Эскича анъанавий оила кийинишда, еб-ичишда касбу корда замонавий
оиладан фарқ қилмайди. У ҳам ҳалол, ҳамма қатори замонавий шароитда
яшайди. Фақат у ўзининг «ўзбекчилиги, аждодларининг анъанавий маънавий
қадриятларини «унутмагани» билан фахрланади. Ҳамма гап шундаки, бундай
оила асосий кучи ва имкониятларидан ана шу фахрланиш ҳиссига эришиш
учун фойдаланади. Буни биргина тўй мисолида ҳам кўриш мумкин. Афсуски,
бугунги кундаги анъанавий тўйларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганини
ҳамда тўйлар муайян маънода ахлоқсизликнинг бир кўринишига айланиб
бораётганлигини тан олиш керак. Пул қистириш ёки ўртакашлар томонидан
пул илинжида ўйлаб топилган турли “сценарийлар” (келин-куёвнинг оналари
ва яқин қариндошлари ҳақидаги мадҳиябозликлар ва ҳ.к.). Бундай эскича -
«анъанавий оиладаги муҳит атрофдаги бошқа оилаларга ҳам салбий таъсир
кўрсатади, жамиятнинг заиф, маънавий савияси паст халқаси сифатида
миллат тарбиясини маълум маънода бузади. Айни пайтда ўз аъзоларининг
ҳам «гап-сўздан» қўрқадиган, мақтанчоқ ижтимоий-сиёсий «саводсиз»,
умрини кундалик майда ташвишлар билан ўтказадиган одамлар бўлиб
қолишларига олиб келади. Янгича замонавий оиладаги муҳит эса бунинг
акси: тўй - маъракаларда энг ёмон иллат бўлмиш исрофгарчиликка йўл
қўйилмайди. Уларга кетадиган ортиқча сарф-харажатлар имкони борича
қисқартирилиб, асосий маблағ оиланинг фаравонлигини, интеллектуал ва
маиший даражасини юксалтиришга йўналтирилади. Бундай оилада тотувлик,
хотиржамлик қарор топади, дастурхон устидаги суҳбатлар янги китоблар,
фильмлар, ижтимоий-сиёсий янгиликлар, дунё хабарлари устида боради, дам
олиш масканларига бориш режалари тузилади; асосий хатти-ҳаракат
фарзандларнинг олий маълумотли бўлишига, замонавий касбий маҳоратни
эгаллашига, уларни халқ ва Ватан фаҳрланадиган шахслар бўлиб
етишишларига қаратилади.
Агар эскича-анъанавий оилавий муҳит Ўзбекистонда эркин демократик
фуқаролик жамияти қурилишига тўсқинлик қилса, янги замонавий оила
муҳити унинг тезроқ рўёбга чиқиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шундай қилиб фуқаролик жамияти муайян халқ учун жам бўлиб,
жамоат тарзида яшашнинг энг олий шакли ҳисобланади ва носиёсий бўлган
барча муносабатларни ўз ичига олади. Унда шахс эркинлиги, индивиднинг
«очилиши» ихтиёрий тарзда тузилган фуқаролар уюшмалари ташкилотлари
ва бирлашмалари доирасида ўзини намоён қилади. Иқтисодий, диний,
маънавий, ахлоқий эстетик миллий оилавий ва бошқа муносабатлар давлат
идораларининг аралашувисиз ўз ўзини бошқариш асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: