CЎЛЖОНЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИДА БИОГУМУСДАН ФОЙДАЛАНИШ
Чувалчангларнинг, умуман микроорганизмларнинг роли ва аҳамияти шундаки, уларнинг фаолияти кун сайин кўпайиб, атроф муҳитимизни ифлослантираётган турли чиқиндилар (чорвачилик қолдиқлари, маиший ахлат, оқава сувларнинг чўкиндилари ва ҳоказо)ни қайта ишлаб қишлоқ хўжалигида органик ўғит сифатида фойдаланиш имконини беради. Органик ўғит ишлаб чиқаришнинг бу тури катта маблағлар ишлатиш ва фойдаланиш ҳаражатларини талаб этмайди. Аҳоли яшайдиган жойлардаги маиший чиқиндилар ва ҳунармандчилик саноат ишлаб чиқаришнинг қолдиқларини қайта ишлашда ҳам чувалчанглар ва микроорганизмлар фаолиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Хорижий мамлакатлар тажрибасидан маълумки, чувалчанглар ёрдамида ҳар қандай органик қолдиқларни қисқа муддат ичида ўсимликлар истеъмоли учун қулай турдаги озиқ элементларга бой, донадор таркибли, сув таъсирида эриб, ювилиб кетмайдиган, ниҳоятда тўйимли ўғитларга айлантириш мумкин. Чувалчангларга қўйилган чиқиндилар тезда бадбўйлигини йўқотади. Мисол учун, гўнгнинг нохуш ҳиди бир кеча-кундузда тарқаб, 4-6 ҳафтадан кейин компостга айланади. Компостлаш жараёнида чувалчангларнинг аксарият қисмини ажратиб олиб, қайта ишланади ва уй ҳайвонлари паррандаларга озуқа сифатида берилади.
Кузатишларга қараганда вермикомпостлар одатдаги усул билан олинадиган компостлардан тезроқ етилади. Чувалчанглар чиқиндиларни деярли кукун ҳолигача майдалаб, чиқиндиларнинг парчаланиш жараёнида иштирок этувчи микроорганизмларнинг ҳаёт фаолияти учун қулай шароит яратади. Шунингдек, чувалчанглар касаллик қўзғатувчи бактериялар, жумладан, сальмонеллаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи микроорганизмларнинг фаолияти учун ҳам қулай шароит яратади, компостни зарарсизлантиради.
Вермикомпостлар ва одатдаги усул билан олинган компостлар юзаки қараганда бир-биридан кўп ҳам фарқ қилмайди. Фақат шуниси борки вермикомпостлар таркибида ўсимликлар истеъмоли учун қулай турдаги озиқ моддалар ўнлаб ҳисса opтиқроқ. Шу сабабли, биогумус ҳар қандай органик ўғитдан кўп марта фойдалироқ ва афзалроқ, чувалчанглар биомассасида эса ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини оширувчи сон-саноқсиз моддалар мавжуд. Агар 1 га экин майдо- нидан олиниши мумкин бўлган оқсилни ҳисоблайдиган бўлсак, энг маҳсулдор, оқсилни энг кўп берадиган ўсимлик беда эканлиги маълум бўлади — 1.100 кг.гача. Ваҳоланки, 1 га майдонда етиштирилган чувалчанглардан 40 минг кг оқсил уни олинади. Аниқ ҳисоб-китобларга қараганда 500 бош қорамол боқиладиган фермадан олинган органик ўғитлар бор-йўғи 200 га майдонга етади. Бу органикадан биогумус ишлаб чиқариш учун фойдаланилганида эса камида 1 минг га. ер майдонини унумлироқ ўғитлаш мумкин, яъни 5 баравар кўпроқ наф оламиз.
Чиқиндилардан чувалчанглар ёрдамида олинадиган компост тупроққа соғломлаштирувчи, бойитувчи сифатида таъсир кўрсатади. Сабзавотчилик, гулчилик, боғдорчилик, узумчилик соҳаларида, ўрмончилик кўчатхоналарида (питомниклар) ундан фойдаланиш самарали натижалар беради. Вермикомпост сабзавот экинлари уруғларининг униб чиқишини жадаллаштиради, ўсимлик кўчатларининг янги жойга мослаши жараёнини осонлаштиради, ривожланиш, ҳосилнинг етилиш муддатларини қисқартиради, ўсимликларнинг турли касалликларга чидамлилигини оширади, маҳсулотнинг умумий сифатига, мева ва сабзавотларнинг таъми, мазаси, рангига ижобий таъсир этади.
Ёмғир чувалчангларига бўлган қизиқишнинг кескин ортишига табиий муҳитимизнинг қишлоқ хўжалигида меъёрсиз ишлатилаётган кимёвий моддалар таъсирида ифлосланиб кетаётганлиги сабаб бўлди.
Айниқса, минерал ўғитларсиз ва пестицидларсиз, тупроқнинг биологик фаоллигини, унумдорлигини сақловчи табиий компостлардан кенг фойдаланиб деҳқончилик қилиш тарафдорлари чувалчангларга, чувалчанг боқишликка катта эътибор билан қарамоқдалар.
Буюк Британия мутахассисларининг фикрига кўра, вермикомпостлар таркибидаги микроорганизмлар заҳарли оғир металларнинг ҳам қўзғалувчан бирикмалар ҳолига ўтишини осонлаштиради. Вермикомпостлар айниқса пестицидларнинг қолдиқлари ва саноат чиқиндилари таркибидаги зарарли моддалар билан ифлосланиш натижасида табиий тозаланиш қобилиятини йўқотган ер майдонлари учун катта аҳамиятга эга. Тупроқнинг ўзини-ўзи тозалаш хусусиятларини ошириб, вермикомпостлар, ифлосланиш туфайли фойдаланишдан чиқарилган экин майдонларини қишлоқ хўжалигига қайтариш имкониятини туғдиради.
Бу мақсадлар учун ёмғир чувалчангларининг ўзини бевосита ифлосланган, яроқсиз тупроқда жойлаштириш айни муддаодир.
Тупроқ микроорганизмлари, бир ҳужайралилар ва ёмғир чувалчанглари ягона биологик занжирни ташкил этади: микроорганизмлар бир ҳужайралилар учун озиқ манбаси сифатида хизмат қилади (бунда микроорганизмларнинг фаолияти сустлашмасдан, аксинча,фаоллашади), ўз навбатида бир ҳужайралилар ёмғир чувалчанглари учун озиқ бўлиб хизмат қилади. Дижонда (Франция) жойлашган тупроқ фаунаси тажрибахонасида олиб борилган кузатишлардан маълум бўлдики, таркибида ёмғир чувалчанглари ва бир ҳужайралилар бўлган тупроқнинг микробиологик фаолияти сезиларли даражада кучаяр экан.
Тупроққа олиб кирилган чувалчанглар таъсирида тупроқнинг микробиологик фаолиятининг ошиши ва пестицид қолдиқларининг емирилиши амалда исботланган.
Тупроқнинг юпқа ҳосилдор қатламининг ҳосил бўлиши, ривожланиши ва ҳимояланиш соҳасида тадқиқот олиб борувчи етакчи америка олимлари тупроқни соғломлаштириш ва мустаҳкамлашдаги фаолияти жиҳатидан чувалчанглар ер юзидаги энг муҳим, энг зарур тирик организмлардир деган хулосага келдилар.
Чувалчанглардан қуриб бораётган ўрмонларнинг аҳволини яхшилаш борасида ҳам фойдаланила бошланди. Ўрмонларнинг қуриши айниқса Европа мамлакатларида ўткир муаммо бўлиб турибди. Оҳак билан ўғитлаш қуришга қарши энг самарали тадбир деб тан олинган. Агарда оҳак тупроқ юзасига сочиб чиқилгандан кейин таркибида тирик чувалчанглар бўлган вермикомпост солинса, чувалчангларнинг фаолияти натижасида тупроқ билан оҳак яхши аралашади. Бу эса оҳак билан ўғитлашнинг тупроқни мелиорацияланиш (тупроқ таркибини яхшилаш) хусусиятини кучайтиради.
АҚШ олимларининг фикрича, баъзи ўрмонзорлардаги тупроқнинг ғоваклилик хусусияти ундаги ёмғир чувалчангларининг фаолияти билан узвий боғлиқдир. Ғоваклилик хусусияти тупроқнинг нурашига тўсқинлик қилади. Айрим ўрмонларда ҳар гектар майдонда 2-4 миллионтагача ёмғир чувалчанглари яшайди. Чувалчанглар 30 тоннага яқин ўсимлик чириндисини қайта ишлаб беради.
Улкан ўрмон дарахтларининг илдиз ости муҳитида ёмғир чувалчангларининг мавжудлиги уларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу АҚШ ўрмончилиги маҳкамаси томонидан Сиерра Мадра ўрмонларидаги дарахтларнинг маълум қисми ўсаётган тупроққа ёмғир чувалчангларини жойлаштириш мисолида тажрибавий йўл билан исботланган. Дарахтлар уч йил ичида шунчалик ўсиб кетдики, тупроқда чувалчанглар бўлмаган одатдаги шароитда бунинг учун 8 йил ҳам камлик қиларди. Ундан ташқари, тажриба майдонидаги дарахтлар ўша йили совуқ, ниҳоятда қор кўп ёққан шароитда қишдан бешикаст чиқди. Ҳолбуки, илдиз ости муҳитида ёмғир чувалчанглари бўлмаган дарахтларнинг кўпи қорнинг оғирлигини кўтара олмай синиб кетган.
Чет мамлакатларда тупроқнинг унумдорлигини ошириш учун ёмғир чувалчангларининг сонини кўпайтириш усулидан ҳам кенг фойдаланилади. АҚШда бу усулдан яроқсизланган майдонларни соғломлаштиришда, Нидерландияда янги ерларни ўзлаштиришда фойдаланилади. Янги Зеландияда эса чувалчангларни сунъий равишда яйлов тупроқ муҳитига жойлаштириш кенг қўлланилади. Бу ерда чувалчангларнинг маҳаллий турлари инсон фаолияти туфайли йўқолиб бормоқда. Маҳаллий чувалчангларни кўчириб келтирган чувалчанглар билан алмаштириш яйловларнинг унумдорлигини ошириш имкониятини берди.
Ёмғир чувалчанглари балиқларни, парранда ва ҳайвонларни боқишда асосий озуқага юқори протеинли қўшимча сифатида ҳам қимматлидир. Чувалчангларни турли чиқиндилар воситасида кўпайтириш учун қулай шароит ярата бориб, катта миқдорда чувалчанглар биомассасини олиш мумкин. Емга қўшиладиган ун тайёрлаш учун чувалчанглар субстратдан ажратиб олинади, ювилади, қуритилади ва майдаланади. Бундай ун таркибидаги аминокислоталарнинг миқдори жиҳатидан гўшт-суяк унига яқинлашиб боради. Чувалчанг унида зарур аминокислоталар миқдори суяк унидагидан анча юқори бўлиб, фақат глицин миқдори бундан мустаснодир.
Do'stlaringiz bilan baham: |