Аммо, пул-кредит сиёсати мураккаб етказиб бериш
механизмига эгалиги
сабабли унинг ишлаб чиқариш ҳажмига ижобий таъсири ишлаб чиқаришни
кенгайтиришнинг ички рағбатлари ( фоиз ставкасининг пасайиши) орқали эмас, балки
кўпроқ ташқи дунё орқали рўй беради деб тасаввур қилиш мумкин. Бошқача айтганда,
капиталнинг чиқиб кетиши ва валютанинг қадрсизланиши шароитида мамлакат
маҳсулотларига талабнинг ўсиши унинг экспортига талабнинг ошиши ҳисобига рўй
беради. Шу сабабли пул сиёсатининг ички балансга ижобий таъсири ўзига хос
хусусиятга эга. Сузиб юрувчи валюта курси шароитида бюджет-солиқ сиёсатининг
самарадорлигини баҳолаш янада мураккаброқдир.Маълумки, давлат харажатларининг
ортиши ички ва ташқи мувозанатга икки йўналишда: даромад орқали ва фоиз ставкаси
орқали таъсир кўрсатади. Даромадларнинг ортиши( мултипликатор самараси орқали)
импортни кўпайтиради, савдо балансини ёмонлаштиради ва миллий валютанинг
курсини пасайтиради. Давлат харажатларининг ортиши,
шунингдек, ҳукумат
олаётган қарзларини кўпайтираётганлигини англатади, бу эса фоиз ставкаларининг
ортишига олиб келади. Юқорироқ фоиз ставкалари эса хориждан капитал оқиб
келишини рағбатлантиради. Бу эса миллий валюта курсини оширади ва капитал
ҳаракати счётини яхшилайди. Якуний натижа эса капиталнинг
мобиллиги даражасига
боғлиқ бўлади.
Капиталнинг паст мобилиги шароитида бюджет экспанцияси даромад орқали
кўпроқ таъсир кўрсатади. Капиталнинг унча кўп бўлмаган миқдорда оқиб келиши
савдо балансининг тақчиллигини қоплай олмайди ва оқибатда валюта курси пасаяди.
Миллий валютанинг арзонлашиши экспортнинг ўсиши учун қулай шароит яратади
ва тўлов балансининг тақчиллигини бартараф қилиш имконини беради. Экспортнинг
ортиши, шунингдек, бюджет экспанциясининг ички ишлаб чиқаришга ижобий
таъсирини тўлдиради.
Шу билан бирга капиталнинг мобиллиги
ортиб бориши билан капитал
счётининг тўлов баланси ва валюта курсига таъсири кучая боради. Капиталнинг
юқори мобиллиги шароитида унинг оқиб келиши сабабли рўй берган валюта
курсининг кўтарилиши тенденцияси устунлик қилади. Бу экспортнинг қисқаришига
ва савдо баланси тақчиллигининг ортишига олиб келади. Капиталнинг катта
миқдорда оқиб келиши бу тақчилликни қоплаш ва тўлов
балансини
мувозанатлаштириш имконини беради. Аммо бюджет экспанциясининг ишлаб
чиқариш ҳажмига якуний таъсири деярли нолга тенг бўлади. Бунга кучли сиқиб
чиқариш самараси мавжудлиги, яъни хусусий инвестицияларни фоиз ставкасининг
ошиши орқали ва экспортни алмашинув курсининг ошиши орқали сиқиб чиқарилиши
сабаб бўлади.
Шундай қилиб, пул сиёсатининг ички даромадга аниқ ижобий таъсиридан фарқли
равишда бюджет-солиқ сиёсати капиталнинг паст мобиллиги шароитидагина
самарали бўлади.
Хулоса ясаб, пул ва бюджет –солиқ сиёсатининг, ташқи балансни сақлаб
турган
ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан, нисбий
самарадорлигини баҳолашимиз мумкин.
Маълумки, қайд қилинган валюта курси шароитида ички монетар сиёсат амалда
“фалажланган” бўлади ва фақат бюджет-солиқ сиёсатигина самара беради. Ва бу
самара капиталнинг мобиллиги ортиши билан кўпайиб боради.
Сузиб юрувчи валюта курси шароитида ички ишлаб чиқариш ҳажмига, шубҳасиз,
капиталнинг мобиллиги қандай бўлишидан қатъий назар пул-кредит сиёсати ижобий
таъсир кўрсатади.
Назарот ва муҳокама учун саволлар
1. Очиқ иқтисодиёт деганда нимани тушунасиз?
2. Кичик ва катта очиқ иқтисодиётнинг моҳияти ва фарқларини тушунтириб
беринг.
3. Ташқи мувозанат атамасини изоҳлаб беринг.
4. Манделл-Флемингнинг очиқ иқтисодиёт моделини тавсифлаб беринг.
5.
Ялпи даромад,алмашинув курси ва жорий операциялар баланси салоқлар
ошганда қандай ўзгаришини Манделл-Флемингнинг очиқ иқтисодиёт
моделидан фойдаланган ҳолда тушунтириб беринг.
6. Нима сабабдан қайд қилинган валюта курси шароитида пул-кредит сиёсати
ички балансни таъминлашда самара бермайди?
7. Қайд қилинган валюта курси шароитида бюджет-солиқ сиёсатининг ички
мувозанатни таъминлашдаги самарадорлигини изоҳлаб беринг.
8. Сузиб юрувчи валюта курси шароитида пул-кредит сиёсати қандай мақсадлар
учун қўлланилганда юқори самара беради ва нима сабабдан?
9. Сузиб юрувчи валюта курси шароитида бюджет-солиқ сиёсатининг ташқи
мувозанатни таъминлашга таъсири механизмини тушунтириб беринг.
10. Капитал мобиллигининг қайд қилинган валюта курси шароитида иқтисодий
сиёсат самарадорлигига таъсирини изоҳлаб беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: