Глобалистика. Жаҳон ривожланишининг энг янги тенденцияларини англаб этиш борасидаги кўп сонли саъй-ҳаракатлар глобаллашув жараёнларининг моҳияти, тенденциялари ва сабабларини, улар таъсирида юзага келаётган глобал муаммоларни аниқлаш ва бу жараёнларнинг оқибатларини англаб этишга қаратилган фанлараро илмий тадқиқотлар соҳаси – глобалистика пайдо бўлишига олиб келди. Кенгроқ маънода «глобалистика» атамаси глобаллашувнинг турли жиҳатлари ва глобал муаммоларга оид илмий, фалсафий, маданий ва амалий тадқиқотларни, жумладан уларнинг натижаларини, шунингдек уларни айрим давлатлар даражасида ҳам, халқаро миқёсда ҳам иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий жабҳаларда амалга жорий этиш борасидаги амалий фаолиятни ифодалаш учун қўлланилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, глобалистика одатда илмий билимнинг табақаланиши натижасида ёки турдош фанлар туташган жойда пайдо бўладиган айрим фанлар қаторига кирмайди. Унинг вужудга келиши замирида қарама-қарши жараёнлар – ҳозирги замон фанига хос бўлган интеграциялашув жараёнлари ётади. Глобалистика тадқиқотлар ва билишнинг шундай бир жабҳасики, бу ерда турли фанлар бир-бири билан узвий алоқада, ҳар бири ўз предмети ва методи нуқтаи назаридан, глобаллашувнинг турли жиҳатларини таҳлил қилади, глобал муаммоларни бир-биридан алоҳида ва яхлит тизим сифатида ўрганиб, уларнинг ечимларини таклиф қилади.
Глобалистика мустақил илмий йўналиш ва ижтимоий амалиёт соҳаси сифатида 1960-йилларнинг охирларида шакллана бошлади, лекин унинг пайдо бўлиши учун объектив асослар анча олдин юзага келган эди.
Глобал жараёнларнинг шаклланиш тарихи. Ҳозирги глобаллашув жараёнларининг илк нишоналарига XV аср охирларидан бошлаб дуч келиш мумкин, XIX аср бошига келиб эса у амалда реал шакл-шамойил касб этди. Бу пировардида ягона географик, маълум даражада иқтисодий ва сиёсий жаҳон майдони шаклланишига олиб келган Буюк географик кашфиётлар юз берган давр эди. Айни шу даврда дунёни тушунишга нисбатан геоцентрик ёндашувлар гелиоцентрик ёндашувларга ўрин бўшатди, инсоният эса, ниҳоят, кун ва туннинг алмашишини тўғри талқин қилишга муваффақ бўлди. Фан фалсафадан ажралиб чиқиб, билимлар тўпланиши ва техниканинг ривожланишига кучли туртки берди, фан-техника тараққиёти ва саноат инқилоби юз беришига сабаб бўлди. Сўнгги зикр этилган воқеалар пировард натижада инсоннинг табиатни ўзгартирувчи имкониятлари ва унинг атроф муҳит билан муносабатини бутунлай ўзгартирди.
Ер курраси шар (глобус) кўринишида эканлигини назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб инсоният ўз тарихида биринчи бўлиб савдо-сотиқ соҳасида дунё даражасига чиқди ва дунё миқёсида халқаро муносабатларга асос солди. Айни шу даврда илк трансмиллий савдо компаниялари вужудга келди. Тез орада уларнинг фаолияти соф савдо чэгарасидан ташқарига чиқди ва улар қулларни қўлга киритиш ва уларни эксплуатация қилиш, босиб олинган ҳудудларда плантациялар ва манзилгоҳлар барпо этиш жараёнида иштирок эта бошлади, ниҳоят, ўз давлатлари амалга ошираётган мустамлакачилик сиёсатининг асосий ижрочисига айланди.
Буларнинг барчаси жиддий миграция жараёнлари юз беришига ҳам сабаб бўлди; хусусан, мустамлакачилар қора танли қулларни Африкадан Америкага оммавий тарзда ташиб келтира бошладилар ва шу тариқа унинг демографик таркибини бутунлай ўзгартирдилар. Шунинг ўзиёқ глобаллашув турли халқларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти билан аввалбошдан узвий боғлиқ бўлган, дэган хулосага келиш имконини беради.
XVII аср бошларига келиб шарқ ва ғарб савдогарлари улкан ҳудудларни ўзлаштирдилар ва деярли бутун дунё бўйлаб жойлашдилар. Шу тариқа улар инсоният тарихида биринчи бўлиб ягона глобал иқтисодий ва сиёсий тизимнинг зарурий асосларини яратдилар ва мазкур тизим шаклланиши учун замин ҳозирладилар.
Шундай қилиб, XV-XVI асрларда юз берган буюк географик кашфиётлар жаҳон тарихининг ривожланиш жараёнида туб бурилиш ясади ва «Европа сиёсатининг кескин, мисли кўрилмаган даражада кенгайишига олиб келди. Дунё чэгаралари муайян даражада кенгайди. Эндиликда Европа мамлакатлари ўртасидаги турли зиддиятларга мустамлакалар учун курашда рақобат ҳам қўшилди»1. Шу тариқа янги халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатларга, турли маданиятларнинг ўзаро таъсирига ва Ғарбий Европа денгиз давлатларининг ўзлари кашф этган ер куррасининг турли ҳудудларидаги экспансиясига асос солинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |