Касб-ҳунар мактабидаги таълим мазмуни (5-слайд).
Касб-ҳунар мактаблари ва касб-ҳунар таълими берувчи корхоналар таълим бўйича умумий вазифаларни бажаради. Касб-ҳунар мактаблари мустақил ўқув юрти ҳисобланади ва касб-ҳунар таълимидаги бошқа қатнашувчилар билан тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида ҳамкорликда ишлайди. Касб-ҳунар мактаблари касб- ҳунар таълими талабларини кўзда тутган ҳолда ўқувчиларга касбий ва умумтаълим фанларини ўргатиши лозим. Бундан ташқари касб-ҳунар мактаблари ерларнинг ҳуқуқий қонун-қоидаларига асосан касбий малака ошириш каби қўшимча вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
5-слайд
Касб-ҳунар мактаблари тўғрисидаги умумий (доиравий) келишувга (Таълим, дин ва маданият ишлари вазирлари кенгашининг 14/15.3.1991 йилдаги қарори) кўра дарсларнинг учдан икки қисми касбга боғланган ва учдан бир қисми умумтаълим фанлари бўйича тақсимланиши лозим. Жами дарслар камида 12 ҳафтани қамраб олади. Дарсларнинг касбга боғланган қисми Таълим, дин ва маданият ишлари вазирлари кенгаши томонидан тасдиқланган намунавий ўқув режаларига асосан ишлаб чиқилади. Намунавий ўқув режалар федерал ва ерлар ўртасида тегишли “Касб-ҳунар таълими тўғрисидаги Низом”ларга мувофиқ равишда келишилган ҳолда амалга оширилади. Янги намунавий ўқув режалар
ўқув соҳаларига қараб бўлинади. Ўқув соҳалари бирор бир касбнинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб белгиланган мавзулар ҳисобланади. Ушбу янги концепция касб-ҳунар мактабида ўтиладиган мавзулар ва корхоналардаги ўқув жараёни билан боғланган мажмуавий вазифаларни бажаришга йўналтирилган. Умумтаълим фанларига жамиятшунослик, иқтисод, немис тили, чет тили, диншунослик ва жисмоний тарбия дарслари киради ва улар касбга боғланган ҳолда ўтилади.
Касб-ҳунар таълими ўқувчилари.
Германия корхонасида бирор бир касб бўйича касб-ҳунар таълими бўйича таълим олувчи шахс – ўқувчи ҳисобланади. Авваллари ўқувчига нисбатан “шогирд” сўзи ишлатилган ва бу сўз ҳозирги кунда фақат ҳунармандчилик соҳасида ишлатилади. Одатда умумий ўрта мактаб битирувчилари касб-ҳунар таълимида таълим олиш учун таълим жойини танлашдан бошлайди ва шу пайтда уларнинг ёши 16 ёшдан 19 ёшгача бўлади. Баъзи ёшлар касб-ҳунар таълимида таълим олишга кечроқ қарор қабул қилади, шунинг учун 20 ёшга тўлган ёшларни ўқувчиликка номзодларни танлаб олиш жараёнида учратиш ҳоллари ҳам бўлган. Корхоналар асосан ўқувчиларни уларнинг гувоҳномасидаги баҳоларга қараб танлаб олади, лекин бўлажак ўқувчининг баҳолари паст бўлса ҳам, корхоналар унга таълим олиш имкониятини бериши лозим. Бундай ҳолларда корхоналар танлов суҳбати давомида ўқувчининг қизиқишлари, иқтидори борлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Ҳар доим ўқувчидан ўқув жараёнида фаол қатнашиш талаб этилади. Ўқувчи касб-ҳунар таълимини муваффақиятли битириши учун зарур билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга ҳаракат қилиши керак. Ўқувчи ўқув жараёнига боғлиқ бўлмаган ишларни ёки жисмоний имкониятларидан ортиқ бўлган ишларни бажаришдан бош тортиши мумкин. Мисол учун, иш юритувчи нусха кўчириш аппарати билан ишлаш бўйича кўникмаларни эгаллаши лозим, лекин у кун бўйи ҳужжатлардан нусха кўчириш билан банд бўлмаслиги керак.
Ўқувчи учун ўқув жараёни давомида қуйидаги ишларни бажариши мажбурий ҳисобланади:
ишлаб чиқариш таълим усталари томонидан берилган касб-ҳунар таълимига боғлиқ бўлган бўйруқларни бажариш;
касб-ҳунар мактабида ва корхоналараро ўқув марказида ўтказиладиган дарсларда қатнашиш;
ҳисобот дафтарларини мунтазам тўлдириб бориш ва уларда ўқув жараёнининг ҳар бир босқични ёзиб бориш;
корхонанинг ишлаб чиқариш сирларини ошкор қилишдан сақланиш ва рақобатдан огоҳ бўлиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |