5.4. Ўсмирлик ёшида шахснинг шаклланиши
Ўсмирлик ёши дунёқараш, эътиқод, нуқтаи назар, позиция, ўзлигини
англаш, баҳолаш ва ҳоказолар шаклланадиган давр ҳисобланади. Кичик
мактаб ёшидаги бола катталарнинг кўрсатмалари ёки ўзининг тасодифий,
ихтиёрсиз орзу-истаклари билан ҳаракат килса, ўсмир ўз фаолиятини муайян
принцип, эътиқод ва шахсий нуқтаи назари асосида ташкил қила бошлайди.
Ўсмир шахсининг таркиб топишида ахлоқ ўзига хос, онг алоҳида
аҳамият касб этади. Бунда ўқувчиларнинг ахлоқий тушунчаларни
ўзлаштириши ва уларни турмушга татбиқ этиши муҳим роль ўйнайди.
Умуминсоний хислатларни шакллантириш жараёни, ўқувчидаги ишонч,
ақида, нуқтаи назарнинг қарама-қаршиликларига дуч келади. Ўсмир шахсини
таркиб топтиришда унинг атроф-муҳитга, ижтимоий ҳодисаларга, кишиларга
муносабатини ҳисобга олиш лозим. Чунки ўсмирда муайян нарсаларга
муносабат шаклланган бўлади. Ижтимоий турмушни кузатиш, ундаги инсон
учун зарур кўникмаларни эгаллаш катталар хулқ-атворини таҳлил қилиш
имкониятини яратади. Натижада фавқулодда ҳолатларга − катта ёшдаги
одамларнинг тутган йўли ва услубини баҳолаш кўникмаси таркиб топа
бошлайди. Ўсмир хулқ-атворини баҳолашда (рағбатлантириш ёки
жазолашда) катталарнинг қатъиятлилиги, принципиаллиги синчков ўқувчи
томонидан таҳлил қилинади ва қўлланган тадбирнинг тўғри ёки нотўғри
эканлиги яна бир марта текширилади.
Шунинг учун рағбатлантириш ва жазолаш усулари оқилона, ўз вақтида
қўлланиши керак. Психологик адабиётларда меҳнат билан жазолаш ўсмир
психологиясида кескин ўзгариш ясаши ифодаланган. Маълумки, ҳамма
ўқувчиларга меҳнатнинг қаҳрамонлик, яратувчилик эканлиги уқтириб
келинади. Фавқулодда меҳнатдан жазо сифатида фойдаланиш уларга мутлақо
ёмон таъсир этади.
Психологлар ўтказган тадқиқотлардан кўринадики, ўсмирларнинг
кўпчилиги қатъиятлилик, камтарлик, мағрурлик, самимийлик, меҳрибонлик,
дилкашлик, адолатлилик каби маънавий, ахлоқий тушунчаларни тўғри
англайдилар. Уларнинг турмуш тажрибасида фан асосларини эгаллаши
натижасида барқарор эътиқод ва илмий дунёқараш, таркиб топади, шулар
замирида ахлоқий идеаллар юзага кела бошлайди.
Ўсмирларнинг идеаллари, негизида орзу, мақсад ва уларни рўёбга
чиқариш режалари намоён бўла бошлайди. Муайян касбга майл ва қизиқиш
туғилади. Орзу-истаклар ранг-баранглиги билан бир-биридан кескин
ажралиб туради.
Ўсмирлар мулоҳазасини тадқиқ қилиш уларда аҳлоқий тушунчалар
баравар таркиб топмаслигини кўрсатди. А.И.Малиованов ўсмирларни тўртта
гуруҳга ажратади: 1) хатти-ҳаракатда ўзлари англаган, ижобий қоидаларга
таяниб иш тутадиган, сўзи билан иши мос ўсмирлар; 2) ахлоқий тушунчалари
қилиқларига мос келадиган ўсмирлар; 3) хатти-ҳаракатлари ахлоқий
нормалар ҳақидаги билимлари билан ажралиб турадиган шу билимларга мос
ҳаракат қилмайдиган ўсмирлар; 4) ўзлари биладиган ахлоқий талаблар билан,
кундалик хулқ-атворнинг алоқасини тушунмайдигаи ўсмирлар.
151
Илмий тадқиқотлар ва ҳаёт тажрибалари айрим ахлоқий тушунчаларни
нотўғри тушуниб, шахснинг баъзи фазилатларини нотўғри баҳолаб,
мустақилликка интиладиган, ўз иродасини намойиш қилишга ҳаракат
қиладиган ўсмирлар ўзларида салбий сифатларни ўстиришга уринишини
кўрсатди. Ҳатто улар ўзларида шаклланган ижобий хислатларни йўқотишга
ҳам ҳаракат қиладилар. Ўқитувчи ва ота-оналарнинг асосий вазифаси
уларнинг нотўғри қарашларига зарба бериш ва ўсмирларнинг адашишларига
йўл қўймасликдир.
Ўсмир ўғил-қизлар шахсининг камол топишида ўзини англаш муҳим
аҳамиятга эга. Чунки ўзини англаш жараёнида ўзига баҳо бериш майли ва
истаги ўзини бошқа шахслар билан таққослаш, ўзига бино қўйиш эҳтиёжи
пайдо бўлади. Булар эса ўсмирнинг психик дунёсига, ақлий фаолиятига,
теварак-атрофга муносабатининг шаклланишига таъсир қилади.
Ўсмирларда ўзини англашнинг ривожланиши шахсий хулқ-атворини
тушунишдан бошланиб, ахлоқий фазилатини, характерини, ақлий имконият
ва қобилиятини билиш билан якунланади.
Ўсмирда ўзини англаш ривожланиши учун синф жамоаси ва оила
аъзоларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Унинг хатти-ҳаракати, ўз
кучига, майлига, ёшига лойиқ ижтимоий муносабатлари, муайян муҳитда ўз
ўрнини топишга интилиши ўзини англашининг такомиллашувига пухта
замин яратади. Ўсмирларда ўзини англаш янги босқичга кўтарилгач, улар
ўзига хос ахлоқий намунани танлайдилар. Ўқувчи ўзига намуна бўлган
шахснинг хулқ-атвори билан ўзининг хатти-ҳаракатини солиштиради ва
ўзининг ижобий ёки салбий жиҳатларини англаб етади. Натижада унда ўзини
ўзи тарбиялашга боғлиқ яна бир муҳим хислат вужудга келади. Ўсмир ўзини
ўзи тарбиялашда китоб қаҳрамонларидан, кинофильм иштирокчиларидан
ўрнак олиб, гоҳо уларга тақлид қилиб, бутун ирода кучи ва характер
хислатларини ишга солиб, ҳар хил хусусиятларни эгаллашга интилади ва бу
йўлда учрайдиган тўсиқ ҳамда қийинчиликларни енгади.
Ўсмирлик ёшида психологик жиҳатдан энг муҳим хислат – вояга етиш
ёки катталик ҳиссининг пайдо бўлиши
алоҳида аҳамиятга эга. Катталик
ҳисси ижтимоий-ахлоқий соҳада, ақлий фаолиятда, қизиқишда, муносабатда,
кўнгил очиш жараёнида, хулқ-атворнинг ташқи шаклларида ўз ифодасини
топади. Ўсмир ўз кучи ва қуввати, чидамлилиги ортаётганини, билим савияси
кенгаяётганини англай бошлайди. Буларнинг барчаси унда катталик ҳиссини
ривожлантиради. Унда ғашга тегадиган раҳбарликдан, ўринсиз ҳомийликдан,
ортиқча назоратдан, зериктирадиган ғамхўрликдан холи бўлиш истаги
вужудга келади. Мазкур жараён ўз навбатида катталар билан муносабат ва
мулоқотда нохуш кечинмаларни пайдо қилади. Синф жамоаси ва оила
аъзолари ўртасидаги муносабатларни ўзгартиришгина катталар билан
ўсмирлар орасидаги “англашилмовчилик ғови”ни йўқотади.
Ўсмирлар билан муносабатда уларнинг мустақиллиги, фаоллиги,
ташаббускорлиги, ўзини бошқаришини ҳисобга олиб, ортиқча ҳомийлик,
ғамхўрлик қилмаслик ижобий самаралар беради.
152
Ўсмирлик даври хусусиятларини тадқиқ қилган Д.Б.Эльконин ва
Т.В.Драгуновнинг таъкидлашича, ўғил ва қизларнинг бу ёшда ўртоқлари
билан муносабатларга интилиши, тенгдошлари жамоасининг ҳаётига
қизиқиши ёрқин намоён бўлади.
Ўсмирларнинг ўртоқлик ва дўстлик туйғулари ўзаро муносабатларини
ўрганган И.В.Страхов, уларнинг ўзаро муносабатларини учта шаклга:
улфатчилик, ўртоқлик ва дўстликка бўлади. Ҳар бир юксак туйғуни
психологик жиҳатдан таърифлаб, уларнинг ривожланишини баён қилади,
юксак, инсоний туйғуларнинг шаклланиш суръати, барқарорлиги ўғил
болалар билан қизларда бирмунча фарқланишини таъкидлайди.
В.А.Крутецкий ва Н.С.Лукиннинг фикрича, ҳақиқий ўртоқлик ва
чинакам дўстлик – мардонавор ўртоқлик ва талабчан дўстликдир. Бундай
ўртоқлик ва дўстлик амалий ёрдамни ва ўртоғининг хатоларини тўғри,
самимий ва очиқ танқид қилишни тақозо этади.
Ўсмирнинг синф жамоаси ҳаётида фаол қатнашиш учун интилиши ғоят
катта аҳамиятга эга. Синф жамоаси аъзоларининг ўзаро ёрдам, бирдамлик,
ҳамдардлик, бўйсуниш одати, шахсий ҳамда ижтимоий қизиқишларини
ривожлантиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |