52. Қурилиши тугалланган объектларни қабул қилиш /6/
Қурилиши тугалланган корхоналарни, биноларни ва иншоотларни қабул қилиш – ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирларни назорат қилишнинг якунловчи босқичи ҳисобланади. Қурилиши тугалланган объектларни қабул қилиш тартиби ҚМҚ III-3-81 «Қурилиши тугалланган объектларни ишлатишга қабул қилиш. Асосий қоидалар» орқали белгиланади.
Ушбу меъёрий ҳужжатнинг талабига кўра тасдиқланган лойиҳа бўйича қурилган ва ишлатишга тайёрланган барча объектлар буюртмачи (қурувчи) томонидан давлат қабул комиссиясига топширилиши керак.
Қурилиши тугаган объектни давлат қабул комиссиясига тақдим этилгунга қадар буюртмачи (қурувчи) томонидан ишчи комиссия тайинланади.
Ишчи комиссия таркибига давлат ёнғин назорати органи вакилининг киритилиши шарт ва бу вакилга лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзланган ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган барча тадбирларнинг тўлиқ бажарилганлигини, жумладан стандартлар, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя қилинганлигини текшириш вазифалари юклатилган.
Ишчи комиссиянинг объект ишлатишга тайёр эканлиги ҳақида чиқарилган хулосасидан сўнг давлат қабул комиссияси тайинланади.
Давлат қабул комиссияси таркибига аъзо сифатида қуйидагилар киритилади: буюртмачининг вакили; бош қурувчи; бош лойиҳачи; санитария назорати, давлат ёнғин назорати, касаба уюшмаларининг техник инспекцияси ва буюртмачи касаба уюшмаси ва объектни ишлатувчи корхонанинг вакиллари; шаҳар (туман) ҳокимияти, маблағ билан таъминловчи банк вакиллари ва бошқалар.
Давлат қабул комиссияси объектнинг тавсиф ва мураккаблигига қараб олдиндан тайинланади, лекин ишлаб чиқариш билан банд бўлган объектларни қабул қилиш учун - уч ойдан кечикмасдан, яшаш бинолари учун эса – 30 кундан кеч бўлмаган муддатда.
Ишчи ва Давлат қабул комиссиясининг ишига аъзо сифатида топширилган объектга келажакда профилактика хизматини кўрсатадиган ДЁН ходими киритилиши тавсия этилади.
Агар қурилиши тугалланган объектларда жиддий камчиликлар аниқланса, лойиҳа ва меъёрий ҳужжатларда (ГОСТ, ҚМҚ, Техник шартлар) белгиланган ёнғин хавфсизлиги тадбирлари бажарилмаган бўлса, унда ДЁН органининг вакили давлат қабул комиссиясининг раиси номига ёзма равишда ўзининг муҳим фикрини билдириши ва далолатномага қўл қўйишдан бош тортиши мумкин, бу ҳақда эса у дарҳол ўзининг юқори раҳбарига хабар беради. Бу ерда шуни эслатиб ўтиш жоизки, амалдаги қонунчилик талабларига асосан қурилиши тугалланган объектларни қабул қилиш қоидаларини бузган давлат қабул комиссиясининг раиси ва аъзолари, шунингдек жиддий камчиликлари мавжуд бўлишига қарамай комиссия аъзоларини қўл қўйишга мажбур қилган мансабдор шахслар маъмурий, интизомий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |