Санъатнинг хусусиятлари ва тамойиллари
Маъжозийлик хусусияти. Бошқача қилиб айтганда, нарса-ҳодисалар ёки сўз-ибораларининг кўчма маъноларда, кўп маъноли тарзда қўлланилиши санъатнинг санъатлигини белгилаб беради. Мажозийлик, кенг маънода олганда, бадиий қиёфа яратиш, умумлаштириш, рамзийлик, ўхшатиш, сифатлаш, жонлантириш, истиора, киноя сингари бадиий восита ва усулларни ўз ичига олади. Мисол учун, дарё. У аслида биологик ҳодиса сифатида битта нарсани англатади: манбаидан то қуйилиш жойигача доимий оқиб турадиган катта сув. санъатда эса у – инсон умри, ҳаёт берувчи манба, инсоннинг кенглиги в.ҳ. Бадиий асарда у пишқиради, ўйноқлайди, югуради, ҳикоя сўйлаб беради, эртак айтиб беради в.б. сифатлар билан жонланади, одамийлаштирилади. Мажозийлик ҳусусияти, хуллас, санъатнинг яшаш шартларидан бири, у йўқ жойда – санъат ҳам йўқ.
Демократик хусусияти. Санъатиннг демократик хусусияти ҳам унинг яшаш шартларидан бири. Бу хусусият энг аввало эркинлик билан боғлиқ. Ижодкор фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, ғоя эркинлиги, мавзу эркинлиги, услуб эркинлиги, ранг эркинлиги в.б. ижодий эркинликлар тизимига эга бўлсагина, улардан ўз ўрнида фойдалана олсагина, унинг асарини санъат намунаси деб аташ мумкин. Ижодкорга, сиёсий-мафкуравий зўравонлик қилиш, уни мажбурлаш, қўрқитиш орқали таъсир кўрсатиш каби ҳодисалар санъат учун ўлим демакдир. Фақат ижод эмас, бадиий асарни эстетик идрок этиш жараёни ҳам эркин бўлиши керак, бунда ҳам мажбурийлик, зўравонлик мумкин эмас. Зеро, ҳар қандай санъат асари эркин хоҳиш-ихтиёр билан идрок этилгандагина, у яшаб қолиш имконига эга бўлади. Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони - санъатни яратувчилар орасидаги демократия билан боғлиқ.
Ижтимоийлик хусусияти. Ижтимоийлик ҳам санъатнинг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Ҳар бир санъат асари ўз даврнинг долзарб муаммоларини, етакчи ғояларини, муайян мафкурани кўтариб чиқмаслиги мумкин эмас. Фақат улар гўзаллик, улуғворлик, кулгилилик, эзгулик, идеал каби эстетик ва ахлоқий қадриятлар билан уйғун тарзда идрок этувчига етказиб берилади. Зеро санъат асарида асосий «воқеалар» марказида турувчи бадиий қиёфани биз асар қаҳрамони – қаҳрамон деб аташимиз ҳам шундан: ижтимоийлик йўқ жойда қаҳрамонликнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Санъатнинг бу хусусияти унинг замонавийлик, мафкуравийлик, ҳозиржавоблик, долзарблик сингари тамойиллари ва сифатлари билан боғлиқ. Айни пайтда санъатнинг индивидуаллаштириш хусусияти ҳам мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |