М. Махмудова [43], Г. Сагатова [79], М.И. Даминов [13] И.У. Билолов [9], Б.М. Нуриллаев [45] Ш.Ш. Хайдарова [49], Ф.Ф. Тошмухаммедов [78] З.С. Боҳодирова [10] ва бошқалар томонидан ўрганилган. Бўлажак педагог кадрларни тайёрлашда ахборот технологияларининг ўрни, таълим сифатини оширишни дастурий воситалар асосида такомиллаштириш масалалари бўйича соҳа олимларидан У.Ш. Бегимқулов [81], А. Асқаров [8], Қ.П. Абдураҳмонов [53], Н. Тайлоқов, Н. Қаюмова [39], Г. Умарова [48] ва бошқаларнинг илмий изланишлари ва яратган илмий-методик адабиётларини ҳам таъкидлаб ўтиш мумкин.
Б.М. Мирзахмедов, Н.Б. Ғофуров ва Ф.Ф. Тошмухамедовларнинг «Физика ўқитиш методикаси курсидан ўқув эксперименти» номли методик қўлланмасида ўрта мактабларда физика ўқитиш методикаси бўйича деярли физиканинг барча бўлимларидан демонстрацион тажрибалар ва амалий ишлар ёритилган ҳамда методикасига урғу берилган. Унда ўқув тажрибаларини ўтказиш тизимлаштирилиб, йўриқномалар ва тажрибаларни ўтказиш методикаси баён этилган [79].
Б.М. Мирзахмедов, Н.Б. Ғофуров, Б. Ибрагимов, Г. Сагатовалар томонидан яратилган ва педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида ўқув қўлланма сифатида киритилган «Физика ўқитиш методикаси» номли қўлланмада узлуксиз таълим тизимида физика фанини ўқитиш масалалари келтирилган бўлиб, унинг 19-параграфида олий таълим муассасаларида физик практикумлар ва уларни ташкил этишга оид методик тавсиялар ёритиб ўтилган 78; 78-б..
Н.Ҳ. Авлиёқуловнинг «Замонавий ўқитиш технологиялари» қўлланмасида таълимда замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш воситалари тўғрисида тўлақонли маълумотлар келтирилган бўлиб, «Атом физикаси»га оид машғулотларда АКТ ютуқларини қўллаш масаласига эътибор қаратилмаган.
Қ.П. Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан яратилган «Умумий физикага оид маъруза машғулотлари» номли электрон ишланмаси бугунги кунда барча техника йўналишидаги олий таълим муассасаларининг умумий физика курсига оид маъруза машғулотларида электрон қўлланма сифатида фойдаланилиб келинмоқда ва унда умумий физика бўлимларига оид маъруза машғулотларининг қисқача мазмуни акс эттирилган бўлиб, атом тузилишига оид маълумотларнинг квант-механик модели келтирилмаган 53.
Ўзбекистон Миллий университети педагог ходимлари томонидан яратилган видео ишланмаларда умумий физика курсига оид илмий лаборатория экспериментларининг олиб борилиши ва натижаларнинг илмий назарияларга асосланиш жараёни ёритилиб, бу видео қўлланма экспериментлар ёрдамида талабаларнинг лаборатория бажариш кўникма ва малакасини оширишга хизмат қилади ва экспериментал асбоблар билан тасвирларда таништиради. Ушбу ишланма маъруза машғулотларида намойиш тажрибаси сифатида жорий этишга мўлжалланган.
Э.Н. Расулов, У.Ш. Бегимқулов томонидан ишлаб чиқилган икки қисмли «Квант физикаси» ўқув қўлланмасида атом физикаси ҳамда электрон ҳолатлари тўғрисида илмий-назарий тушунчалар, қонуниятлар, жараёнлар, кашфиётлар ҳамда уларни фан ва техника тараққиётида тутган ўрни ва мазмуни акс эттирилган бўлиб фанни ёритишда квант механик тасаввур асосида назарий маълумотларни келтиради [81, 82].
Г.А. Умарованинг «Совершенствование методики преподавания квантовой физики на основе компьютерных технологий в общеобразовательной школе» номли номзодлик диссертациясида ўрта мактаб ўқувчиларида квант физикасига оид тушунчаларни сингдиришда узвийликни тартиблаштириш, квант тушунчаларни компьютер технологиялари воситасида яратилган ўқитиш усулларидан фойдаланиш методикасига эътибор қаратилган. Компьютерда яратилган ўқитиш воситалари асосида физика дарсларини ташкил қилишнинг психологик-педагогик жиҳатлари аниқланган [48; 68–72-б.].
М. Қурбоновнинг “Узлуксиз таълимда физик экспериментларнинг дидактик функциялари самарадорлигини ошириш” номли докторлик диссертацияси таълим соҳасида намойиш тажрибалар ва экспериментнинг дидактик имкониятларини оширишга бағишланган бўлиб, унда кўп функцияли намойиш эксперименти қурилмаларини яратиш ва улардан маъруза жараёнида фойдаланиш методларини ишлаб чиқиш ҳамда намойиш экспериментларини замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этишнинг психологик-педагогик ва методик асослари ёритилган бўлиб, стендлар, кўргазмали қуроллар, демонстрацион воситалар ва улардан узлуксиз таълим тизимида мақсадли тажрибалар кўринишида фойдаланиш усуллари ва воситалари ёритилган. Физика таълимида мураккаб мавзуларни ёритишда ахборот технологиялари ҳамда намойиш тажрибаларидан самарали фойдаланиш шакли, методлари, воситалари ҳамда уларни таълим жараёнида қўллаш шароитлари тўғрисида фикрлар юритилиб, физикадан лаборатория машғулотларини ташкил қилишда индивидуал (якка тартибда), гуруҳли (кичик ва жамоа) ва фронтал (барча учун битта) топшириқлар кўринишида ўтказиш заруриятини таъкидлайди. [40; 63–104-б.].
Физика фанининг “Оптика” бўлимига оид тадқиқотлардан бири Х.М.Маҳмудованинг “Умумий физика курсининг “Оптика” бўлимидан лаборатория машғулотларини ўтказишда ахборот технологияларини қўллаш” мавзусидаги номзодлик диссертациясида “Оптика” бўлимини ўқитишда лаборатория экспериментларини бажариш ва ўз-ўзини текширишда тест-тренинг усулини кўрсатиб, уларга оид тест намуналарини келтириб ўтади. Тадқиқотда муаллиф ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини қўллаб, лаборатория машғулотларини ўтказиш ва уни такомиллаштириш методикасига эътибор қаратади. Оптика бўлимидан лаборатория машғулотларида талабаларнинг тажриба ўтказишида курсдан маъруза эшитган ёки мустақил ўрганаётган назарий материалларни амалиётда қўллашга ва кузатишга, ўлчаш натижаларини таҳлил килишга ҳамда умумлаштиришга ўрганишлари ва пировардида, физик қонуниятларнинг объективлигига ишонч ҳосил қилишлари ва уларда илмий тафаккурни ривожланишига асос бўла олиши таъкидланади 43; 46–76-б..
Б.Н. Нуриллаевнинг “Умумий физика практикумларида бўлажак ўқитувчиларнинг экспериментал кўникмаларини шакллантиришнинг дидактик асослари” номли диссертациясида бўлажак физика ўқитувчиларининг экспериментал кўникмаларини шакллантириш зарурияти психологик ва дидактик жиҳатдан асосланган, умумий физика практикумларининг талабаларда экспериментал кўникмаларни шакллантиришга оид лаборатория топшириқлари системаси ишлаб чиқилган ва амалга ошириш йўллари ёритилган. Талабаларнинг экспериментал билим ва малакаларини шакллантириш даражасини аниқлаш йўллари ишлаб чиқилган ва кўзда тутилган натижаларга эришилганлиги қийматлар асосида ёритилган. Умумий физика курсининг “Электр ва магнитизм” бўлимига оид экспериментлар ва уларни бажаришда ўрта мактаб ўқувчиларининг илмий тасаввурларини ривожлантиришга эътибор қаратилиб, “Атом физикаси” бўлимига оид лаборатория ишларига тўғрисида маълумотлар келтирилмаган. 45;34–85-б.].
М.Ю. Мансурованинг “Олий таълимда элементар зарралар физикаси мазмуни ва уни ўқитиш методикаси” мавзусидаги номзодлик диссертациясида бакалавриат босқичида “Элементар зарралар физикаси” бўлимининг такомиллаштирилган мазмуни баён этилган, бўлажак физика ўқитувчиларини тайёрлашда “Элементар зарралар физикаси” симметрия тушунчасининг янгича талқини келтирилган, ғалати зарралар, ғалатилик квант сони ва симметрия тамойили яратилган, мафтункор зарралар синфи, мафтункорлик квант сони ва симметрия тамойили баён этилган, талабаларда элементар зарраларнинг фундаментал хоссалари ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш методикасига оид тадқиқот ишлари олиб борилган 42.
И.У. Билоловнинг “Методика проведения лабораторных занятий в процессе обучения физике с применением персональных ЭВМ” номли диссертациясида умумий физика курсига оид лаборатория ишларини бажаришдан олинган натижаларини электрон ҳисоблаш машиналарида ҳисоблашга оид методик кўрсатмалар келтирилган бўлиб, тадқиқотда физика курсига оид виртуал ишланмалар ва электрон методик қўлланмалар яратишга оид кўрсатмалар келтирилмаган. Экспериментда олинган натижаларни таҳлил этишда натижаларни қайта ишлаш ва хатоликларни ЭҲМда ҳисоблаш методлари ишлаб чиқилган 9;12-б..
Ш.М. Хайдарованинг “Педагогические основы формирования профессиональной направленности физического лабораторного практикума в вузе” номли диссертацияси техника йўналишидаги олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига оид лаборатория ишланмаларига қаратилган бўлиб, тадқиқотда электр ва магнетизм бўлимига оид лаборатория ишланмалари келтирилган. Унда бўлғуси муҳандисларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, шунингдек, изланиш жараёнида муҳандислар ва бўлғуси соҳа мутахассислари билан олиб борилган анкета савол-жавоблари келтирилган ва таҳлили ёритилган бўлиб, “Атом физикаси” курси ва бўлимга оид лаборатория экспериментларига тўғрисида маълумотлар келтирилмаган 49; 34–75-б..
Д.А. Бегматованинг “Физика практикуми ишларини миқдорий баҳолашнинг дидактик асослари” мавзусидаги номзодлик ишида лаборатория эксперименти асосида эгалланадиган билимларнинг мазмундорлик харитаси яратилиб, лаборатория машғулотлари мазмундорлигини ошириш ва миқдорий баҳолашнинг дидактик асослари келтириб ўтилган. Шунингдек, тадқиқотда лаборатория экспериментига оид терминларнинг муаллифлик таърифлари яратилган бўлиб, “Атом физикаси” бўлимига оид лаборатория машғулотлари ва уларда олинган натижалар тўғрисида маълумотлар келтирилмаган.
Фаолият тушунчаси фалсафа, психология, педагогика ва бошқа бир қатор кўпгина фанларнинг марказий ва энг мураккаб тушунчаларидан биридир. Фаолият тоифаси илмий билиш жараёнларини, унга бўлган интилиш сабабларини ҳамда шахсни ўрганишда кенг фойдаланилади.
“Фаолият” тушунчасининг муҳим тарафларини, фикримизча, етарли даражада тўлиқлигича акс эттирувчи бир нечта таърифини келтирамиз.
А.Н.Леонтев таърифига кўра, фаолият бу эҳтиёж туртки берилган ҳаракат шаклидир. Бундай ҳолда фаолият сабаб келтириб чиқарадиган ҳаракатларнинг йиғиндиси бўлади [105]. С.Л.Рубиншейн фаолият ўз объекти томонидан белгиланади деб ҳисоблаган. Фаолиятдаги муваффақият, С.Л.Рубиншейн таъкидлашича билимлар, кўникмалар ва интилиш сабаблари каби уч унсурнинг ўзаро таъсирига боғлиқдир. Шу билан бирга у объектив фаолиятда, фикрлаш жараёнида ақл-заковатини намоён қилиш шаклларидир деб таъкидланади [155].
Г.В.Сукҳо фаолият морфологиясида ҳатти-ҳаракатлар, амалиётлар ва ҳаракатлар тузилиш ва ҳатти-ҳаракатларнинг чизиқли ёки спиралсимон, микро- ёки макро таркибий тузилишини ажратиб кўрсатади. Унинг фаолият ҳақидаги тушунчаларнинг семантик дарахти [] ҳаракат — фаоллик — кундалик фаолият — инсон фаолияти — меҳнат фаолияти — касбий фаолиятидан амалиёт фаолиятига кўтарилиб боради ва ҳақиқий фаолиятни назариётда қайта яратиб амалиётда эса уни амалий жиҳатдан амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари у субъектив ҳисобланиб морфология, интилиш сабаблари, вазифалар каби фаолиятнинг асосий психологик жиҳатлари ҳамда фаолият турларининг динамиклиги ва хилма-хиллигии белгилайди. Ҳар қандай фаолият — тафаккурнинг бир кўринишидир.
Айнан инсон ўз ҳатти-ҳаракатларида, ишлаб чиқариш жараёнида, ижодий ишларда ўзини фикрлайдиган мавжудот сифатида намоён қила олади.
Барча тадқиқотчиларнинг фаолият тизими бўйсуниш тартибига эга бўлиб бир нечта кетма-кетликда шаклланиб борадиган ва биргаликда ҳаракат қиладиган даражалардан иборатдир. Фаолият моҳиятида билиш, эмоционал-ҳиссиёт ва ирода каби психологик унсурлар ажратилади.
Фаолиятни таҳлил қилишда генетик, таркибий-функционал, динамик каби уч хил нуқтаи назарини ажратилади [48]. Бизларга кўпроқ иккинчи нуқтаи назар қизиқ бўлиб, бунда фаолият унга яхлитлигича хос бўлган асосий хусисиятларини ўз ичига олиб компонентларга бўлинади. Бундан ташқари, фаолият бирликлари ўртасидаги алоқалар ҳаракатчан бўлиб, рефлексияланувчи объектнинг фаолият таркибидаги ўрнидан келиб чиқиб тизим таркибидаги психологик рефлексиянинг моҳияти, рефлексия даражаси (англанган ёки англанмаган) ва фаолиятни тартибга солиш тури (ихтиёрий ёки ихтиёрий бўлмаган) ўзгариб боради.
Г.Н.Шедровитский амалиёт ҳаракатлари фаолият таркибининг мазмунли тузилмасидан юқорироқ даражасида туради деб ҳисоблайди [227]. А.Н.Леонтев фаолият таркибида қуйидаги компонентларни ажратиб кўрсатади: субъект, предмет, махсулот, сабаб, восита ва вазифа. Бундай ҳолда вазифа фаолиятнинг ҳолисона моҳиятини ўзида рефлексиялайди.
М.Глушков [32] ҳудди шундай ўз ичига мақсад, предмет, сабаб ва усулни олувчи ҳаракат тизимини ажратди.
Фикрлаш (когнитив, ақлий) фаолияти инсоннинг ҳар қандай фаолиятини энг муҳим қисми, унг энг олий намоёнидир. Фикрлаш фаолияти ва унинг ривожлантириш усулларини тадқиқотлари А.В.Брушлинский, Л.С.Виготский, П.Я.Галперин, В.В.Давидов, Э.Н.Кабанова, А.Н.Леонтев, Н.А.Подгоретская, И.Н.Семёнов, Н.Ф.Талзина каби кўпгина педагог ва психологлар ишларида ўз аксини топган, уни турли жиҳатларини шакллантиришга эса кўпгина диссертация тадқиқотлари бағишланган [45, 85, 91, 119, 143, 190].
И.Н.Семёнов [169] фикрлаш фаолияти (ёки фикрлашни) таркибига шахсият компонентини ҳам киритади. Шундай қилиб, у фикрлаш қуйидаги даражаларда амалга оширилади деб ҳисоблайди:
тасаввурлар, тушунчалар, мақсадлар, моделлар ва воситаларни ўз ичига олувчи предмет даражаси;
режалар, ҳатти-ҳаракатлар, амалиётлар, натижаларни ўз ичига олувчи операционал даража;
саволлар, баҳолар, кўрсатмалар, малакалар, касбий муаммолардан ташкил топган рефлексив даража;
ўзини ўзи баҳолаш, тушунтириш, интилиш, ўзини ўзи англаш кабиларни ичига олган шахсият даражаси.
Ушбу даражалар инсонда биргаликда фикрлаш фаолиятининг компонентларини ўзаро боғлиқ тартибли тизимини ташкил қилади.
Ўқув фаолияти (инглиз тилида - learning activity) – айнан бир маънога эга бўлмаган тушунчадир. Кўпгина тадқиқотчилар ўқув фаолиятини “ўқиш”, “таълим олиш” синонимлари сифатида ҳамда таълим муассасаларида асосий меъёрий фаолият сифатида [40, 134, 135, 154], баъзи олимлар таълим олишнинг жараёний “дидактик бирлиги” сифатида [71] талқин қилишади. Б.Г.Мешчеряков тадқиқот ишларида ушбу терминни оламни англаш ва қайта ислоҳ қилиш, жамоа тажрибасини ўзлаштиришга қаратилган шахс фаоллигининг алоҳидаги шакли сифатида ишлатади, бу эса ташқи предмет ва ақлий хатти-ҳаракатларнинг маданий усулларини ўрганишни ўз ичига олади [115]. Таъкидлаб лозимки, ўқув фаолиятини ҳар қайси фаолият турларига (мулоқот, ўйин, спорт ва бошқалар) киритилган ўқиш ва билиш жараёнлари билан бир хил эмас.
Таълимнинг муайян босқичларига мос келувчи ўқув фаолияти талабалар томонидан ўзлаштирадиган назарий ва илмий билимларнинг моҳияти, ўқувлар уни амалга ошириш тавсифи, уни ташкил этиш усуллари, психологик тузилмаларнинг шаклланишидаги роли бўйича фарқланади. Талабаларда психолог олимларнинг фикрига кўра, ўқув фаолияти тадқиқот характерини касб этади. Тўпланган назарий билимларнинг ўзлаштирилиши турли билиш шакллари талабларига кўра тадқиқотчилик, лойиҳалаштириш ва конструкциялаш натижаларини мустақил равишда амалга ошириш жараёнига сингиб кетади, бу эса талабаларни илмий тушунчаларни аниқлаш, касбий тайёргарлигини ривожлантириш, ахлоқий қадриятларини чуқурлаштиришга хизмат қилади. Ушбу таърифнинг таҳлили ОТМда физика таълими жараёнини шундай ташкиллаштириш керакки унда талабалар барча келтириб ўтилган фаолият турларида ўзини кўрсата олиши кераклигини исботлайди.
Тадқиқотчилар бугунги кунда талабаларда фаолият турларининг ривожлантириш каби долзарб масала ечимини излашни давом этмоқдалар. Талабаларда умумлаштирилган муҳандислик касбий кўникмаларини шакллантириш усуллари (С.А.Тимаева [189]), физик масалаларни ечиш ва тузиш (Л.П.Бестужева [14], Г.А.Дзида [44]), касбий кўникмалар ва тадқиқот фаолияти (Г.А.Бокарева, Э.Н.Никот, Н.В.Сечкова [18, 75, 182]), талабаларда ўқув материалини тартиблаштириш кўникмаларини шакллантириш (Э.Д.Нестерова [119]), касбий муаммоларни ечиш воситаларини қўллашнинг умумлаштирилган кўникмасини шакллантириш (А.А.Никоноров [124]) ва бошқалар томонидан тадқиқотлар олиб борилган. Бироқ, педагогик, психологик, фалсафий, илмий адабиётлар таҳлили техника ОТМларнинг талабаларида мантиқий фикрлаш усуллари шаклланиши хусусиятлари билан боғлиқ масалалар услубий-дидактик жиҳатдан етарлича ўрганилмаган.
Талабаларни касбий компетенцияларини ривожлантириш лозим бўлган физик масалалар хусусиятини яхшироқ тушуниш учун уларнинг келажакдаги касбий фаолиятининг хусусиятларини биргаликда таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, талабаларининг аксарияти физикадан таълим олиш жараёнида турли йўналишлардаги талабаларни фундаментал тайёрлови бирлиги асосида интеграциялашади. Битирувчилар жавоб беришлари лозим бўлган талаблар “муҳандис” тушунчасининг таърифини ўзида келтирилган. “Муҳандис” тушунчасининг таърифи муҳокама предмети бўлган 1968 йилда бўлиб ўтган Олий таълим ва муҳандисларни тайёрлаш бўйича умумжаҳон анжуманида ушбу ибора қуйидагича келтирилади: «... Назарий фикрлар ва воситалар асосида иқтисодий жиҳатдан фаолиятга лаёқатли объектлар, турли махсулот ва лойиҳаларни яратувчи мутахассис; ...юқори даражадаги умумкасбий ва ихтисослик билимларни ўзида мужассамлаштириб турли хил машиналар ва бошқа махсулотлар қурилишини яратиш бўйича режалаштириш, бошқариш ва ташкиллаштириш ишарига тайёр бўлган кишидир...» [43].
Шундай қилиб, техника ОТМ битирувчилари ечишга тайёр бўлишлари керак бўлган энг асосий касбий муаммоли масалалардан бири - бу янги объектларни яратиш - янги бўлган нарсани вужудга кетиришдир. Бу масала уни ҳал қилувчи инсондан айрим шахсиятга хос сифатларга эга бўлишни талаб этади, жумладан ривожланган тасаввур, зеҳни ўткирлиги, иштиёқ каби ижодий сифатлар билан бирга саводҳонлик, эвристик, мантиқ, билимдонлик каби ақлий сифатлардир.
Талабаларини касбий компетенцияларини ривожлантириш сифати масаласи доим долзарб бўлган. Сўнгги йилларда иқтисодиётни кескин суръатларда ўсиши, янги технологияларни вужудга келиши, турли жараёнларни ўсиб бораётган динамикаси туфайли ушбу масаланинг янги жиҳатларини намоён қилмоқда, жамиятга асосий намунавий масалалар ечиш усулларини биладиган мутахассислар эмас, балки кундалик ҳаёт фаолияти жараёнида юзага келадиган ҳар қандай муаммоли касбий масалаларни мустақил равишда, тезкор ва сифатли ҳал қилишга қодир инсонлар керак.
Белгиланган малакавий тавсифда келтирилган талабларга жавоб берувчи мутахассиснинг касбий фикрлашини шакллантириш масаласи мураккаб ва кўп даражалидир, унинг ҳал қилиш учун фаннинг турли соҳаларининг билимларини тизимлаштириш ва инобатга олиш лозим, жумладан фундаментал фанлар, муҳандислик психологияси, олий таълим дидактикаси, педагогика, квалитология, синергетика ва бошқалар.
Касбий таълим олиш жараёнида шахснинг ривожланиши, муҳандислик касбини эгаллаши ва касбий фаолиятни амалга ошириш мутахассис сифатида шаклланишнинг асосини ташкил этади. Мутахассис сифатида шаклланишни даврларга бўлишда тадқиқотчиларнинг деярли барчаси [47, 52, 133, 154] бўлажак муҳандисни билим, кўникма ва малакаларини ўзлаштиришни ўз ичига олган касбий тайёрлов даражасини ажратишади. Ўз касбий фаолиятини англаш ва тушуниш субъекти сифатида малакали муҳандис (И.Н.Семёнов фикрига кўра [169, 170]) предметли, операционал, рефлексив ва шахсий даражаси каби тўртта ўзаро боғлиқ бўлган фикрлаш жараёнининг даражаларини ўзлаштириши лозимдир. Фикрлашнинг даражавий унсурлари ўртасидаги амалда мавжуд бўлган алоқа доим хилма хил ва турлича. “Умумий кўринишда у ҳуқм сурувчи даража доирасида вужудга келадиган тўсқинлик ва касбий муаммоларни енгиб ўтиш бўйича уринишлари тугаганда уларни бартараф этиш имкониятлари нафақат ушбу даражанинг доирасида балки қидирувга қаратилган фаолликни бошқа даражаларга йўналтирилиб у даражалардаги ҳаракат эса нафақат зиддиятни йўқотади ва бўйсуниш тартиби бўйича бир бирига бўйсунувчи турли даражаларда воқеалар ривожланиши орқали ўртача ҳолатга келтирилади” [169].
С.Д.Смирнов ва бошқа муаллифлар [174] касбий муаммоли масалаларни муваффақиятли ечиш учун предмет, мантиқий ва психологик каби камида уч билим қатламини ажратишади. Шундай қилиб, фикрлаш жараёни турли предметлар ҳақида тушунчаларни, ушбу предметлар билан фаолиятни амалга ошириш усуллари ҳақида билим, ўз ҳаракатларини англаш ва таҳлил қилиш, ва ниҳоят, ўзлигини шахс сифатида англаш тушунчаларини функционал тарзда боғлайди.
Фикрлашнинг тўрт даражасидан бирини шаклланиши бошқа даражаларнинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Шу билан бирга фикрлаш даражаларининг бўйсуниш тартибидаги пастроқ ва оддийроқ деб ҳисобланган предмет ва операционал даражалар осонроқ шаклланиши мумкинлиги исботланган [97].
Шундай қилиб, бизнинг тадқиқотимизда (физика курсининг моҳияти ҳамда физикадан амалий ва лаборатория машғулотларида қўлланадиган усуллар, амалиётлар, билим ва кўникмалар кирувчи) талабалар фикрлашининг предметли ва операционал компонентларини такомиллаштириб улар фикрлашининг рефлексив ва шахсий даражалари (таълим олишга интилиш сабаблари, ижодий фаолиятга йўналтирилганлиги, ўз олдига мақсадларни қўйиш, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаракатларини таҳлил қилиш ва баҳолаш) ривожланишига билвосита таъсир кўрсатиш мумкин. Ушбу компонентларнинг кўпчилиги талабалар ўқув жараёнида ҳам ўзлаштириши лозим бўлган асосий когнитив компетенцияларидир. Улар § 1.3 атрофлича кўриб чиқилади.
Битирувчининг профессионал фаолиятга тайёргарлигининг кўрсаткичларидан бири у белгиланган мутахассислик бўйича малакавий тавсифига мос келишлигидир. Бази муҳандисли йўналишлари бўйича малакавий тавсифларни таҳлил қилгач улар жавоб бериши учун талаба фикрлашнинг тўрт даражасининг барчасида фикрлаш фаолиятини амалга оширишга тайёр бўлиши лозим бўлган талабларни ўз ичига олганлигига амин бўлиш мумкин:
Предметли даражада техника ОТМ талабасида амалдаги стандартлар, техник шартлар, қўлланадиган ҳужжатлар ҳамда у ишлашига тўғри келадиган объектлар ва улар асосланиб фаолият юритадиган қонунлар ҳақида билимлар шаклланилган бўлиши керак. Ушбу объектлар электрон ва микротизимли техника («электрэнергетика» мутахассислиги учун), электр асбоб-ускуналар («электрон асбоб-ускуналар, электр механика ва электр технологиялари» мутахассисликлари учун) дан тортиб “иссиқлик энергетикаси” ва “муқобил энергетика” мутахассислиги) гача танланган мутахассисликга кўра фарқ қилишади. Ушбу объектлар ҳақида билимлар мутахассислик бўйича фанлар ва махсус курсларни ўргатиш жараёнида берилади. Бази мосламаларнинг соддалаштирилган моделлари ва фаолият тамойиллари умумий фанлар, жумладан физика курси доирасида ўрганилиши мумкин.
