Ёнғин бўлган жойдаги мавжуд ҳолатни сақлаб қолиш ҳақида тушунчалар / 2; 7/
Ёнғин бўлган жойда ҳолатни сақлаб қолишнинг асосий мақсади, сақлаб қолиниши зарур бўлган объектлар. Ёнғин бўлган жойда сақланиб қолиши зарур бўлган объектлар. Ёнғин бўлган жойда бизни ёнишнинг шарт-шароитларини ва муҳим жиҳатларини акс эттириши мумкин бўлган кўп сонли белгилар (аломатлар) ва предметлар, кўпинча эса ёнғин сабаблари қамраб олади. Уларни эса илғай олиш (кўра билиш) ва тушуниб етиш зарур. Лекин биринчи навбатда уларни сақлаб қолиш керак. Шунинг учун ҳам ёнғин бўлган жойда вужудга келган ҳолатни имкон қадар бутунлилигича сақлаб қолишга барча чоралар кўрилиши зарур.
Ёнғин бўлган жойда қуйидагиларни сақлаб қолиш лозим:
- ёнғин бўлишидан олдинги ҳолатни ёритиб бериши мумкин бўлган белгилар ва ашёвий далилларни;
- ёнғин пайтидаги ёнишнинг ўзига хос хусусиятларини ёритиб берадиган белгилар (аломатлар)ни;
- ёнғин сабабининг ашёвий далилларини;
- ёнғиндан олдин содир этилган ёки қасддан ўт қўйиш орқали содир этилган бошқа жиноятларнинг исботларини.
Ёнғиндан олдинги воқеаларнинг белгилари худди воқеаларнинг ўзлари каби турлича бўлиб, улар ёнғиннинг келиб чиқиши билан боғлиқ ва ҳолатни тавсифлаб беради.
Ёнғин содир этилган жойда топилган ашёвий далиллар қандай топилган бўлса, худди ўша ҳолатда қайд қилиниши ва сақланиши лозим, ундан кейин тўғри олиб қўйилиши ва тадқиқот қилиш учун ишга қўшиб қўйилиши лозим. Бироқ амалиётда бундай ашёвий далилларни сақлаш учун тавсиялар бериш осон эмас. Кўздан кечиришнинг бошланғич жараёнида ҳали қайси нарсалар ашёвий далил сифатида хизмат қилиши номаълум бўлади. Бундай ҳолатларда эса кўпинча қимматли ашёвий далиллар қўл остида бўлиб, улар аниқланмасдан, олиб қуйилмасдан ва сақланмай ҳам қолишлари мумкин.
Ёнғин содир этилган жойдаги ҳолатнинг ўзгариши сабаблари ва уларни сақлаб қолиш чоралари. Ёнғин содир этилган жойда ҳолат ўзгаради ва у қуйидаги сабабларга кўра бузилиши мумкин:
- ёниш ва унинг натижасидаги талафотлар оқибатида;
- ёнғинни ўчириш пайтида;
- метеорологик сабабларга кўра;
- ёнғиндан кейинги тиклаш ишлари натижасида;
- қасддан содир этилган изларни ва ашёвий далилларни атайлаб йўқотиш мақсадида.
Ёнғин содир этилган жойдаги ҳолатни сақлаб қолишда кечиктирилмасдан кўрилиши керак бўлган чора бу ёнғинни суриштиришга, ўчиришга алоқаси бўлмаган шахсларни, шунингдек корхона маъмуриятидан ташқари барча шахсларни ёнғин бўлган жойдан узоқлаштириш. Кўздан кечирилиши кутилаётган зонани ўраб олиш ва бу ерга милиция ходимлари ёки жамоатчилик фаолларидан махсус постлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу жойни қўриқлашни қандай ташкил этиш масалалари эса вужудга келган ҳолатга қараб жойида аниқланади.
Бундай чораларни инкор этиш ёки тезкорликда ҳаракат қилмаслик оқибати кўпинча муҳим ашёвий далилларни йўқотишга олиб келади. Фармойишкорликнинг йўқлиги оқибати эса мавжуд ҳолатни сақлаб қолишда кўпинча муваффақиятсизликларга олиб келади. Бунда ашёвий далил бўлган ёки бўлиши эҳтимоли бўлган қуйидаги нарсалар кўпинча «йўқолиб» қолади: электр ускуналарининг деталлари (шитлар, рубилниклар, магнит пускателлари, розеткалар), тармоқ участкалари, ҳимоя қурилмалари, асбоблар ва бошқалар. Бу каби электр ускуналарини ишлатишга масъул шахслар кўп ҳолатларда ёнғин пайтининг ўзидаёқ тезкор ҳаракатлар қилиб қолишади. Бундай ҳолатларда фақат ёнғиннинг келиб чиқишига сабабчи бўлган ашёвий далилларнинг ўзинигина эмас, балки «ҳар эҳтимолга қарши» ёнғин сабабига алоқаси бўлмаган электр ускуналарининг деталлари ва асбобларини ҳам олиб қўйишади, негаки ёнғин пайтида ҳали унинг сабаби номаълум бўлади. Бу эса ўз навбатида эксперт томонидан ёнғиннинг электр ускуналаридан келиб чиққанлигини тадқиқот қилишда ишончли хулоса чиқаришга халал беради.
Тегишли участкаларни қўриқлаш топширилган шахсларга махсус йўриқнома бериш зарур.
Ускуналарни кўздан кечириш, қазиш ишлари (ковлаш) ва ҳатто қўриқланаётган участкага суриштириш (тергов) олиб бораётган шахсларнинг рухсатисиз кириш қатъиян ман этилиши керак.
Ҳар қандай ашёвий далилни ҳам дарров олиб қўйиш ва ишга қўшиб қўйишнинг имкони бўлавермайди. Айрим ҳолатларда эса бунинг имкони умуман бўлмайди, лекин уни қайд қилиш учун (кўздан кечириш баённомасини тузиш, суратга олиш ва шу кабилар) маълум бир муддат талаб қилинади. Бундай пайтда тайинланган постнинг аниқ вазифаси: тегишли предметни қўриқлашни таъминлашдан иборат бўлади.
Ёнғин содир этилган жойдаги ҳолатни сақлаб қолишнинг энг радикал чораларидан бири бу ёнғинни конструкцияларни очмасдан ўчиришни ташкил қилиш. Конструкцияларни очиш оловнинг етказган талафотларидан ҳам кўпроқ мавжуд ҳолатни бузади. Ёнғинларда ёниш қонуниятларини билган мутахассис қолдиқларга ҳам қараб унинг ривожланиш ҳолати қандай кечганлигини тиклай олади. Лекин конструкцияларнинг қолдиқлари ташқарига олиб чиқиб ташланган бўлса, унда бундай масалани ечишнинг уддасидан чиқиш мураккаб бўлади, айрим ҳолатларда эса унинг имкони ҳам бўлмайди.
Агар у ёки бу участкани кўздан кечириш ишлари чўзилиб кетадиган бўлса, унда бундай жойларнинг атрофи ўралиши керак бўлади.