Дунёнинг негизида иккита эмас, балки ундан кўпроқ моҳият борлигини тан олувчи таълимот плюрализмдир. «Плюрализм» (лот. – кўплик, кўп хиллик, кўп сонлик) атамасини ҳам Х.Вольф 1712 йилда таклиф қилган. Бу тушунча онтологияда айниқса, жиддий қийинчиликлар туғдирган. Чунки айни шу таълимотда борлиқнинг кўп сонли мустақил ва ўзаро боғланмайдиган асосларини илгари суриш лозим эди.
Лейбницнинг «монадологияси», яъни монадалар ҳақидаги таълимоти плюрализмнинг классик кўриниши ҳисобланади. Ушбу таълимотга кўра, дунё сон-саноқсиз руҳий субстанциялардан ташкил топади. Аммо, плюралистик ёндашувнинг бундан олдинроқ илгари сурилган кўринишлари ҳам мавжуд. Масалан, Эмпедокл яратган дунёнинг тўрт асоси ҳақидаги таълимот плюралистик онтологиянинг турларидан бири сифатида амал қилади.
Баъзан плюрализмга мустақил таълимот сифатида эмас, балки дуализмнинг ўзгарган кўриниши сифатида қаралади. Лекин плюралистлар ўз назариясининг асосий вазифасини дуалистик мунозараларда ечимини топмаган руҳ ва табиат ўртасидаги қарама-қаршилик масаласидан фарқ қилади, деб биладилар.
Монизм. Дунёнинг нарсалар ва ҳодисалар ранг-баранглиги бир субстанциядан иборат деган таълимот «монизм» (юнон. monos – битта, ягона) деб аталади. Дунёнинг келиб чиқиши ва моҳияти ҳақидаги ҳозирги илмий тасаввурлар, шунингдек биринчи асос муаммосига нисбатан фалсафа тарихидаги энг салмоқли ёндашувлар кураши нуқтаи назаридан субстанция табиатини тушунишга нисбатан анча кенг тарқалган икки ёндашув – материалистик ва идеалистик монизмни қайд этиш лозим.
Материалистик монизм деб тавсифланадиган биринчи ёндашув дунё ягона ва узвий, у азалдан моддий ва дунёнинг бирлиги замирида айни шу моддийлик ётади, деб ҳисоблайди. Бу концепцияларда руҳ, онг ва идеалликдан эмас, балки моддийликдан келтириб чиқарилади. Бундай ёндашувларнинг ўта ривожланган кўринишларига биз Фалес, Гераклит, Спиноза, ва унинг издошлари асарларида дуч келамиз.
Идеалистик монизм эса, аксинча, материяни ҳар қандай борлиқнинг боқий мавжудлиги, йўқ бўлмаслиги ва биринчи асосига эга бўлган қандайдир идеал нарсанинг маҳсули деб ҳисоблайди. Бунда объектив-идеалистик монизмни (масалан, Платонда – бу ўлмас ғоялар, зардўштийликда олов, ўрта аср фалсафасида – Худо, Гегелда – яратилмайдиган ва ўз-ўзидан ривожланадиган «мутлақ ғоя») ва субъектив-идеалистик монизмни (масалан, борлиқнинг барча жисмоний ва руҳий ҳолатларини «нейтрал» асосдан – дунёнинг қандайдир мавҳум конструкциялари, «элементлари»дан келтириб чиқарган Мах) фарқлаш мумкин.
Субстанцияни барча ўзгаришлар ва ўз-ўзининг сабабчиси -causa sui сифатида тушуниш И.Кант томонидан қабул қилиниб, юксак баҳоланган. У субстанцияни «ҳодисаларнинг вақтдаги барча муносабатларини аниқлашга ёрдам берувчи ўзгармас асос», деб таърифлаган. Унингча, субстанция ҳар қандай тажриба ва ҳар қандай идрок этишнинг асосий шартидир. У барқарор ҳолатда бўлади, ҳар қандай мавжудлик ва вақтдаги ўзгариш унинг модуси, яъни ўзгармас нарсанинг мавжудлик усули сифатида қаралиши мумкин.
Фалсафада «Субстанция» категорияси «субстрат» (лот. – тўшама, негиз) тушунчасига яқин туради, деб қаралади. Субстрат борлиқнинг энг қуйи ва асосий қатлами сифатида тушунилади. Қадимги атомистик таълимотларда атомлар ана шундай асос ҳисобланган. Ҳар қандай субстрат муайян вужудга келиш жараёнининг ўзига хос хусусиятини ифодалайди. Ҳозирги талқинда, муайян физик жараёнларнинг субстрати сифатида элементар зарралар ва фундаментал (кучли, кучсиз, электромагнит ва гравитацион) ўзаро таъсирлар амал қилади. Турли моддаларнинг ҳосил бўлиш ва ўзгариш жараёнларида ўзининг барқарор ҳолатини сақлаб қолувчи атомлар кимёвий жараёнларнинг субстрати сифатида намоён бўлади. Элементар «ҳаёт бирликлари» сифатида амал қилувчи нуклеин кислоталар (ДНК ва РНК) ва оқсил моддаларининг молекулалари биологик жараёнлар субстрати бўлиб хизмат қилади. Барча ижтимоий ўзгаришлар замирида мақсадга мувофиқ фаолияти мавжуд бўлган инсон ижтимоий ҳаёт субстрати ҳисобланади.
Ҳозирги замон фалсафасида субстанция категориясининг онтологик мазмуни ўзаро таъсир сифатида тушунилади. Чунки айнан ўзаро таъсир дунё яралишининг ҳақиқий ва пировард сабабчиси – нарсаларнинг ўз-ўзини якуни (causa finalis) ҳисобланади. Нарсаларни субстанциялилик нуқтаи назаридан ўрганиш уларнинг мавжудлигини ички сабаблар ва ўзаро таъсирлар нуқтаи назаридан ёритиш, демакдир. Шу маънода, субстанцияни ички бирлик нуқтаи назаридан, унинг чексиз ва ранг-баранг ўзгаришларидан қатъий назар, қараладиган объектив борлиқ сифатида, ҳаракатнинг барча шакллари, мазкур ҳаракат жараёнида юзага келувчи ва йўқ бўлувчи тафовут ва қарама-қаршиликлар нуқтаи назаридан ёндашиладиган материя сифатида таърифлаш мумкин.
Шундай қилиб, субстанциянинг назарий хусусиятлари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- ўз-ўзини белгилаш (ўз-ўзининг сабабчиси ҳисобланади, уни яратиб ва йўқ қилиб бўлмайди);
- универсаллик (ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган, барқарор, ўзгармас ва мутлақ биринчи негизни ифодалайди);
- каузаллик (барча ҳодисаларнинг умумий сабабий боғлиқлигини ўз ичига олади);
- ягоналик (биринчи негизнинг ягоналигини назарда тутади);
- яхлитлик (моҳият ва мавжудликнинг бирлигини кўрсатади).
Хўш, ана шу хусусиятлар нуқтаи назаридан ҳозирги замон фалсафасида субстанция категорияси ўз ўрнига эгами?
Аввало, таъкидлаш лозимки, субстанция категорияси ҳозир ҳам кўп жиҳатдан диққатга сазовор. Биринчидан, бу барча ҳодиса ва жараёнларнинг сабабий белгиланганлиги ғоясини намоён қилади. Субстанция бунда барча мавжуд нарсаларнинг биринчи сабаби сифатида амал қилади. Иккинчидан, у универсиумнинг онтологик мазмунини муайянлаштириш талабидир. У барча ўзгаришларни белгиловчи ўзаро таъсирнинг янги турларини излаш ва майдоннинг ягона физик назариясини тузишга йўналтиради. Учинчидан, субстанция ўзининг ранг-баранг кўринишлари даражасида унинг ривожланиши нуқтаи назаридан олинган ҳамда ўзига хос бўлган бутун эволюцион имкониятларни ишга солиб, ҳаракатланаётган материя сифатида тушунилиши лозим. Тўртинчидан, субстанция категориясига мурожаат этиш материя ва онгнинг мутлақо қарама-қаршилиги тўғрисидаги масалани кун тартибидан чиқариш имконини беради.
Субстанция масаласи бирон-бир файласуф эътиборидан четда қолиши мумкин эмас, чунки унинг ҳар қандай мулоҳазалари, улар қайси мавзуга тегишли бўлмасин, гўёки «ҳавода муаллақ осилиб қолади», зеро ҳар доим мулоҳаза қилинаётган нарсанинг энг катта асослари ҳақидаги масала юзага келади.
Масалан, бир қарашда дунёнинг замирида нима ётишини аниқлашдан узоқ бўлиб туюладиган ахлоқ мавзусини олайлик. Ахлоқ индивидуал онг билан ҳам, ижтимоий онг билан ҳам бевосита боғлиқ бўлиб, фақат уларга боғлаб ўрганилиши мумкин. Аммо онгнинг келиб чиқиши ҳақидаги масала фалсафа тарихида ҳар хил ҳал қилинади. Хусусан, диний фалсафа вакили учун ахлоқнинг ҳам, онгнинг ҳам манбаи ва биринчи асоси Худо ҳисобланади, айни вақтда атеист учун бу масала бутунлай бошқача ечимга эга бўлади.
Фалсафа тарихида объектив дунёнинг бутун ранг-баранглиги қандайдир пировард, энг катта асосга умуман олганда қандай боғланганига назар ташлайдиган бўлсак, табиатан ҳар хил бўлган ва бир-бирига мутлақо боғланмайдиган икки шундай асос: материя ва онгга дуч келамиз.
Кўрсатилган асослар ҳам, уларнинг ўзаро алоқаси масаласи ҳам доимо қизғин баҳсларга сабаб бўлган, моддий (табиий) ва идеал (маънавий) нарсалар ва ҳодисаларнинг ўзаро нисбати муаммоси эса деярли ҳар бир таълимотда бевосита ёки билвосита илгари сурилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |