Гносеология субъектнинг билиш фаолиятининг принциплари, қонуниятлари, шакллари, босқичлари ва даражаларини, шунингдек, шу принцип ва қонунлардан келиб чиқадиган, ҳақиқий билимга эришилишини таъминлайдиган талаблар ва мезонларни ўрганади. Билиш назарияси билиш жараёнининг оддий, кундалик даражасини ҳам, билишнинг умумий илмий шакллари ва методларини ҳам тадқиқ қилади.
Билиш жараёни, бу – тўлалигича рационал, фақат ақлга бўйсунувчи, формал, қуруқ жараён эмас, чунки у тирик кишилар томонидан амалга оширилади, шу сабабли билиш эмоционал элементларни – ирода, ният, истакларни ўз ичига олади. Шу муносабат билан айтиш жоизки, нарсалар, атрофдаги воқелик ҳодисалари субъектнинг назарига тушган, нимаси биландир унинг диққатини тортган, у билан ўзаро алоқада бўлган, унинг томонидан жами бошқа предметлар ва жараёнлардан ажралиб олинган тақдирдагина билиш объектига айланади. Шу маънода субъект объектни шакллантиради, шунинг учун ҳам объектсиз субъект бўлмаганидек субъектсиз объект ҳам бўлмайди, дейдилар.
Фалсафа тарихида вақти-вақти билан дунё ҳақида ишончли билимларга эришиш мумкинлигини шубҳа остига қўювчи таълимотлар пайдо бўлиб турган. Бундай таълимотнинг биринчиси эрамиздан аввалги IV асрда пайдо бўлган антик скептицизмидир. Скептиклар билишнинг мумкинлигига эътироз билдирмаганлар, лекин бизнинг билимларимизнинг ишончлилигини, уларнинг ташқи дунё ҳодисаларига мувофиқлигини шубҳа остига қўйганлар.
Скептицизм тарафдорлари икки қоидадан келиб чиққанлар. Биринчиси – фалсафада тизимни ташкил этувчи ягона асос йўқ, яъни у ўз ичида мантиқан зиддиятлидир. Иккинчиси – файласуфлар бир-бирига зид келадиган ва баб-баравар рад этилиши мумкин бўлган қоидаларни асослашлари сабабли фалсафа хақиқатни топа олмайди. Бинобарин, дунё ҳақида ишончли билимнинг бўлиши мумкин эмас.
Скептицизмнинг асосчиларидан бири Пиррон (эрамиздан олдинги тахминан 365-275 йиллар) ҳиссий идрокни ишончли деб ҳисоблаган (масалан, агар бирон нарса субъектга аччиқ ёки ширин туюлса, шу ҳақидаги фикр хақиқат бўлади, янглишув эса, унингча субъект бевосита ҳодисадан моҳиятни, объект асосини билишга ўтмоқчи бўлганда пайдо бўлади). Унинг фикрича, объект ҳақидаги ҳар қандай даъвога унинг мазмунига зид бўлган даъвони қарама-қарши қўйиш мумкин. Демак скептик узил-кесил ҳукмлардан тийилиб турмоғи лозим.
Синопалик Диоген ва Секст Эмпирик шунга ўхшаш ғояларни ёқлаб чиқдилар. Улар билиш фаолиятида, шунингдек кундалик ҳаётда ҳам субъект ўз соғлом фикрига таянмоғи керак деб ҳисоблаганлар. Ўрта асрлар даврида скептицизм ғоялари Ғарбда ҳам (Пьер Абеляр), Шарқда ҳам (aл-Ғаззолий) ривож топди. Масалан, Ал-Ғаззолий бундай деган: «Охиригача билишга ожизлик ҳам билишдир; кишиларга Уни билиш йўлини фақат Уни билишга ожизлик орқали яратиб берган Зотга шарафлар бўлсин».
Янги замон фалсафасида скептицизм позициясини Юм изчилик билан ҳимоя қилиб чиқди. Юм ташқи дунёнинг реаллигини шубҳа остига олди. Фақат ўз сезгиларимизнинг реаллигига шубҳаланиш мумкин эмас, дейди шотландиялик бу мутафаккир. Сезги органларининг бу таассуротлари ё уларга ташқи дунё таъсири туфайлик ёки инсон ақлининг алоҳида энергияси туфайли келиб чиқиши мумкин. Бу ерда тажриба сезгиларимизнинг ҳақиқий манбаини аниқлашга ожиздир. Юм дунёни билиш мумкинлигини инкор этибгина қолмасдан, балки, шу билан бирга, субъектнинг хиссий таассуротлари доирасидан ташқарида бирон-бир реал нарсанинг мавжудлиги тўғрисидаги масалани очиқ қолдирди.
Немис классик фалсафасининг асосчиси И.Кант Д.Юм ғояларини танқидий жиҳатдан қайта ишлаб чиқди. Кантнинг трансцендентал идеализми шундан иборатки, у, бир томондан, бизнинг онгимиздан мустақил равишда «ўзида нарсалар» («вешь в себе») мавжудлигига шубҳаланмаган, иккинчи томондан эса, у «ўзида нарсаларни» принцип жиҳатидан билиб бўлмайди, деб даъво қилган. Нарсаларнинг моҳиятини ҳеч нима билан пайқаб, илғаб бўлмайди. Билиш субъекти бўлган одам фақат ҳодисалар ва жараёнлар сиртида ётган билан кифояланади, фақат ҳодиса, «биз учун нарса» («вешь для нас») билан иш кўради. «Биз учун нарса» бизга «ўзида нарсалар» ҳақида ҳеч нима демайди. Дунё инсон учун «ўзида нарсалар» нинг билиб бўлмас сири бўлиб қолади, шунинг учун бу фалсафа агностицизм номини олди (юнонча, а – инкор, гностос – билиб бўладиган).
Do'stlaringiz bilan baham: |