Эвакуация тадбирларини ташкил этиш
Аҳолини эвакуация қилиш - аҳолини ҳимоя қилиш усулларидан биридир. Эвакуация аҳоли зичлигини бир неча баробар пасайтиради, демак, аҳолини йўқотиш ҳам шунча озаяди.
Эвакуация ўтказиш усуллари ва тартиби.
Эвакуация - ишлаб чиқаришда банд бўлмаган аҳолини, шунингдек ўқувчиларни шаҳарлардан шаҳар ташқариси зонасига ташкилий тарзда чиқариш (ташиш) демакдир.
Тақсимлаш - халқ хўжалиги объектларининг ишчилари ва хизматчиларини ташкилий тарзда шаҳарлардан ташиш (чиқариш) ва уларни шаҳар ташқариси зонасида жойлаштириш демакдир.
Эвакуация ва тақсимлашни ўтказиш учун транспортнинг барча турларидан фойдаланилади. Эвакуацияни қисқа муддатларда ўтказиш учун аҳолининг асосий қисми шаҳардан пиёда чиқарилади, қолган қисми транспорт воситаларида ташилади. Эвакуация ўтказишнинг бу усули асосий усул саналади ва аралаш усул дейилади.
Эвакуация ишларини ўтказишни фуқаролар муҳофазасининг барча поғоналаридаги штаблари бошқаради. Аҳолини эвакуация қилиш тўьри-сида фуқаролар муҳофазаси штаби телевидение, радио, матбуот ва шунингдек уй бошқармалари орқали огоҳлантирилади.
Ҳар бир корхона, муассаса, ўқув юрти, уй-жой бошқармасида аввалдан барча ишчи, хизматчи ва уларнинг оила аъзоларига эвакуацион рўйхатлар тузилади.
Эвакуация ва тақсимлашни аниқ ва ўз вақтида ўтказиш учун шаҳарларда йиғув-эвакуацион пунктлар (СЭП) ташкил этилади. Улар одатда клуб, мактаб, кинотеатрларда жойлаштирилади. Ҳар бир йиғув пунктига тартиб рақами берилади.
Эвакуация қилинаётганларнинг мажбуриятлари ва уларнинг экипировкаси.
Эвакуация эълон қилиниши билан фуқаролар индивидуал ҳимоя воситалари, шахсий буюмлари ва ҳужжатларини тезлик билан тайёрлашлари керак. Сўнг уни жомадонга солиб, унга ёрлиқча бириктириб қўяди. Ёрлиқчада эвакуация қилинаётган шахснинг исми-шарифи, яшаш манзили ва қаерга эвакуация қилинаётганлиги ёзиб қўйилади. Мактаб ёшидаги болаларга исм-шарифини, туғилган йилини, ота-онасининг манзилини ва охирги эвакуация пунктини оқ матога ёзиб кийимига тикиб қўйилади.
Яшаш уйида газ, электр асбоблари ўчирилади, дераза яхшилаб ёпилади. Сўнг уйни қулфлаб, қўриқлаш учун уй бошқармасига топширилади. Айтилган вақтда йиғув-эвакуацион пунктига етиб келиб рўйхатдан ўтилади. Ўзи билан юқорида айтилган нарсалар билан бирга дори-дармон ва 2-3 суткага етарли овқат заҳираси олиши керак.
Уюшқоқлилик ва интизомлилик, йиғув пунктлари маъмурияти буйруқларини ва кўрсатмаларини ўз вақтида ва аниқ бажариш - аҳолининг асосий хулқ меъёридир. Транспорт воситасида ҳаракат қилинганда ўрнатилган қоидаларга амал қилиш, интизомни сақлаш зарурдир.
Аҳолини пиёда чиқаришда йиғув пункти ёнида колонналар ташкил этилади. Юришни ташкил қилишни назорат қилиш учун ҳаракатнинг бошланғич пункти ва бошқариш (регулировка) пунктлари ташкил этилади.
Пиёда усулда юришни ўтаётганлар учун ҳар 1-1,5 соатда кичик (10-15 дақиқа) ва йўлнинг ярми босиб ўтилганда катта дам (1-2 соат) берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |