Боз устига, прогнозларга кўра, 2020 йилга келиб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилга қараганда 1,7 фоиз, жумладан, аҳоли эҳтиёжи 1,5 баробар ўсади
Боз устига, прогнозларга кўра, 2020 йилга келиб мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилга қараганда 1,7 фоиз, жумладан, аҳоли эҳтиёжи 1,5 баробар ўсади. Хўш, электр қувватига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, саноат фойдаланувчилари учун электр етказиб беришни сифатли таъминлаш, режадан ташқари ўчиришлар (қурилмаларнинг фавқулодда ишдан чиқиб қолиш ҳолатлари)нинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда ёки қилинади? Мазкур ўта долзарб масала ечимига масъул “Ўзбекэнерго” АЖдан маълум қилинишича, бу борада ҳозирда барча чора-тадбирлар кўрилмоқда ва улар истиқболда ҳам давом эттирилади.
Ушбу масалага нима учун комплекс ёндашиш зарурати туғилди? Тўғрисини айтиш керак, бундай зарурат вужудга келганига анча вақт бўлди. Нега?
Келинг, мавзуга рақамлар ва фактлар, оғриқли манзаралар орқали чуқурроқ кириб борамиз. Республикамиздаги электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электростанцияларида (ТЭС) ишлаб чиқарилади. Бироқ амалдаги ТЭСларнинг асосий қисми, яъни 84 фоизи бундан 50 йил олдин (!) фойдаланишга топширилган. Алмисоқдан қолган бундай қурилмалар, табиийки, замон талабларига мутлақо жавоб бермайди. Боиси уларнинг ниҳоятда эскириб кетгани электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириб юбориб, тақчилликни келтириб чиқармоқда, қолаверса, фойдаланилаётган ёқилғининг катта миқдорда сарфланишига сабаб бўлаётир. Оқибатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархи ҳам ошиб кетаяпти. Булардан оддий истеъмолчининг деярли хабари йўқ. Улар учун уйда чироқ ёниб туриши муҳим, у қандай яратилаётгани, нима ҳисобига етказиб берилаётгани эса кўпчиликни қизиқтирмайди ҳам. Лекин солиқ тўловчи юқоридаги ва қуйидаги маълумотларни ўқиб, ўзи учун оқилона хулоса чиқариб олса, фойдадан холи бўлмайди.
Ҳозирги кунда юртимизда энергия тизимлари электр тармоқлари узунлиги 254,8 минг километрга тенг. Шундан 218,4 минг километри 0,4-10 кВ.ли кучланишга эга паст вольтли тақсимлаш тармоқларидир. Улардан 62,4 фоизининг ишлатилиш муддати 30 йилдан ошиб кетган. Тақсимлаш тармоқларининг жуда эскириб кетгани эса электр энергиясининг сезиларли даражада йўқотилишига олиб келмоқда. Яъни айни пайтда иссиқлик электростанцияларидан электр энергияси тармоқларига чиқарилаётган умумий электр қувватининг 20 фоизи йўқотилаяпти. Бир кўз ўнгингизга келтиринг: биз учун ишлаб чиқарилаётган ёруғлик ва иссиқлик манбаининг бешдан бир қисми ҳавога учиб кетмоқда, увол бўлаяпти.
Айнан мана шундай камчиликларни бартараф этиш, нуқсонларни йўқотиш ва исрофга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг электр таъминоти ишончлилиги ва сифатини таъминлаб қўйиш даркор. Албатта, бунда келажакда электр қувватига бўлган талабнинг ошиб бориши ҳам инобатга олиниш шарт. Хўш, мутасаддиларнинг режалари қандай?