Мазмун ва шакл - оламдаги турли нарса, ҳодиса ва жараёнларнинг диалектикасини ўрганишда, улар ўртасидаги алоқа ва муносабатларни билишда муҳим ўрин тутадиган категориялар. Мазмун муайян нарса, ҳодиса, жараёнларнинг ўзига хос сифати, хусусиятлари, муҳим белгилари, элементларнинг йиғиндисини англатса, Шакл мазмуннинг мавжудлик усули, нарса ва ҳодисаларнинг ички ҳамда ташқи тузилишини ифода этади. Масалан, нарса ва жисмнинг мазмуни моддийлигида ва ҳаракатда эканлигидадир. Худди шундай, атомнинг мазмуни унинг таркибидаги 30дан ортиқ манфий, мусбат ва ноль зарядли элементар зарралар, уларнинг резонанслари, электрон майдон кабиларнинг шунчаки механик бирлигидангина иборат эмас. Айни пайтда, уларнинг ҳаракати муайян майдонлар орқали бир – бирига таъсир ва акстаъсир кўрсатишини ҳам билдиради. Атомнинг шакл унинг таркибига кирувчи элементар зарраларнинг жойланиш тартиби, зарралар ва майдон орасидаги муносабат асосида юзага келувчи алоқалар, боғланишнинг хусусияти билан белгиланади. Шунингдек, ҳар қандай бадиий асарнинг мазмуни унда акс эттирилган воқеа орқали ғоя ва образлар тизимини билдирса, шакли шу асарнинг тузилиши, тили, ҳамда ҳикоя, роман ва шу кабилар тарзида ифодаланади.
Файласуфлардан айримлари шакл ва мазмуннинг мавжудлигини инкор этсалар, бошқалари шакл ва мазмуннинг ўзаро бирлигини англамаганлар. Жумладан, Аристотель мармардан хайкал йўнаётган ҳайкалтарошни кузатар экан, шакл мазмундан бўлак ва мустақил мавжуд бўлади, унга мазмун ташқаридан киритилади, шу туфайли мармар жонланади, деган хулосага келди. И.Кант эса мазмун ва шаклни фақат инсон ақли, тафаккурининг маҳсули, натижаси деб тушунди. Гегель мазмун ва шакл диалектикасини тан олган бўлса ҳам, лекин мазмун ҳам, шакл ҳам мутлақ ғоя ривожланишининг босқичлари, турли кўринишлардаги ифодасидир, деган фикр юритган. Ҳозирги замон фалсафаси вакилларидан бири, физик олим Э. Шредингернинг фикрича, воқеликда нарсалардан мустақил шаклларгина мавжуд, жумладан, «элементар» зарраларнинг моддийликка алоқаси йўқ, улар ҳар қачонгидай, соф шакл оламда шаклдан бўлак ҳеч нима бўлиши мумкин эмас.
Моҳият ва ҳодиса – оламдаги нарса, ҳодиса жараёнларнинг ички, муҳим жиҳатлари ҳамда юзаки, ташқи томонларини ифодалайдиган фалсафий категориялар. Моҳият, нарса, буюм, жараёнларнинг ички, муҳим, асосий, зарурий, барқарор алоқалари, томонлари муносабатларнинг йиғиндисини англатади. Ҳодиса эса моҳиятнинг ташқи ифодаси, намоён бўлиши, нарса ва жараёнларнинг юзаки, нисбатан ўзгарувчан томонларини билдиради. Зеро, оламда якка ҳужайрали тирик организмлардан тортиб, инсонгача бўлган қанчадан-қанча шакллари (ҳодисалар) борки, уларнинг бир қарашда пайқаш мумкин бўлмаган ички умумий томони, барчасига хос модда алмашинуви (моҳияти) мавжуд. Маълум моҳиятга эга бўлмаган жисм, жараён бўлмаганидек, муайян ҳодисада ифодаланмаган моҳият ҳам бўлиши мумкин эмас. Бинобарин, моҳият ва ҳодиса оламдаги нарса, жараёнларга хос ташқи ва ички томонларнинг бирлигидан иборат. Фалсафада моҳият ва ҳодиса масаласига турлича, идеалистик, материалистик ва метафизик қарашлар мавжуд. Жумладан, олам, унинг ҳодисалари турли ғоялар ёки сезгилар йиғиндисидан иборат деб талқин этувчилар наздида моҳият ва ҳодиса объектив характерга эга эмас, дейилади. Бошқалар эса, бутун воқелик руҳий бошланғичга асосланади, ҳодисалар моҳияти абсолют идеядан келиб чиқади (Гегель), моҳият алоҳида идеал заминдир, у ҳодисалардан айрим ҳолда мавжуд бўлади, деб қарайдилар. Агностицизм моҳият билан ҳодисани ажратиб ташлайди, моҳиятга билиб бўлмас «нарса ўзида» тартибида қарайди. Иккинчи томондан айрим файлсуфлар нарсалар моҳиятига руҳий мазмун берадилар ва бу мазмунни моддий жисмларга нисбатан бирламчи, деб ҳисоблайдилар (Афлотуннинг умумий моҳиятлар ғоявий олами, Гегелнинг табиат моҳиятнинг ифодаси сифатидаги мутлақ ғояси). Файласуфларнинг баъзи вакиллари предметларда моҳият билан ҳодисани ажратиб кўрсатишни соф субъектив жараён, деб ҳисоблайдилар (Дьюи, Льюис), моҳиятнинг объективлигини инкор этадилар, ҳодисани эса сезгилар билан бир қилиб қўядилар (Мах феномализми). Субъектив идеализмнинг вакилларидан Ж.Беркли, Д.Юм ва И.Кант сингарилар реаллик сезгилар комплексидан иборат экан, демак, моҳият ва ҳодиса ҳам инсон ақлий фаолиятининг натижаси, деб қарайдилар. И.Кант назарида моҳият ва ҳодиса ўзаро бир-бирига алоқаси бўлмаган, икки мустақил субстанция бўлиб, инсон билиш жараёнида «нарса ўзида» ни ҳеч қачон билиши мумкин эмас. Кант ҳодисаларни билишнинг ҳиссий ва рационал моментлари ўртасидаги бирлик, боғланишнинг ҳосиласидир, деб эътироф этади. Бундай қарашларни, ҳозирги замон фалсафасидаги непозитивизм, прагматизм оқимлари ҳам тарғиб қилмоқда. Бу оқимларнинг намояндалари Уайтхед, Карнап, рассел кабилар Кант қарашларини давом эттирмоқдалар. Табиёт ва тарихий тараққиёт шуни кўрсатадики, моҳият ва ҳодиса оламнинг мавжудлик ҳолатлари сифатида бир нарсанинг ўзаро узвий боғлиқ икки томонидир. Бир-биридан мустасно ва алоқасиз ҳодисалар ҳам, моҳиятлар ҳам бўлмайди. Ҳодисалар мазмунга кўра мазмунан кенг бўлиб, ҳар бир нарса ва жараёнга хос индивидуалликни ифодалайди. Моҳият эса чуқур алоқаларни, ҳодисаларнинг ўзаро муносабати ва боғлиқлигидан келиб чиқувчи умумийликни англатади. Моҳият ва ҳодиса тушунчалари ҳамиша ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Оламда ҳеч қандай моҳият йўқки, у зоҳирда намоён бўлмасин ва билиб олинмасин. Шунингдек, ҳеч қандай ҳодиса йўқки, у моҳият ҳақида бирор – бир тўла ахборотни ўз ичига олмасин. Лекин моҳият билан ҳодисанинг бирлиги уларнинг бир-бирига тўла ва мутлақ мос келишини билдирмайди. Моҳият, ҳодиса замирида яширинган бўлади, у нақадар чуқур бўлса, уни назарияда билиш шу қадар оғир кечади.
Do'stlaringiz bilan baham: |