110- расм. Сув эрозияси туфайли шаклланган дара .www.artphotoclub.com
Шамоллар таъсирида емирилган тоғ жинсларида турли-туман ғаройиб шакллар вужудга келади.
Сув оқимлари таъсирида механик нураш туфайли жарликлар тизими, оқим ўзанлари, водийлар ривожланади (110-расм).
Қояли рельефда бу восита гравитация кучлари таъсирида тоғ жинсларини механик парчалаб, турли шакллар ва бурдаланган материал ҳисобига коллювий ҳосил қилади (111-расм).
111- расм. Гравитацион нураш. www.artphotoclub.com
|
Сув музлаганда ўз ҳажмини 11% га оширади. Натижада тоғларнинг қор чизиғидан юқорисида, арктика, субарктика, денгиз қирғоқларида совуқдан нураш юз беради. Тоғларда қурумлар, баланд тоғларнинг текис юзаларида тошлоқ саҳролар шу йўл билан ҳосил бўлган. Элювий, делювий, коллювий нураш маҳсулотларидир.
Кимёвий нураш. Сув, карбонат ангидрид, кислород, органик ва анорганик кислоталар таъсирида беқарор минералларнинг ўзгаришига кимёвий нураш дейилади. Кимёвий нураш кислотали-ишқорли ва оксидловчи-тикловчи муҳитларда амалга ошади.
Кислотали-ишқорли муҳит сувдаги водород ионларининг концентрацияси билан белгиланади. У муҳитнинг водород кўрсаткичи (рН) дейилади.
Кимёвий тоза сув ҳам оз миқдорда бўлсада Н+ ва ОН- ионларига парчаланган бўлади. 22°С ҳароратли 1 литр сувда ушбу ионларнинг концентрацияси 1х10-7 грамм-ионга тенг бўлади. Бундай кичик миқдорни ифодалаш қулай бўлиши учун унинг ўнлик логарфмини тескари ишора билан ёзиш қабул қилинган. Нейтрал муҳитда рН 7,0 га тенг бўлади. Бу катталик сувли муҳитнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Шуни ёдда тутиш лозимки, рН ўнлик логарифмда олинганлиги учун унинг 1 бирликка ўзгариши водород ионлари концентрациясининг ўн мартага ўзгарганлигини билдиради.
Нейтрал муҳитда водород ва гидроксил ионларининг концентрацияси ўзаро тенг, яъни рН=ОН=7,0 бўлади. рНнинг қиймати 7 дан кичик бўлса, муҳитнинг нордонлигини, 7 дан катта бўлса, аксинча, ишқорийлигини билдиради.
Эритманинг рН кўрсаткичи ундаги барча кислота, тузлар ва асосларнинг диссоциацияси ёки гидролизи туфайли ҳосил бўлган водород ионларининг умумий концентрациясини ифодалайди.
Табиий сувларнинг рН кўрсаткичи унда эриган карбонат ангидриднинг умумий миқдорига боғлиқ. Сувда эриган СО2 кучсиз ва беқарор карбонат кислотани (Н2СО3) ҳосил қилади. Карбонат кислотанинг диссоциацияси (Н+ ва НСО3-) муҳитнинг нордонлигини оширади.
Ҳавода карбонат ангидриднинг миқдори 0,03% га тенг. Сувда у ўнлаб ва юзлаб марта кўп эриган бўлади. Карбонат кислота муҳитнинг рН кўрсаткичини пасайтиради, яъни унинг нордонлигини оширади. Нордон сувлар карбонатли бирикмаларни эритади ва силикат асосларини сиқиб чиқаради.
Карбонат ангидриднинг манбаи бўлиб тирик организмларнинг ҳаёт-фаолияти, органик қолдиқлар ва карбонатли бирикмаларнинг парчаланиши ва вулканизм жараёнлари ҳисобланади. Карбонат кислотанинг миқдори ботқоқ сувлари ва торфяникларда юқори бўлади.
Кимёвий нурашда сульфидларнинг оксидланишидан ҳосил бўлган сульфат кислота ва органик материалларнинг чириши туфайли вужудга келган гумин кислоталари ҳам катта аҳамиятга моликдир.
Оксидловчи-тикловчи муҳит. Муҳитнинг оксидлаш ёки тиклаш хусусиятлари оксидловчи–тикловчи имконияти (Еh) билан белгиланади. Оксидланган моддалар кам электронларга эга ва шунинг учун ҳам улар тикланган моддаларга нисбатан юқорироқ электр потенциалига (имкониятига) эга бўлади. Муҳитнинг Еh кўрсаткичи милливольтларда (мв) ўлчанади.
Табиий сувларнинг Еh кўрсаткичи газ режими билан тартибга солинади. Юза сувларининг Еh кўрсаткичи -300 мв дан +500 мв гача ўзгаради. Водородсульфидли ил чўкиндиларида у 0 дан паст бўлиб, - 300 мв гача камаяди.
Бирикманинг Еh кўрсаткичи қанча паст бўлса, унинг бошқа моддаларни тиклашда фаоллиги шунча юқори бўлади ва ўзи оксидланиш хусусиятига эга бўлган кучли тикловчидир. Аксинча, Еh кўрсаткичи қанча юқори бўлса, у шунча кучли оксидловчидир. Шу ўринда тикланган моддалар оксидловчилар бўлиб саналади. Бинобарин, улар оксидлаш жараёнида бошқа моддалардан кислородни бириктириб олиш хусусиятига эгадир.
Нефтли сувларда тикловчи бўлиб водородсульфид, икки валентли темир ионлари ва углеводородлар (нефт, газ) ҳисобланади. Нефтли сувларда Еh кўрсаткичи паст, манфий бўлади.
Кимёвий нураш кимёвий жараёнларнинг 5 турини: 1) эриш, 2) гидролиз, 3) ион алмашув, 4) оксидланиш ва 5) органик реакцияларни ўз ичига олади.
Эриш минералларнинг ион ёки коллоид эритмага ўтишидан иборат. Кўплаб минералларнинг эрувчанлиги жуда паст. Жинс ҳосил қилувчи минералларнинг катта қисми кам миқдорда эрийди. Кенг тарқалган минераллар галит (NaCl) энг юқори эрувчанлик даражасига эга. Гипснинг эрувчанлиги галитникига қараганда 40 марта кам. Кальцит тоза сувда ёмон эрийди. Аммо кальцитнинг эриши сувда эриган карбонат ангидрид, яъни карбонат кислота эвазига амалга ошади:
СаСО3 + Н2СО3 = 2НСО3- +Са2+.
Карбонат ангидрид табиий сувларга атмосферадан ва органик моддаларнинг парчаланишидан ўтади. Сувда карбонат ангидрид қанча кўп бўлса, унда шунча кўп кальцит эрийди. Кальцит, арагонит, магнезит ва доломитнинг сувда эриши ўхшаш ҳолда кечсада, магнезит ва доломит кальцит ва арагонитга нисбатан секин эрийди.
Do'stlaringiz bilan baham: |