Абу Наср Форобий ва Ғаззолийнинг фалсафа илмига оид қарашларини қиѐсий
таҳлил этиш (Фаробийнинг “Сиѐсат фалсафаси” ва Ғаззолийнинг “Кимѐи саодат”
асарлари асосида).
Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларида 160 дан ортиқ асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини 2 гуруҳга ажратиш мумкин:
1) юнон файласуфлари, табиатшуносларининг илмий меросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар;
2) фаннинг турли соҳаларига оид мавзулардаги асарлар.
Форобий қадимги .нон мутафаккирлари – Платон, Аристотель, Эвклид, Птоломей, Порфирийларнинг асарларига шарҳлар ёзган. Айниқса, Аристотель асарлари (“Метафизика”, “Этика”, “Риторика”, “Софистика” ва б.)ни батафсил изоҳлаб, қийин жойларини тушунтириб бера олган, камчиликларини кўрсатган, айни вақтда бу асарларнинг умумий мазмунини очиб берувчи махсус асарлар яратган. Форобий шарҳлари Ўрта ва Яқин Шарқ илғор мутафаккирларининг дунёқарашини шакллантиришда, уларни Аристотель ғоялари руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Абу Али ибн Сино Форобий шарҳларини ўқиб, Аристотель асарларини тушунганлигини алоҳида таъкидлайди. Форобийнинг шарҳ ёзиш фаолияти фақат Шарқнигина эмас, ўрта аср Европасини ҳам юнон илми билан таништиришда катта роль ўйнади. Бу фаолият унинг илмий фаолияти тараққиётининг биринчи босқичини ташкил этади. Бу босқич Форобийга ўзига хос мактаб хизматини ўтаган ва янги мавзуларда тадқиқотлар олиб бориш учун замин ҳозирлаган.
Форобийнинг бундай асарларини мазмунига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1) фалсафанинг умумий масалаларига, яъни билимнинг умумий хусусиятлари, қонуниятлари ва турли категорияларига бағишланган асарлар;
2) инсон билиш фаолиятининг фалсафий томонларига бағишланган, яъни билишнинг шакллари, босқичлари, усуллари ҳақидаги асарлар;
3) фалсафа ва табиий фанларнинг фан сифатидаги мазмуни, тематикаси ҳақидаги асарлар;
4) модданинг миқдори, фазовий ва ҳажмий муносабатларини ўрганишга бағишланган, яъни математика фанлари – арифметика, геометрия, астрономия ва мусиқага оид асарлар;
5) модда хоссалари ва турларини, ноорганик табиатнинг, ҳайвонлар ва инсон организмининг хусусиятларини ўрганувчи, яъни табиий фанлар – физика, кимё, оптика, тиббиёт, биологияга бағишланган асарлар;
6) тилшунослик, шеърият, нотиқлик санъати, хаттотликка оид асарлар;
7) ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлатни бошқариш масалаларига, ахлоқ, тарбияга бағишланган, яъни ҳуқуқшунослик, этика, педагогикага доир асарлар.
Форобийнинг илмий мероси, умуман, ўрта аср Шарқининг маданий-маънавий ҳаётидан, табиий-илмий, ижтимоий-сиёсий масалаларидан жуда бой маълумот беради. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади. Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган.
Форобий асарлари XII- XIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг кутубхона ва муассасаларида сақланади. Тошкентда Шарқшунослик институтида қадимги Шарқ файласуфлари асарларидан жами 107 рисолани, жумладан, Форобийнинг 16 арабча рисоласини ўз ичига олган “Ҳакимлар рисолалари тўплами” (“Мажмуат расоил ал-ҳукамо”, Қўлёзмалар фонди, 2385-ин.) бор. Бу ноёб қўлёзма Форобий асарларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Тўпламдаги Форобий рисолалари 1975 йили қисман ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |