Электр ҚУРИЛМАЛАРнинг тузилиши қоидалари
I бўлим. Умумий қоидалар.
Мазкур ЭҚТҚ нинг мақсади идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар лойиҳалаш, монтаж қилиш ва созлаш ташкилотлари томонидан электр қурилмаларни лойиҳалаш ва монтаж қилишда техник талабларни ўрнатишдир.
1.1-боб. Умумий қисм.
Қўллаш доираси, тушунчалар
1.1.1. Электр қурилмаларнинг тузилиши қоидалари (ЭҚТҚ) электр энергиясини ишлаб чиқарувчилари, электр таъминоти ташкилотлари ва электр энергияси истъемолчиларининг кучланиши 500 кВ гача бўлган янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган электр қурилмаларига тааллуқлидир.
Ушбу Қоидаларнинг айрим талабларини ишлаб турган электр қурилмаларга қўллаш мумкин, агар у электр қурилмани соддалаштирса, агар реконструкция қилиш бўйича ҳаражатлар техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлса, ёки ушбу реконструкция ишлаб турган электр қурилмаларга тааллуқли бўлган хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган бўлса.
Ушбу Қоидалар талаблари реконструкция қилинаётган электр қурилмаларга нисбатан фақат уларнинг қайта тикланаётган қисмлари учун тааллуқлидир. Масалан, қисқа туташув (ҚТ) шартлари бўйича алмаштирилаётган аппаратларга.
1.1.2. ЭҚТҚ, электр ишлаб чиқариш ва электр истеъмол қилиш ускуналарининг қўлланилиши, эксплуатация қилиш шароитида электр қурилмалар ва уларнинг электр ускуналарини режали олдини олиш ва профилактик синовларини, таъмирлашларини ўтказиш, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ходимларни амалдаги техник эксплуатация қилиш қоидалари ва хавфсизлик техникаси қоидалари талаблари ҳажмида мунтазам ўқитиш ва билимларини текшириш шартлиги ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
1.1.3. Электр қурилмалар деб, электр энергиясини ишлаб чиқариш, трансформация қилиш, узатиш, тақсимлаш ҳамда уни энергиянинг бошқа турига айлантириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, электр узатиш линиялари ва ёрдамчи ускуналар (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан бирга) йиғиндисига айтилади.
Электр қурилмалар Қоидалар билан электр хавфсизлиги шартлари бўйича 1000 В гача бўлган электр қурилмаларга ва 1000 В дан юқори бўлган электр қурилмаларга (кучланишнинг амалдаги қиймати бўйича) бўлинадилар.
1.1.4. Очиқ ёки ташқи электр қурилмалар деб, атмосфера таъсиридан бино билан ҳимоя қилинмаган электр қурилмаларга айтилади.
Фақатгина бостирма, тўрли тўсиқ ва шунга ўхшаганлар билан ҳимоя қилинган электр қурилмалар ташқи деб қаралади.
Do'stlaringiz bilan baham: |