МУҲОКАМА
Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, экстремизм, терроризм ва бошқа бузғунчи ғояларга нисбатан муросасизликни шакллантириш юзасидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – умумбашарий қадрият бўлиб, турли хил халқларни биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатларнинг миллий тараққиётини белгилайдиган, шу жойдаги тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Азал-азалдан она юртимизда ислом, христиан, иудийлик, буддавийлик каби дин вакиллари ёнма-ён яшаб келган. Асрлар мобайнида йирик шаҳарларда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб халқларнинг ўз диний амалларни эркин адо этиб келаетгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар орасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик масаласида улкан тажриба тўплаганидан далолат беради.
Асли қаердаки уруш, жанжал, тўполон бўлаётган бўлса, ҳаммасининг тубида диний ёки миллий низолар ётибди. Шу сабаб, кўп миллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Юртимизда шаклланган бағрикенглик маданиятидан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас.
Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та “Дўстлик” жамияти вакиллари тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшамоқда. 2286 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Хусусан, мамлакатимизда 2093 та мусулмон ташкилоти қаторида 183 та ноисломий диний ташкилотлар расмий фаолият кўрсатмоқда. Тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 158 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 6 та Баҳоийлик, 1 та Кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичлар аҳоли таркибидан келиб чиқиб Ўзбекистонда бағрикенглик ва диний эркинлик тамойиллари нечоғлик устувор аҳамият қаратилаётганидан дарак беради.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 та тилда олиб борилмоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 та тилда эфирга узатилиб, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этиляпти. Юртимиздаги турли элатларнинг миллий марказлари давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида фаол иштирок этиб келади. Мустақиллик байрамига ва”Ёшлар куни”га бағишлаб ўтказиладиган “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ватан битта, Ватан ягона”, “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби фестиваллар миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий мақсади ҳам жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат.
Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам.
Хулоса
Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик барча даражадаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг зарур омилигина бўлиб қолмай, шу билан бирга инсон ва жамиятнинг маърифатли ривожланишининг муҳим мезони ва мақсади ҳамдир. Айниқса ёшлар тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада эътиборли бўлиш бугунги куннинг муҳим талабларидан. Чунки, ёшлар онгида диний бағрикенглик ғояларининг шакллантирилиши миллатлар ўртасидаги тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишига сабаб бўлади. Бошқача қилиб айтганда ҳар бир шахс, ҳар бир миллат бугунги кунда ўз тараққиётининг кейинги тақдири ҳақида мушоҳада қилар экан, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик тамойиллари ҳақида чуқур ўйлаши лозим. Бу борада айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига диннинг ҳақиқий мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва батафсил тушунча бериш уларни турли зарарли ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олган бўлар эди.
Миллатлараро тотувликни барқарор таъминлаш учун эса мамлакатимиз фуқаролари аввало ёшлар орасида ватанпарварлик тарбиясини юксалтириш зарурдир. Бунинг учун эса, ҳар бир Ўзбекистон фуқароларини аввало ёшларни давлат тили, миллий адабиётидан, тарих ва маданиятидан яхши хабардор қилиш лозим. Зеро, тарихни ўрганган, миллий қадриятларини, бошқалар динний эътиқод ҳурмат қилаоладиган, бадиий адабиётлар ўқиган инсонлардагина ўзга миллатга бўлган эътибор ва меҳр шаклланади ва уларда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳи кучаяди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”4, деб таъкидлаб ўтган.
Do'stlaringiz bilan baham: |