Талаба физикадан таҳсил олиш жараёнида касбий муаммоли вазифаларни ва касбий фаолиятнинг бошқа турларига тайёр бўлиши лозим. Масалан, илмий-техникавий ахборотларнинг тизимлаштириш ва умумийлаштириш, объектларнинг моделларини тузиш, муаммоларни таҳлил қилиш, техник топшириқларни тузиш ва ҳоказолар бундай вазифалар сафига киради. Ушбу масаларни ҳал қилиш усуллари ва келажакдаги касбий фаолиятнинг амалга ошириш усуллари, унинг таркибига кирувчи асосий ҳаракатлар ва амалиётларни билиш фикрлашнинг операционал қатламига таалуқлидир. Турли мутахассисликлар бўйича муҳандисларнинг малакавий тавсифларини таҳлили уларда фаолиятнинг таркиби ва моҳияти бир ҳил бўлган яъни бажарилаётган жараёнлар нуқтаи назаридан инвариант бўлган, лекин ҳар ҳил предмет материалида амалга оширилаётган масалаларни ажратишга имкон берди. Бу эса операционал даража муҳандислик мутахассисликларнинг кўпчилиги учун бир эканлиги демакдир.
Рефлексив даражада фаолият натижалари англанади ва таҳлил этилади, баҳолар берилади, касбий фаолиятнинг айрим босқичларини режалаштириш ва назорат амалга оширилади, қўлланаётган воситалар ва усуллар тузатилиши мумкин, бу эса ҳар бир малакали мутахассис фаолиятнинг муҳим қисмини ташкил этади.
Фикрлашнинг энг юқори - шахсий даражасида мутахассис ўзини ўзи баҳолаш, ўз фаолиятини амалга ошириши учун сабаб топиш, ўзини ўзи аниқлаш, ўзини ўзи ташкил қилиш, ўзини ва унга бўйсунувчи ҳодимларнинг фаолиятини бошқаришга қодир бўлади. Бу ҳам юқори малакали мутахассиснинг энг муҳим вазифаларига киради.
Шундай қилиб, касбий фикрлаш, махсус билим, маҳорат ва кўникмаларни ҳамда ўз ўзини баҳолаш ва ривожлантириш, билим олишга қизиқиш, энг юқори даражадаги касбий муаммоли масалаларни ҳал қилишда қўл келувчи билимларни олишда мустақиллик каби қўшимча сифатларни шакллантириш ОТМда муҳандислик йўналиши талабаларини касбий фаолиятга тайёрлашлашнинг муҳим унсуридир.
Муҳандислик йўналиши талабаларининг фикрлаш фаолияти хусусиятларининг шарҳига қисқача якун ясар эканмиз, қуйидагича ҳулосаларни чиқариш мумкин:
Фикрлашнинг айрим қисмлари ва умуман олганда инсон шахсиятини шакллантириш ва ривожлантириш фақатгина интилишга сабаблар тизими бошқарадиган касбий фаолият мобайнида амалга оширилади;
Фаолиятни унинг компонентлари (ҳаракатлар ва амалиётлар), психологик англаш (интилишга сабаб, мақсад) орқали тавсифлаш мумкин;
Талабаларда фикрлашни шакллантириш бўйича белгиланган физикавий касбга йўналтирилган муаммоли масалани муваффақиятли ҳал қилиш улар физикадан таълим олиш жараёнида бажаришга тайёрланаётган фаолиятнинг психологик-дидактик хусусиятларини инобатга олиш керак.
Муҳандислик йўналиши бўйича таҳсил олувчи талабаларда фикрлашнинг моҳият даражалари қисман фарқ қилади. Операционал даражалари бир бирига жуда ҳам ўхшайди, чунки улар таркибига бир ҳил компонентлар киради. Рефлексив ва шахсий даражаларида эса уларнинг фикрлаши ўртасида деярли фарқ йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |