Инкорни-инкор. Инкорни-инкор қонуни нима, унинг моҳияти нимадан иборат?
«Инкор» ва «инкорни-инкор» категориялари диалектикага Гегель томонидан киритилган бўлиб, айни шу мутафаккирнинг саъй-ҳаракатлари билан улар умумий фалсафий категориялар мақомини олган. Инкор ва инкорни-инкор категорияларидан Гегель ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини ёритиш воситаси сифатида фойдаланган.
Инкор ривожланиш янги сифат пайдо бўлишига олиб келадиган аниқ йўналтирилган, қайтмас ўзгариш сифатида тавсифланади. Шаклан ривожланиш бир чизиқли ҳам, айланма ҳам эмас, балки ранг-барангроқ ва мураккаброқ, чунончи: бир чизиқли ва кўп чизиқли, тўғри чизиқли ва зигзагсимон, умумий ва маҳаллий, уйғун ва ноуйғундир. Йўналиш жиҳатидан ривожланиш прогрессив ва регрессив бўлиши мумкин. Ривожланиш тизим айрим элементларининг таназзули билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бутун тизим таназзулга учраши, унинг айрим элементлари эса тараққий этиши мумкин эмас. Объектга нисбатан ташқи кучлар таъсирида юз бериши мумкин бўлган ҳаракатдан фарқли ўлароқ, ривожланиш ўз-ўзидан ҳаракат, ички жараён бўлиб, зиддият, бир-бирини истисно этувчи томонлар, тенденциялар унинг манбаи ҳисобланади.
Диалектик инкор – бу нарсани бутунлай йўқ қилиш эмас, балки эски сифатнинг баъзи бир жиҳатларини сақлаган ва ўзгартирган ҳолда уни янги нарсага айлантиришдир. У янги ва эски сифат ўртасида алоқа мавжудлигидан далолат беради. Диалектик инкор уч муҳим жиҳат билан тавсифланади: 1) эскини вайрон қилиш, бузиш; 2) эскининг элементларини сақлаш (ворисийлик); 3) янгини яратиш, тузиш.
Биз инкор категорияси метафизик ва диалектик талқинининг моҳиятини аниқладик. Энди қўш инкор нимадан иборат эканлигини кўриб чиқамиз.
«Инкорни-инкор» шуни қайд этадики, ривожланиш жараёни эски сифатни инкор қилишдан бошланади, уни эса орадан маълум вақт ўтгач янги сифат инкор этади. Аммо ривожланиш қандай юз беради? Тўғри (юксалиб борувчи) чизиқ бўйлабми ёки эгри чизиқ бўйлабми? Бу масала қуруқ гап эмас, балки муҳим аҳамиятга эга. Чунки ривожланиш жараёнида эски ва янгининг алоқаси бўлмаганда, ворисийлик ҳам бўлмасди, эски бутунлай йўқ бўлар, ривожланишни график кўринишда янги эскидан фарқ қиладиган, эски эса янгида такрорланмайдиган тўғри (юксалиб борувчи) чизиқ сифатида тасвирлаш мумкин бўларди. Бироқ амалда янгида эски сақланади, унинг элементлари янгида такрорланади. Аммо бу такрорланиш юқорироқ даражада юз беради. Эскининг жиҳатлари, элементлари юқорироқ асосда такрорланиши биз муҳокама қилаётган қонуннинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Бундан қонуннинг бошқа бир хусусияти келиб чиқади. Ҳамонки эскининг олий асосда қайтарилиши мавжуд экан, ривожланиш тўғри чизиқ бўйлаб эмас, балки спиралсимон чизиқ бўйлаб юз бериши, циклдан-циклга эскига яқинлашиши (чунки такрорланиб туришлик мавжуд) ва ундан узоқлашиб бориши (чунки бу янги) аён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |