XVI боб. Синовлар ва ўлчашлар
§ 1. Чет ток манбаидан юқори кучланиш бериб синаш
377. Махсус тайёргарликдан ўтraн ва ушбу боб талаблари бўйича билим текширувидан ўтган ходимга синовларни ўтказиш учун рухсат берилади. Ишбоши, бундан ташқари тажрибали ходим назоратида бир ойлик амалий иш тажрибасидан (стажировкадан) ўтиши зарур.
378. Электр ускуналарида ва шу жумладан электр қурилмалардан ташқарида (ишлатилмайдиган электр қурилмаларда, омборхонада, корхона майдонида, далада ва ҳ.к.) кўчма синаш ускуналарини қўллаб синаш ўтказиш ишлари наряд бўйича бажарилиши шарт. Синовларни ўтказиш учун рухсатни иш раҳбари, агар у тайинланмаган бўлса ишбоши беради.
Бундай ҳолларда синовларни ўтказишга наряд, ушбу ишлар зарурлиги ҳақида қарор қабул қилган ва наряд бериш ҳуқуқига эга бўлган ходим томонидан берилади.
Монтаж ёки таъмирлаш жараёнида ўтказиладиган синаш ишлари наряднинг «Қуйидаги ишлар бажарилиши юклатилган» деган сатрида қайд қилиниши шарт.
1000 В кучланишгача бўлган электр қурилмаларда синаш ишларини фармойиш бўйича бажаришга ижозат берилади.
379. Синаш ишларини таркибида IV гуруҳга эга бўлган ишбоши, III гуруҳга эга бўлган бригада аъзоси, қўpиқлаш учун қўйилган II гуруҳли ходим бўлган бригада амалга ошириши керак.
380. Синаш ишларини бажарувчи бригада таркибига тайёргарлик ишларини бажаришга ва ускуна устидан назоратни амалга ошириш учун жалб қилинадиган таъмирловчи ходимларнинг ишчилари киритилиши мумкин.
Ускунани монтаж қилиш ёки таъмирлашни бажарадиган бригада таркибига синаш ишларини бажариш учун созлаш корхоналари ёки электр лаборатория ходимлари киритилиши мумкин. Бундай ҳолларда синаш ишларига ишбоши ёки унинг кўpсатмаси бўйича созлаш корхонаси ёки лаборатория ходимларидан IV гуруҳга эга бўлган ишчи раҳбарлик қилади.
381. 1000 В кучланишдан юқори электр қурилмадан ташқарида туриб, ток ўтказувчи қисмлари ялпи ва тўрли тўсиқ билан ёпилган, эшиклари эса блокировка билан жиҳозланган доимий ўpнатилган синаш ускуналарида изоляция материалларини ва буюмларини (ҳимоя воситалари, ҳар хил изоляцион деталлар ва ҳоказолар) оммавий синовдан ўтказиш ишларини амалдаги йўpиқномага асосан III гуруҳга эга бўлган бир ишчи бажариши мумкин.
382. Синовларни ўтказишга берилган наряд билан ишлашга ва унга тайёргарлик ишларини бажариш учун рухсат, синаш учун мўлжалланган электр ускунада ишлаётган бошқа бригадалар чиқариб юборилгандан ва улар нарядларини ишга рухсат берувчига топширганларидан кейингина берилади. Маҳаллий навбатчиси бўлмаган электр қурилмаларда ишбошига, бригадани иш жойидан чиқариб юборгандан кейин ишдаги танаффусни расмийлаштириб, нарядни ўзида қолдиришга рухсат этилади.
383. Синаш қурилмалари ва синаш мақсадиди қўлланиладиган ўлчаш воситалари «Ўзстандарт» агентлигининг ҳудудий ташкилотларида текширилган, синаш лаборато-рияси эса синовларнинг тегишли соҳасига мувофиқ аттестациядан ўтган бўлиши шарт.
384. Синалаётган ускуна, синаш қурилмаси ва улаш симлари тўсиқлар, арқон ва ҳоказолар билан тўсилиши ва уларга ёзуви ташқарига қараган «Синов. Ҳаёт учун хавфли» деган плакатлар осилиши шарт. Тўсиқни синов ўтказаётган ходим ўрнатади.
385. Зарур бўлган тақдирда синалаётган ускуна, синаш қурилмаси ва улаш симларига бегона одамларнинг яқинлашишининг олдини олиш учун II гуруҳга эга бўлган бригада аъзоларидан бири назоратчи қилиб қўйилиши керак. Назоратчилик қилаётган бригада аъзоси тўсиқдан ташқарида туриши ва синалаётган ускунани кучланиш остида деб ҳисоблаши шарт. Назоратчилик қилаётган ходим ўз постини фақат ишбошининг рухсати билангина ташлаб кетиши мумкин.
386. Кабель электр узатиш тармоқларини синаш жараёнида, агар кабелнинг иккинчи учи беркитилган камерада, комплект тақсимловчи қурилма хонасида ёки хона ичида жойлашган бўлса, эшикка ёки тўсиққа «Синов. Ҳаёт учун хавфли» деган плакат осилиши шарт. Агар кабель электр узатиш тармоғи иккинчи учи жойлашган хона эшиги ва унга ўpнатилган тўсик. беркитилмаган ёки кабелинг фазалари трассадаги таъмирлашга мўлжалланган тармоқ билан қўшиб синаладиган бўлса, кабелнинг трассадаги фазаси уланган жойга плакатлар осишдан ташқари, яна бригада таркибига киритилган II гуруҳли ишчидан ёки навбатчи ходимлардан қўриқловчи қўйилиши керак.
387. Синаш қурилмаси ва синалаётган ускуна ҳар хил хоналарда ёки тақсимловчи электр ускунанинг бошқа бир ерида жойлашган бўлса, изоляция аҳволини текшириб туриш учун III гурухга эга бўлган бригада аъзоларини ишбошидан алоҳида туришига рухсат этилади. Ушбу бригада аъзолари тўсиқдан ташқарида жойлашишлари ва синаш ишларини бошлашдан олдин ишбошидан йўриқнома олишлари керак.
388. Синашга ҳалақит берадиган ерга улагични олиш ва синаш ишлари тамом бўлгандан кейин қайта ўрнига қўйиш фақат синаш ишларига раҳбарлик қилаётган ходим кўрсатмаси бўйича синаш қурилмасини юқори кучланишли қисми ерга улангандан кейингина амалга оширилиши мумкин.
389. Синаш схемасини йиғишда энг аввал синаш қурилмасида ҳимоя ва ишчи ерга улагичларини ўрнатиш бажарилиши ва зарур бўлган тақдирда синаладиган ускуна корпусининг ҳимоя ерга улагичини ўрнaтиш зарур. Кўчма синаш қурилмаси билан синов ўrказганда ушбу қурилма корпусини фақат ишчи схема ёрдамида ерга улаш тақиқланади. Кўчма синаш қурилмаси корпуси кўндаланг кесими камида 10 мм2 бўлган эгилувчан мис сим билан алоҳида ерга уланиши керак. Синов ўтказишдан олдин корпусни ерга мустаҳкам уланганлигини текшириш зарур.
Синаш қурилмасини 380/220 В кучланишли тapмoққа улашдан олдин унинг юқори кучланишли қисми ерга уланиши шарт.
Синаш схемаларини ерга улаш учун ишлатиладиган эгилувчан мис симнинг кўндаланг кесими камида 4 мм2 бўлиши керак.
390. Синаш қурилмасини 380/220 В кучланишли тapмoққа улаш, занжир узилишини яққол кўрсатадиган коммутация аппаратлари орқали ёки қурилмани бошқарувчи шчитга ўpнатилган штепсель вилкаси орқали амалга оширилиши лозим.
Коммутация аппарати ушлаб қолувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиши ёки аппаратнинг қўзғалмас ва қўзғалувчи контактлари орасига изоляцион қоплама қўйилиши керак.
Синаш қурилмасини 380/220 В кучланишли электр тармоғига уловчи сим ёки кабел ушбу тapмoққа ўрнатилган автоматик узгич ёки сақлагич билан ҳимоя қилинган бўлиши шарт. Кўчма синаш қурилмасини электр тармоғига ушбу электр тармоғини эксплуатация қилувчи ташкилот вакили улаб бериши зарур.
391. Синаш қурилмасидаги операторнинг иш жойи қурилманинг 1000 В кучланишдан юқори қисмидан ажратилган бўлиши керак. Қурилманинг 1000 В кучланишдан юқори қисмига кирадиган эшиги блокировка билан жиҳозланган бўлиб, эшик очилганда қурилмадан кучланиш олиниши ва қурилмага кучланиш берилишига йўл қўйилмаслиги шарт. Операторнинг иш жоийда ускунага 1000 Волтдан паст ва ундан юқори кучланиш берилганлигини кўрсатувчи ёруғлик сигнализацияси бўлиши керак. Бундан ташқари кўчма синаш қурилмасининг чиқиш жойида кучланиш пайдо бўлиши билан автоматик равишда ишловчи ташқи ёруғлик сигнализацияси жиҳозланиши зарур.
392. Юқори кучланишли ўзгармас ток ҳосил қилиш учун, одатда, қаттиқ ярим ўтказгичларли схемаларни қўлланилиши лозим.
Кенотрон синаш қурилмалари, хизмат қилувчи ходимларни рентген нурларининг зарарли таъсиридан сақланиши учун кенотрон қурилмаларига хизмат кўсатишда ходимлар учун хавфсизлик техникаси бўйича намунавий йўриқномага асосан эксплуатация қилиниши зарур.
393. Синалаётган ускуна билан синаш қурилмасини уловчи сим, олдин синаш ускунасининг ерга уланган юқори кучланишли қурилмасига уланади. Бу сим шундай маҳкамланиши керакки, ушбу сим кучланиш остидаги ток ўтказувчи қисмига мазкур Қоидаларнинг 2-иловасидаги жадвални 3-устунида кўрсатилган масофадан яқин келишига (илашишига) йўл қўймаслиги керак.
Синаш ускунасидан келаётган симни кабел фазасига ёки синалаётган ускуна фазасига улаш ва олиш синов раҳбари кўрсатмаси бўйича фақат ушбу ускунани ерга улаш пичоғини ёхуд кўчма ерга улагич ёрдамида ёки шу жумладан махсус лабораторияда ишлатиладиган изоляцион дастакли ерга улагич ёрдамида ерга улангандан кейингина амалга оширилади.
394. Ишбоши синаш ускунасига кучланишнинг ҳар берилишидан олдин қуйидаги тадбирларни бажариши шарт:
синаш учун йиғилган схемаларнинг тўғрилигини, ишчи ва ҳимоя ерга улагичларни мустаҳкамлигини текшириши;
назорат учун тайинланган ҳамма бригада аъзолари ва қўриқлаш учун тайинланган ишчилар ўз жойларида турганлигини, бегона одамлар иш жойидан чиқарилганлигини ва ускунага синаш учун кучланиш бериш мумкинлигини текшириши;
бригада аъзоларини «Кучланиш бераяпман» деган сўзлар билан огоҳлантириш ва ушбу огоҳлантиришни ҳамма бригада аъзолари эшитганлиги тўғрисида ишонч ҳосил қилгандан кейингина синаш қурилмасини юқори кучланишли томонидан ерга улагични олиб ташлаб, қурилмани 380/220 В кучланишли тapмоққа улаши зарур.
395. Синаш қурилмасини юқори кучланишли томонидан ерга улагич олиб ташланган пайтдан бошлаб, синаш қурилмаси, синалаётган ускуна ва улар орасидаги сим кучланиш остида деб ҳисобланиши лозим ва синаш схемасида ва синалаётган ускунада симларни бирон бир қайта улаш ишларини бажариш ман қилинади.
396. Синаш қурилмасининг юқори кучланишли томонига кучланиш берилган пайтдан бошлаб синаш ускунасига кириш ва у ердан чиқиш, синалаётган ускунага яқинлашиш ва ерда туриб синаш ускунаси корпусига тегиш ман қилинади.
397. Кабелларни синаш ва улардаги носоз жойларини куйдириш билан топиш уларни ерга улаш қурилмаси бўлган пуктлар томонидан бажарилиши зарур. Мустасно тариқасида ерга улаш қурилмаси ўрнатилмаган кабелларда ушбу ишлар, корхона раҳбариятининг рухсати билан бажарилиши мумкин.
398. Синаш ишлари тамом бўлгандан кейин ишбоши синаш қурилмасидан кучланишни нолгача пасайтириши, қурилмани 380/220 В кучланишли тармоқдан узиши ва юқори кучланишли томонини ерга улаши, ҳамда «Қурилмадан кучланиш олинди» деган сўзлар билан бригада аъзоларини хабардор қилиши керак. Фақат шундан кейингина симларни қайта улаш ёки синаш ишлари батамом тугалланган тақдирда синалаётган ускунани синаш қурилмасидан узиб ташлаш, тўсиқларни олиш мумкин.
399. Катта сиғимли электр ускуналарда (кабелларда, генераторларда) синаш ишлари тугагандан сўнг қолган электр заряди олиб ташланиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |