83-модда. Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш тартиби
Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш:
касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахснинг ташаббусига кўра — ушбу шахснинг маблағлари ҳисобидан;
иш берувчининг йўлланмасига кўра — иш берувчининг маблағлари ҳисобидан;
касбга ўқитиш марказига хизматлар кўрсатиш доирасида — касбга ўқитиш марказининг маблағлари ҳисобидан ўтказилади.
Малакани баҳолашдан ўтиш учун иш касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахс (иш берувчи, касбга ўқитиш маркази) томонидан қуйидаги ҳужжатлар малакани баҳолаш марказига бевосита ёки почта алоқаси орқали ёхуд ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилади:
ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонда иштирок этиш тўғрисидаги ариза;
паспортнинг ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси;
малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказганлик учун хизматларга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхаси;
зарур бўлганда, агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, касбий фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун тегишли рухсат олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари.
Ариза ва у билан қўшиб топшириладиган ҳужжатлар тўплами малакани баҳолаш марказида улар келиб тушган кундан эътиборан ўн йил давомида сақланади.
Малакани баҳолаш маркази ариза берувчини ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги, ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонни ўтказиш санаси, жойи, вақти ва тартиб-таомиллари тўғрисида беш иш куни ичида хабардор қилади.
Ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонга узрли сабабга (касаллик ёки ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа ҳолатларга) кўра келмаган шахс имтиҳонни малакани баҳолаш маркази томонидан белгиланган муддатда қайта топширишга қўйилади.
Шахс ишчиларга малака разряди ва мутахассисларга малака тоифаси бериш бўйича имтиҳонга узрли сабабсиз келмаган тақдирда, ушбу шахс учун имтиҳон бекор қилинади, илгари амалга оширилган тўлов эса қайтарилмайди.
Малака, билим ва кўникмаларни баҳолашдан ўтказиш учун мўлжалланган баҳолаш воситалари ҳамда баҳолаш усуллари, шу жумладан фойдаланиладиган моддий-техника ресурслари ва онлайн-синов учун дастурий таъминот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |