Материя моддий объектларни бирлаштирувчи тушунча. Хусусан олинганда материянинг ўзи йўқ, балки дунёда материянинг айрим предмет ёки бирор конкрет буюм шаклидаги кўринишлари учрайди. Материя эса материянинг ҳамма конкрет кўринишларига хос бўлган барча универсал хусусиятларини акс эттирувчи умумий тушунчадир. Бу дунёда «умуман одам» бўлмасдан, айрим одамлар учрашига ўхшаш фикрдир. Умуман одам - бу айрим одамларга хос умумий белгиларни акс эттирувчи абстракциядир. Шунга ўхшаш материя тушунчаси ҳам абстракциядир. У мавжуд бўлган бутун объектив реалликни қамраб олувчи фалсафий категориядир. Материя онгдан мустақил равишда ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлади. Материянинг фалсафий тушунчаси барча нарсалар воқелиги, моддий воқеликни ўзига қамраб олувчи, ялпи умумийлик (универсаллик) белгиларига эгалик қилувчи, бутун объектив реалликни ифодаловчи категориядир.
Материя тўғрисидаги фалсафий таълимотнинг асосий томонлари қуйидагилардан иборатдир:
- материя категориясининг универсаллигини, ялпи умумийлигини тан олиш;
- материя категориясининг фалсафий абстракция эканлигини тан олиш;
- материя ва моддий системаларнинг объективлигини тан олиш;
- материянинг ривожланишини ва моддий системаларнинг эволюциясини тан олиш;
- материя ва моддий системаларнинг ниҳоясизлигини, битмас-туганмаслигини, чексизлигини тан олиш.
Материя ва моддий объектлар хилма-хил кўринишларда ва шаклларда учрайди. Моддий системалар тузилишга эга, яъни у структурали - турли хил структуравий элементлардан ташкил топган бўлади. Бундай элементлар ва улардан ташкил топган моддий объектлар ривожланишга эгадир.
Материя ва моддий системалар, объектив дунёнинг тузилиши хусусиятларига кўра, турли хил структуравий даражалардан ташкил топган бўлади. Бундай даражаларни моддий системаларнинг ташкилий тузилиши ва миқёсий тузилишига қараб: а) ташкилий-структура даражалари ва б) миқёсий-структура даражаларига ажратиш мумкин.
Материянинг ташкилий-структура даражалари. Материянинг ташкилий-структура даражалари моддий системаларнинг ташкилий жиҳатдан уюшганлиги ва фаоллигига қараб бир-биридан фарқ қилади. Бу даражалар фазо-вақт структурасининг сифатий хусусиятлари билан ажралиб туради. Улар: ноорганик даража («нотирик табиат»), органик даража («тирик табиат») ва социал даража («жамият») деб аталади. Сифатий жиҳатдан энг қуйи даражада уюшган ва энг пассив (инерт) даража ноорганик даражадир. Бу даражада атом ядроси, ядро, атом ва молекулалар мажмуаси, молекуляр бирикмалар, жисмлар, ер шари, осмон жисмлари, Қуёш системаси ва бошқа планетар системалар, юлдузлар тўпи, Галлактика, метагалактика ва коинотнинг қуйи даражада уюшган фазо-вақт алоқадорликлари намоён бўлади. Бунга нисбатан уюшганроқ ва фаолроқ фазо-вақт системаси органик даража дейилади. Унга органик молекуляр системалар, тирик организмларнинг хилма-хил кўринишлари, бир ҳужайрали сув ўтлари ва содда жониворлардан тортиб, мураккаб тузилган умиртқалиларгача, содда ҳайвонлардан то маймунлар ва одамларгача киради.
Одамлардан ташкил топган турли мураккабликдаги ижтимоий системалар социал даражага мансубдир. Бу даражада онгга, фикрга эга бўлган инсонлар фаолият кўрсатганлиги сабабли у энг уюшган ва фаол даража ҳисобланади. Юқорида айтилган ташкилий-структура (тузилиш) даражалари бир-биридан моддий алоқадорликлар сифати ва миқдорига кўра, унда етакчилик қилувчи ҳаракат шаклига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ноорганик даражада механик, физик, химиявий ва геологик ҳаракат шакллари фаолият кўрсатса, органик даражада юқоридаги ҳаракат шаклларига биологик ҳаракат қўшилади ва у мазкур даражада етакчилик қилади, социал даражада яна бир ҳаракат шакли ижтимоий ҳаракат фаолият кўрсатиб, у ушбу даражада етакчилик қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |