II.5.ОРГАНИЗМЛАРНИНГ ҲАЁТИЙ ШАКЛЛАРИ
Ўсимлик ва ҳайвонларнинг ташқи муҳитнинг асосий омилларига нисбатан морфологик мосланишлари ва ҳаёт кечириш тарзи организмларнинг ҳаёт шакллари дейилади. Организмларнинг узоқ тарихий ривожланиш жараёнида улар яшаб турган ташқи муҳитга мос равишда ҳар хил морфологик ва биологик мосланиш хусусиятлари келиб чиққан. Бу ўз навбатида организмларда маълум ташқи қиёфани вужудга келтирган. Ўсимликларнинг ҳаёт шакли дейилганда (И.Г.Серебряков,1962) маълум ташқи муҳит шароитида ўсимликлар гуруҳларининг ўсиш ва ривожланиш натижасида келиб чиқадиган умумий кўриниши (қиёфаси) тушунилади. Ўсимликларнинг ҳаёт шаклига доир турли таснифлар ва тархлар мавжуд бўлиб, бундай таснифлаш Теофраст давридан бошланади. Даниялик ботаник К.Раункиер томонидан таклиф қилинган таснифлаш ўсимликларнинг янгиланиб турадиган органларининг, айниқса, куртакнинг жойлашишига ва уларнинг қишнинг ноқулай шароитида қишлашига ёки қурғоқчиликдан ҳимояланишига асосланади. Ана шу белгига асосан Ер юзидаги барча гулли ўсимликларнинг ҳаёт шакллари етти турга бўлиб ўрганилади:
1.Фанерофитлар (фанерос — яққол кўриниб турувчи) дарахт ва буталар ҳисобланиб, уларнинг қишлаб янгиланувчи куртаклари Ер юзидан анча баландда жойлашган ва қишда новдалари сақланиб қоладиган ўсимликлар.
2.Хамефитлар (хаме — паст, ер бағирловчи) майда бутачалар, чала бутачалар ҳисобланиб, уларнинг янгиланиш куртаклари Ер юзасидан унча баланд эмас, аммо тангачалар билан қопланган, қишда қор билан қопланади, новдалари сақланиб қолади.
3.Гемикриптофитлар (геми — ярим, криптос — яширин) кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар ҳисобланиб, уларнинг ер устки массаси қишда қуриб кетади, янгиланувчи куртаклари Ер сатҳи билан баробар жойлашган ҳамда қуриган новдалар билан ҳимояланган бўлади.
4.Криптофитлар кўп йиллик ўт ўсимликлар ҳисобланиб, уларнинг ер устки органлари қишда бутунлай қурийди, янгиланувчи куртаклари эса ер ости органлари тугунаклар, илдизпоялар ва пиёзбошларда сақланиб қолади.
5.Терофитлар бир йиллик ўсимликлар бўлиб, уларнинг ер устки ва ер остки органлари қишда қуриб қолади, фақатгина уруғларигина қишлаб чиқади.
6.Гелофитлар ботқоқлик ўсимликлари бўлиб, уларнинг куртаклари сув остида жойлашган, вегетатив органлари сувдан кўтарилиб туради.
7.Гидрофитлар гулли ўсимликлар бўлиб, куртаклари сув остида, вегетатив новдалари эса сувда жойлашган. К. Раункиер таснифида ҳаёт шаклларининг иқлим билан ўзаро боғлиқлигини тушунтиришга ҳаракат қилади ва Ер шарининг турли зона ва районлари учун биологик спектр тузиб чиқади. Биологик спектр маълум бир ҳудуддаги ўрганилаётган ўсимликлар жамоаларидаги ҳаёт шаклларининг фоиз нисбатларидир.
Ўсимликларнинг ҳаёт шаклларини таснифлашда Раункиер усулидан ташқари эколого-морфологик таснифлаш ҳам ҳозирги кунда кенг тарқалган. Экологоморфологик таснифлаш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:
Дарахтсимон ўсимликлар; улар дарахтлар, буталар ва бутачаларга бўлинади.
Ўтсимон ўсимликлар; кўп йиллик, икки йиллик,
Бир йиллик ўтларга ажралади.
Чала дарахтсимон ўсимликлар, яъни оралиқ гуруҳни ташкил этиб, бунга чала бута ва чала бутачалар киради.
Юқоридаги мезонларнинг кейинги бўлиниши ўсимликларнинг ҳар хил белгиларига асосланган. Масалан, новданинг ўсиш характерига ва йўналишига кўра (тик ўсувчи, ёйилиб ўсувчи, ўрмалаб ўсувчи, дарахтлар, буталар ва ўт ўсимликлар: дарахтсимон ва ўтсимон лианалар), озиқланиш усулига кўра (автотроф, симбиотроф ва чала паразит, паразит, ҳашаротхўр ўсимликлар, ер остки органларига қараб илдизпояли, тугунакли, пиёз6бошли, каудексли, кўп йиллик ўт ўсимликлар, бутачалар кабилар).
Ҳайвонот дунёсида ҳаёт шаклларини таснифлашда ташқи муҳитнинг умумий хусусиятларидан ташқари айни шу муҳитдаги ҳаракатланиш имкониятлари ҳамда озуқанинг характери муҳим аҳамиятга эга. Эколог олим Д. Н. Кашкаров таснифлашга кўра ҳайвонларнинг қуйидаги ҳаёт шаклларини ажратади:
I.Совуққонли (пойкилотерм) ҳайвонлар — йил бўйи фаол, қисман фаоллигини тўхтатадиган, ёзги уйқуга кетадиган ва қишки уйқуни ўтказадиган ҳайвонлар.
II.Иссиқ қонли (гомойотерм) ҳайвонлар—1) ўтроқ ҳаёт кечирувчилар: йил бўйи фаол, қисман фаоллиги тўхтайдиган, ёзги уйқуга кетадиган, қишки уйқуга кетадиган; 2) мавсумий ҳаёт кечирувчилар: уя қурувчилар, қишловчилар, ёзгилар, кўчиб юрувчилар.
Турли муҳитларда ҳаракатланиш хусусиятларига кўра қуйидагича ҳаёт шакллари ажратилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |