Археологик кузатиш –археологик жиҳатдан текширилмаган жойларда хўжалик ташкилотлари ариқ чиқариш, бино қуриш, ер текислаш ва ҳ.к. пайтларида ер тагидаги баъзи моддий маданият ёдгорликлари йўқ бўлиб кетмаслиги учун археологларнинг ўша жойларда назорат қилиб туришлари.
Археологик қазиш – махсус рухсатнома асосида ёдгорликлар ва маданий қатламни тўлиқ ўрганиш имконини берувчи услубга (авваламбор стратиграфик услубга) риоя қилинган ҳодда археологик ёдгорликларни тадқиқ этиш. Археологик қазиш турли археологик текширишнинг якунловчи босқичи бўлиб, унда синаб кўрилган ёдгорлик бошданоёқ батамом қазиб текширилади, тугалланган тарихий хулосалар чиқарилади.
Археологик маданият – ўзига хос этн. хусусиятлари билан ажралиб турадиган муайян даврга ва ҳудудга дойр археологик ёдгорликлар бирлиги. Айрим ёки бир қанча белгиларга, хусусан, сопол буюмларнинг шакли, нақши, марҳумларни дафн этиш тартиби, меҳнат қуроллари, уй-рўзғор анжомлари ва бошқаларга кўра белгиланади. Ёдгорликлар қаердан топилса, шу жойнинг номи билан юритилади (масалан, Сополли маданияти).
Археологик саналаш – археологик ёдгорликларнинг ёшини аниқлаш. Уларнинг санаси йил, юз йиллар, минг йилларда аниқ кўрсатилиши ҳамда бошқа ёдгорликларга нисбатан аниқланган нисбий (илгари, сўнгги) бўлиши мумкин. Археологияда археологик усуллар (стратиграфик, типологик) ва табиий фанлар усуллари (радио-углерод усули билан саналаш ва б.) билан аниқланиши мумкин.
Археологик синов – археологик ёдгорликларни қайд этиш (археологик хариталар тузиш) ва қазилма ишлари олиб бориш мақсадида ўтказиладиган қидирув ишлари. Археологик синовда одатда ҳар бир ёдгорлик синов тариқасида қисман қазиб кўрилиб, унинг бунёд этилган вакти, умри, хусусияти каби томонлари аниқланади.
Археология ёдгорликлари – археологик тадқикотларнинг объекти бўлиб хизмат қилувчи, ернинг усти ва остида сақланиб қолган қадимги иншоотлар ва буюмлар. Археология ёдгорликлари моддий тарихий манбалар бўлиб, уларни ўрганиш билан кишилик жамиятининг ўтмиши ёритилади. Археология ёдгорликлари кишилик тарихининг ёзма тарихгача бўлган энг қадимги даврини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Археологик даврлар бўйича Археология ёдгорликлари қуйидаги турларга бўлинади: 1) тош даври ёдгорликлари; 2) жез даври ёдгорликлари; 3) антик давр ёдгорликлари; 4) қадимги мудофаа иншоотлари; 5) қадимги сув иншоотлари; 6) қадимги мозор-мўла ва ўралар; 7) қадимги меъморлик ёдгорликлари; 8) қадимги ҳужжатлар; 9) ўрта аср шаҳар ва работларнинг харобалари; 10) заргарлик буюмлари ва қадимги пулларнинг хазинаси; 11) қадимги ва ўрта аср пуллари, турли археологик топилмалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |