учинчи гуруҳни эса ахлоқий меъёрлар деб тақдим этамиз. Биринчи гуруҳ
тушунчалари умумлаштирувчилик, муштараклик хусусиятига эга, улар фақат
назарияга тааллуқли. Иккинчи ва учинчи гуруҳ тушунчалари эса амалий
ахлоққа тегишли бўлиб, нисбатан муайян, тор қамровга эга; улар биринчи
гуруҳ учун «моддий асос» вазифасини ўтайдилар.
Шу ўринда «тушунча» атамасининг моҳиятига назар ташлашни жоиз
деб ўйлаймиз. Аввалроқ биз ахлоқий ҳиссиётларнинг ахлоқий онг учун
маълум маънода материал экани тўғрисида бирров тўхталиб ўтган эдик. Бу
ҳақда мумтоз файласуфлар ҳам эътиборга сазовор фикр билдирганлар.
Чунончи, буюк инглиз мутафаккири Жон Локк, тушунчада нимаики бор экан,
у бундан аввал ҳиссиётда мавжуд бўлган, деб таъкидлайди. «Табиат қонуни
борасидаги тажрибалар» асарида у шундай деб ёзади: «Агар ҳиссиётдан
ақлга нарсалар қиёфаси етказиб берилмаса, у ҳолда тафаккур учун ҳеч
қандай материал берилмаган бўлади ва ақл билишни тараққий эттириши
борасида меъмор бино қуришда тош, ёғоч, қум ва ҳоказо қурилиш
материалларисиз қанчалик иш қила олса, худди шунча иш бажара билади».
Ақлни идеаллаштириш, ҳиссиётни иккинчи даражали омил сифатида
талқин этиш, Локк ва унга ўхшаш баъзи мутафаккирлар фикрларини ҳисобга
олмаслик, афсуски, кейинги даврларда айниқса кучайди. Ҳегель сингари
файласуфлар эса бутун борлиқни мантиқийлаштириш йўлидан бордилар.
Лекин ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан кейин Ғарб алломалари бу йўлнинг кўп
жиҳатдан янглиш эканини англай бошладилар. ХХ аср мутафаккири, руҳий
таҳлил фалсафасидаги янги фройдчилик оқимининг атоқли намояндаларидан
бири Карл Юнг Тибет маййитлар китоби - «Бардо Тёдол»га ёзган шарҳида
шундай дейди: «Ғарб кишиси, «психологик» («руҳий») сўзини эшитганида,
унинг учун у «бор-йўғи психологик» тарзида жаранглайди. Унинг учун
«психе» - қалб қандайдир, ачинарли даражада кичик, эътиборга нолойиқ,
шахсий, субъектив ва ҳ.к. Шу сабабли «руҳ» (қалб) ўрнига «ақл» сўзини
ишлатишни маъқул кўради...». Бошқа бир ўринда барча метафизик
мулоҳазалар учун ижодий замин айнан ана шу қалб эканини, онг эса
қалбнинг кўзга кўринмас инъикосидан иборатлигини таъкидлайди.
Дарҳақиқат, «юрак ва ақл», «ҳиссиёт ва онг» баҳсида Ғарб, айниқса,
ХХ асрда, сўзсиз, биринчиликни ақлга, онгга беради. Юқоридаги каби
фикрлар истисноли ҳоллардир. Шу боис Ахлоқ фалсафаси нуқтаи назаридан
муҳаббат ҳақида гап кетса, уни ҳиссиёт деб яна бунинг устига, таърифлаш
қийин бўлган туйғу, деб атайдилар ва уни тушунча тарзида олиб қарашдан
чўчийдилар. Ваҳоланки, муҳаббат айнан ахлоқий ҳиссиёт ва Ахлоқ
фалсафасининг бош мезоний тушунчасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: