Она чувалчангларни сотиб олиш
Ёмғир чувалчангларини кўпайтириш билан шуғулланишни хоҳловчилар она чувалчангларни сотиб олиш учун ихтисослашган бизнинг хўжаликга мурожаат қилишлари мумкин. Чувалчанглар сонига, оғирлигига қараб, шунингдек яхлит стандарт уялар билан сотилади.
Сонига қараб сотиш.
Вояга етган чувалчангларнинг маълум миқдори олиб тортилади, кейин ундаги чувалчанглар сони санаб чиқилади.
Оғирлигига қараб сотиш.
Турли катталикдаги чувалчанглар (тухумлар ва тухумдан янги чиққанлари олинмайди) керагича олиб тортилади.
Уялар билан сотиш.
Битта, стандарт уяда, яъни 1м х 1м майдонда ўрта ҳисобда 10-15 кунга етадиган озиқ билан таъминланган, ўрта ёшдаги ва вояга етган чувалчанглар (20-25 минг бош), ғумбаклари ва тухумлари (25-30 минг бош) билан бирга ўзининг табиий яшаш муҳитига жойлаштирилган жами 50 минг бош сўлжон бўлиши керак.
б) Сўлжонларни ташиш ва уяларга жойлаштириш
Уларни манзилнинг узоқ-яқинлигига қараб исталган транспорт воситасида (трактор, авторефрижератор, тайёра) ташиш мумкин. Бунинг учун чувалчанглар ёғоч ёки пластмассадан ясалган махсус яшикларга тахланади: яшик тубига қоғоз ёйилиб, устига чувалчанглар ўрганган яшаш муҳити ва субстрат билан бирга жойлаштирилади. Шамол ва қуёш нурлари чувалчанглар учун ниҳоятда зарарли эканлигини ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун чувалчангларни ортиш ва тушириш кучли шамол, айниқса елвизак бўлмайдиган шароитда, соя жойларда ёки қуёш ботгандан кейин амалга оширилади. Чувалчанглар қуёш нурларини ёқтирмайди. Нурланиш улар учун ҳалокатлидир. Яшиклардаги озиқлантирувчи муҳитнииг намлиги 80 фоиздан кам бўлмаслиги шарт.
Хўжалик мутахассисларининг маълумотларига қараганда, 0,20 гектар ер майдонида чувалчангларни кўпайтириш ва биогумус ишлаб чиқаришга ихтисослашган даромадли хўжалик ташкил этиш учун 250 мингта чувалчанг кифоя.
Чувалчангларни уядаги зичлиги — чиқиндиларнинг қайта ишланишини жадаллаштирувчи муҳим омиллардан биридир. Шунинг учун дастлабки жойлаштиришда чиқиндиларнинг 1 кв.м юзасидаги чувалчанглар сони 5-10 мингтадан ошмаслиги лозим...
Чувалчангларни чиқиндилар билан 10-15 см қалинликда тўлдирилган уяларга тонг саҳарда жойлаш тавсия килинади. Агар чувалчанглар ўзини нормал сезаётган бўлса, яъни одатдагидай фаол, иштаҳаси яхши бўлса, уяга жойлаштирилгандан кейин бир ойгача қўшимча озиқ - чиқинди берилмайди. Бу муддат ўтгач, чувалчанглар бутун субстратни (гўнг ва чиқиндилар) қайта ишлаб бўлганидан сўнг текширувдан ўтказилиб, озиқ сифатида фойдаланиш мумкин деб топилган маълум миқдордаги чиқинди солинади.
Март ойидан сентябргача бўлган даврда уяга 1-2 ҳафта оралиқ билан 5-15 см қалинликда янги чиқиндилар солиб турилади. Йилнинг иссиқ даврида ортиқча қизиб кетишга йўл қўймаслик учун чиқинди қатлами юпқароқ солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |