Диэлектрик қўлқоплар, этиклар ва калишлар 3.1.41. Қабул қилиш-топшириш ва ишлатиш синовларида диэлектрик қўлқоплар, этиклар ва калишлар юқори кучланиш билан синалади, бунда ушбу буюмдан ўтаётган ток ўлчанади.
3.1.42. Диэлектрик қўлқоплар, этиклар ва калишларни синашда улар ҳарорати 15°С-35°С бўлган сувли металл ваннага туширилади. Сув ушбу буюмларнинг ичига ҳам қўйилади. Ваннадага ҳамда буюмларнинг ичидаги сув сатҳи қўлқопнинг ва этикнинг юқори четидан 50 мм, калишнинг юқори четидан эса 20 мм пастда бўлиши зарур. Синалаётган буюмларнинг чиқиб турган қисми қуруқ бўлиши керак. Синов трансформаторининг бир чиқиш сими металл ваннага уланади, иккинчиси ерга уланади. Буюм ичига миллиамперметр орқали ерга уланган электрод сим туширилади. Ушбу буюмларни синаш схемасидан бири 3.3-чизмада кўрсатилган. Синаш мобайнида П алмашлаб улагичи буюмнинг электр ёйи билан тешилганлиги ёки тешилмаганлигини сигнал лампа орқали аниқлаш учун аввал «а» ҳолатига ўтказилади. Буюмда тешилишлар бўлмаса алмашлаб улагич буюмдан ўтаётган токни ўлчаш учун «б» ҳолатга ўтказилади.
Агар буюмдан ўтаётган ток меъёрдан ошиб кетса ёки миллиамперметр стрелкасида кучли тебраниш кузатилса, ушбу буюм яроқсизга чиқарилади.
Буюм электр ёйидан тешилганлиги аниқланган тақдирда нуқсонли буюм ёки синов ускунаси дарҳол ўчирилади.
Синов тамом бўлгандан сўнг буюм қуритилади.
3.1.43. Қўлқопларни қабул қилиш-топшириш синовлари техник шартларга асосан, этиклар ва калишлар эса ГОСТ га асосан синовдан ўтказилади.
Диэлектрик қалпоқлар 3.1.44. Диэлектрик қалпоқлар тайёрлангандан кейин 2 минут мобайнида 10 кВ кучланиш билан уларнинг электр мустаҳкамлиги синалади, ишлатиш мобайнида эса ҳар 3 йилда 1 марта 10 кВ кучланиш билан бир минут давомида синалади. Диэлектрик қалпоқларнинг синаш услуби диэлектрик қўлқоп, этик ва калишлар синови билан бир хилдир.
Изоляцияловчи тагликлар ва диэлектрик гиламлар 3.1.45. Изоляцияловчи тагликларни қабул қилиш-топшириш синовлари уларга ўрнатилган таянч изоляторларини 36 кВ кучланиш билан синашдан иборатдир. Изоляцияловчи тагликларнинг таянч изоляторларини алоҳида ёки таглик билан биргаликда синаш мумкин. Бунда ҳамма изоляторларнинг металл қалпоқчалари бир-бири билан ҳамда изоляторларнинг асослари бир-бири билан уланган бўлиши зарур. Синов кучланиши қалпоқчаларга ва изоляторлар асосига берилади.
3.1.46. Синов жараёнида изоляторларнинг ҳолати кузатиб турилиши лозим; агар изолятор юзасида сирғанувчи разрядлар ёки электр ёй билан чокни қоплаб ўтиш бўлса, изоляцияловчи таглик яроқсизга чиқарилади.
Синовдан сўнг таянч изоляторлар асосига уларнинг синалганлиги тўғрисида штамп босилади. Яроқсизга чиқарилган изоляторлар алмаштирилади.