НАФРАТ –
аксил муҳаббат тарзида намоён бўлади, объектдан
четлашишни, ундан бегоналашишни тақозо этади. Ҳазар, жирканч ҳисси
нафратнинг кундалик турмушдаги тор, «майда» кўринишидир. Нафратнинг
уларга нисбатан «йириклиги» унинг ижтимоий ҳодиса сифатида
мавжудлигидир.
Айни пайтда, нафрат ғазабдан кескин фарқ қилади. У,
ғазабга
ўхшаб,
ўз объектини йўқотишга интилмайди, ундан фақат юз буради. Уни муҳаббат
эгасида ўз муҳаббати объектига нисбатан ташқи бир кучнинг ноинсоний,
адолатсиз, ноинсофларча муносабати туфайли ўша кучга қарши қўзғаладиган
ҳиссиёт дейиш мумкин. У давомийлик табиатига эга, ғазаб каби ўткинчи
ҳодиса эмас. Агар ғазабнинг асосида инсон феълининг салбий ҳолати - оний
баджаҳллилик ётса, нафрат учун чуқур ўйлаб қабул қилинган узил-кесил
қарор ётади. Кўринишдан нафрат кишида ёқимсиз таассурот уйғотса-да, кўп
ҳолларда у иллат эмас, ахлоқий фазилат сифатида инсоннинг
виждонлилигидан, ботиний жасоратидан далолатдир.
ЭЗГУЛИК
– ахлоқ фалсафасидаги энг муҳим категориялардан.
Эзгулик инсонга энг кучли маънавий лаззат бағишлайдиган, уни ижтимоий
шахсга айлантириб, ҳақиқий бахтга олиб борувчи фазилат; шахсни
комилликка, жамиятни эса тараққиётга етказувчи юксак қадрият. У
инсоннинг ахлоқий фаолияти туфайли муайянлашади, юзага чиқади. Эзгулик
ва унинг зидди ёвузлик одатий, кундалик ҳаёт мезонлари билан ўлчанмайди,
улар ҳам муҳаббат сингари қамровли ва ижтимоийлик хусусиятига эга.
Эзгуликнинг ахлоқий идеал билан боғлиқлиги шундан. Шу туфайли у
амалиётда қаҳрамонлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, жасурлик сингари
тамойилларни ўз ичига олади. Эзгулик асосан билвосита амалга
ошириладиган, узоқни кўзловчи, келажакка ҳам мўлжалланган, яъни
стратегик аҳамиятга молик ахлоқий хатти-ҳаракатлар мажмуи
ЁВУЗЛИК
– инсон фаолиятини баҳолаш хусусиятига эга. Эзгулик ва
ёвузлик жуфтлигида ҳар икки тушунча бир-бирини тамомила инкор этади.
Нафақат инкор этади, балки улар орасида ҳаёт-мамот кураши кетади ва бу
кураш абадий кураш сифатида, оламни ҳаракатга келтирувчи куч тарзида
намоён бўлади. Ёвузлик ҳеч қачон яхши ниятда (билмасдан) қилинмайди – у
ибтидодан ёвузлик сифатида вужудга келади. Ёвузлик борлиқни йўқликка,
бунёдкорликни бузғунчиликка, эркинликни эрксизликка айлантиришга
қаратилган салбий ҳодиса сифатида намоён бўлади. Унда зулм бирламчи
хусусият касб этади.
ЯХШИЛИК
– асосан шахснинг одобига, хулқига боғлиқ бўлган
ижобий ҳодиса. Унда мардлик, очиқкўнгиллилик, ҳалоллик сингари ахлоқий
меъёрлар тажассум топади. Бироқ унга асос бўлган амалий хатти-ҳаракатлар
қаҳрамонлик, жасорат, ватанпарварлик каби тамойиллар даражасига
кўтарила олмайди. Яхшилик бевосита шу кун учун долзарблик хусусиятига
эга, яъни тактикавий ахлоқий фаолиятдир.
ЁМОНЛИК –
яхшиликнинг зидди. Иллатнинг натижаси. Аммо
ўзгарувчаг табиатга эга. Баъзида ёмонлик яхшиликка айланиши. Ёки бунинг
акси бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |