1.7-боб. Ерга улаш ва электр ҳавфсизликнинг химоя чоралари
Қўллаш доираси, тушунчалар
1.7.1. Қоидаларнинг ушбу боби кучланиши 1000 В ва ундан юқори ўзгармас ва ўзгарувчан токнинг барча электр қурилмаларига татбиқ этилади ва уларни ерга улашга бўлган умумий талабларни ва изоляция бузилганда одамларни электр токидан шикастланишдан химоя қилишга бўлган умумий талабларни қамраб олган.
Қўшимча талаблар ЭҚТҚ нинг тегишли бобларида келтирилган.
1.7.2. Электр хавфсизлиги чораларига нисбатан электр қурилмалар қуйидагиларга бўлинадилар:
нейтрали ерга эффектив уланган тармоқлардаги 1000 В дан юқори (ерга туташиш токлари катта) электр қурилмалар;
нейтрали изоляцияланган тармоқлардаги 1000 В дан юқори (ерга туташиш токлари кичик) электр қурилмалар;
нейтрали ерга тўғридан-тўғри уланган 1000 В гача электр қурилмалар;
нейтрали изоляцияланган 1000 В гача электр қурилмалар.
1.7.3. Нейтрали ерга эффектив уланган электр тармоқ деб, ундаги ерга туташиш коэффициенти 1,4 дан катта бўлмаган, 1000 В дан юқори уч фазали электр тармоққа айтилади.
Уч фазали электр тармоқдаги ерга туташиш коэффициенти деб, ерга туташиш нуқтасида шикастланмаган фаза билан ер, бошқа фаза ёки иккита башқа фазалар орасидаги потенциаллар фарқини, туташишгача шу нуқтадаги фаза ва ер орасидаги потенциаллар фарқига нисбатига айтилади.
1.7.4. Ерга тўғридан-тўғри уланган нейтраль деб, ерга улаш қурилмасига тўғридан-тўғри ёки кичик қаршилик (масалан, ток трансформаторлари) орқали уланган трансформатор ёки генератор нейтралига айтилади.
1.7.5. Изоляцияланган нейтраль деб, ерга улаш қурилмасига уланмаган ёки унга қаршилиги катта бўлган сигнализация, ўлчов, химоя приборлари, ерга улайдиган ёй сўндирувчи реакторлар ва шунга ўхшаш қурилмалар орқали уланган трансформатор ёки генератор нейтралига айтилади.
1.7.6. Электр қурилманинг бирор-бир қисмини ёки бошқа қурилмани ерга улаш деб, ушбу қисмини ерга улаш қурилмасига олдиндан мўлжаллаган холда электр улашга айтилади.
1.7.7. Химоявий ерга улаш деб, электр хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр қурилма қисмларини ерга улашга айтилади.
1.7.8. Ишчи ерга улаш деб, электр қурилманинг ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган, унинг ток ўтказувчи қисмларининг бирор-бир нуқтасини ерга улашга айтилади.
1.7.9. Кучланиши 1000 В гача электр қурилмаларда ноль симга улаш деб, нормал холатда кучланиш остида бўлмаган электр қурилма қисмларини: уч фазали ток тармоқларида генератор ёки трансформаторнинг ерга тўғридан-тўғри уланган нейтралига, бир фазали ток манбаининг ерга тўғридан-тўғри уланган чиқармасига, ўзгармас ток тармоқларида манбанинг ерга тўғридан-тўғри уланган ўрта нуқтасига атайлаб уланишига айтилади.
1.7.10. Ерга туташиш деб, кучланиш остида бўлган электр қурилманинг қисмларини ердан изоляцияланмаган конструктив қисмлар ёки тўғридан-тўғри ер билан тасодифан уланиб қолишига айтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |