Тўғри ичакдан тўғридан-тўғри ёки лимфоген йўл билан.
Гематоген йўл.
Юқорига кўтарилувчи ёки инфекцияланган сийдикнинг простата бези йўлларига рефлюкси простатага инфекция тушишининг асосий ва энг кўп учрайдиган йўлларидир.
Простата безидаги ўткир бактериал инфекция одатда ўткир цистит билан биргаликда кузатилади ва кўпинча ўткир сийдик тутилиши келиб чиқади. Простата безининг бирор қисми ёки ҳаммаси яллиғланиши мумкин. Строманинг диффуз шиши ва гиперемияси кузатилиши мумкин.
КЛИНИК СИМПТОМЛАРИ.
Ўткир бактериал простатитда тана хароратининг кўтарилиши, қалтираш, оралиқ соҳасида, думғазада ва белда оғриқ, тез-тез сийиш, кучли сийиш сезгиси, никтурия, дизурия ва қовуқни йиғиш функциясининг пасайиши симптомлари кузатилади. Булардан ташқари миалгия ва артралгия кузатилади.
ТАШХИСЛАШ.
Бармоқ билан тўғри ичак орқали текширганда кучли оғриқ, простата безининг шишганлиги, капсуласининг таранглашганлиги, хамирсимон консистенцияси ва маҳаллий гипертермия кузатилади.
Ўткир яллиғланиш жараёни простата безининг бирор қисмини ёки ҳамма бўлагини эгаллаши мумкин. Агар ўткир простатит цистит билан давом этса, сийдик лойқаланиши мумкин, баъзан микро- ёки макрогематурия кузатилади.
ЛАБОРАТОР ТЕКШИРИШЛАР.
Қон тахлилида одатда лейкоцитоз ва лейкоцитлар формуласининг чапга силжиганлиги аниқланади. Сийдик тахлилида пиурия, бактериурия ва микрогематурия аниқланади. Бактериологик текширувда қўзғатувчиси аниқланади. Простата безини массаж қилиш мумкин эмас, чунки у бактериемияни келтириб чиқариши мумкин.
АСБОБЛАР ЁРДАМИДА ТЕКШИРИШ.
Бактериал простатитнинг ўткир стадиясида трансуретрал текширишларни қилмаслик мақсадга мувофиқдир. Ўткир сийдик тутилишини қов устидан тери орқали дренаж қўйиб даволаш яхши.
ДИФФЕРЕНЦИАЛ ТАШХИС.
Ўткир пиелонефрит қовуқни кучли таъсирлаш билан кузатилиши мумкин. Простатитда оғриқ одатда думғаза сохасида жойлашади, пиелонефритда эса оғриқ белда бўлади. Простата безини бармоқ билан текширгандаги ўзгаришлар ўткир простатитни юқори сийдик йўллари ўткир инфекциясидан осонгина дифференциялаш мумкин.
Қовуқнинг ўткир дивертикулитини ўткир простатит билан адаштириш мумкин. Қунт билан йиғилган анамнез ва физикал текширишлар ёрдамида одатда бу иккала касалликни ажратиш мумкин.
Ўткир носпецифик гранулематозли простатитни ўткир бактериал простатитдан дифференциялаш керак. Ўткир эозинофил вариантли гранулематоз простатит анамнезида аллергик реакцияси ва бронхиал астмаси бўлган одамларда кузатилади. Одатда кучли ривожланган васкулит ва қонда эозинофиллар юқори бўлиши билан кузатилади. Гранулематозли простатитнинг эозинофиллик бўлмаган тури простата безида коли-формалик инфекция билан давом этади. Бундай ҳолларда ташхис простата безининг биоптатларини гистологик текширувларига асосланиб қўйилади.
ДАВОЛАШ.
Антибактериал дорилар бактериологик текширув ва микробларнинг сезувчанлигига қараб танлаб олиниши керак. Дориларнинг дозаси бактерияларнинг колония ҳосил қилиш бирлигига қараб аниқланади.
Бактериал простатитни даволашда цефалоспорин ва фторхинолон қаторига кирувчи антибиотикларнинг янги авлодлари жуда яхши натижа беради (офлоксацин, ципрофлоксацин, норфлоксацин, триметоприм-сульфаметоксазол).
Ўткир сийдик тутилиши бўлганда тери орқали цистостомик дренаж ўрнатилади. Агар простата абсцесси ривожланса оралиқ соха орқали игна билан дренажлаш ва антибиотикларни киритиш талаб қилинади.
Умумий даволаш. Беморни ўрнида ётказиш режими, симптоматик даво.
АСОРАТЛАРИ.
Ўткир сийдик тутилиши.