Тўгарак аъзоларининг нутқи устида ишлаш.
Тўгарак аъзоларининг нутқи устида ишлаши, тоза талаффузга эришиш, қаҳрамон образига мос овоз танлаш ва уни ижро этиш йўллари ўргатилади. Тўгарак аъзоларини овози ҳар хил бўлади йўғон ва ингичка қўғирчоқларга эса бажариладиган ролига қараб овоз берилади. Қуйидаги машқларни ҳам бажариш мумкин:
Ҳаво тўлқини овоз пайчаларида пайдо бўлган товушни оғиз, бурун бўшлиғи томон йўналтиради. Бу ерда гапирувчи эҳтиёжига кўра, ҳаво оқими турли тўсиқларга учраб, аниқ зарурий нутқ товушлари пайдо қилади.
Унли товушлар оғиз бўшлиғида ҳеч қандай тўсиққа учрамайди, фақат лаб, жағ, тилнинг турлича шаклланиши натижасида пайдо бўлади. Талаффуз этилганда ҳаво оғиз бўшлиғида тўсиқларга учрамай, овоздагина ҳосил бўладиган товушлар унли товушлар деб аталади.
Алифбода олтита унли товуш мавжуд.
Булар: а, о, и, у, ў, э
Унлиларни тўлиқ нафас олган ҳолда, нафас тугагунга қадар айтиш керак. Масалан, ааааааааааа.
Бунинг учун қоринга тўлдириб нафас олиб, нафас тугагунга қадар унли товуш чўзиб айтилади. Машқлар шу зайлда давом эттирилади.
Эслатма: Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қўғирчоқ театри тўгараги раҳбарлари юқорида режалаштирилган эртакларни айнан тўгарак фаолиятига татбиқ этиши шарт эмас, балки бошқа жаҳон ва бошқа мамлакатлар эртаклар дурдоналаридан ўз имкониятларига кўра фойдаланишлари ҳам мумкин.
Қўғирчоқларни ўйнатишда қўл ҳаракатлари.
Қўғирчоқларни ўйнатишда, яъни қўлга кийдириб ўйналадиганлар учун кўрсаткич бармоқ бош қисмига, бош ва ўрта бармоқларга қўл қисмлари жойлаштирилади. Ҳаракатлар эса олдинга, ёнига, орқага ва эгилиб бажарилиши мумкин, бунинг барчасида қўл ҳаракатлари муҳим ўрин тутади. Қўғирчоқ театри актёри учун энг зарур бўлган йўналиш бу унинг қўл ҳаракатчанлигидир. Хақиқатдан ҳам инсон хатти-ҳаракатининг энг фаол ижрочиси бўлган қўл қўғирчоқ театрида ўзининг мўжизакорлиги, сеҳргарлик кучини янада яққол намоён қилади. Драматург асаридаги қиёфа-лар мусаввир ва қўғирчоқ устасининг ижодий кўмагида дунёга келган қаҳрамонлар қўғирчоқ театри актёри қўли билан жонланиб, мантиқли, мақсадли ҳатти-ҳаракатга мойил қилинади. Бу ўз ўрнида қўғирчоқ театри актёридан қўлларининг нақадар ҳаракатчан, чиниққан, чидамли бўлишини тақозо этади. Шунинг учун қўғирчоқларни катта маҳорат билан бошқариб, турли мантиқли ҳатти-ҳаракатлар содир қилиш билан бирга, қўл яланғоч ҳолда, қўлқопли ҳолатда ёки думалоқча кийган ҳолатда турли ҳаракатларни амалга ошириб, турфа образлар яратади ва бой имкониятларини намоён этади. Демак қўғирчоқ театри актёрнинг қўл ҳаракатчанлиги чексиз имкониятларга эга бўлиши керак.
Персонажларнинг сўз ҳаракатлари билан жисмоний ҳаракатлари мослашишига эришиш керак. Олдинига оддий ва осон туюлган кўп нарсалар тўсиқда қийинлашади. Тўсиқ орқаси ижрочиларга тор ва ноқулай кўринади, қўллар толади, қўғирчоқлар қўл ҳаракатларига бўйсунмайди, реквизитлар ерга тушиб кетаверади. Бироқ секин-аста ҳамма ҳаракатлар ўз ўрнини топиб, керакли малака ҳосил бўлади ва партнерлар билан алоқа ўрнатилади.
Саҳнада қўғирчоқ персонажларнинг хулқ-атвори ва ҳаракатларини ип-игнасигача аниқ билиб олмагунча вақтни аямаслик керак. Шундан кейингина ҳақиқий репитицияга киришилади. Қўғирчоқ билан, яхшиси, камроқ ҳаракат бажариб, лекин чиройли ва аниқ бўлишига эришиш керак. Ижрочи ўзи яратаётган образдаги қўғирчоқ қандай юриши ва ҳаракат қилиши мумкинлигини мустақил излаши керак. Қўғирчоқ спектаклларида бир актёр бир неча ролни ўзига хос овоз ва ҳаракатларини топиб, ижро этиши мумкин. Баъзи умумий саҳналарда бир актёр бир вақтнинг ўзида иккала қўлига қўғирчоқ кийиб ўйнатиши мумкин. Шунда актёрлар тор жойда сиқилиб қолишмайди, қўғирчоқлар ҳаракатини осонликча мувозанатга сола оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |