ГАЗЛАРНИНГ ҚОНДА ТАШИЛИШИ
Қон кислородни альвеоляр ҳаводан гавда тўқималарига ва карбонат ангидридни гавда тўқималаридан ўпка альвеолаларига ташиб беради. Бу газлар қонда қандай ҳолатда бўлади? Уларнинг қонга ютилиши ва қондан ажралиб чиқиши қандай факторларта боғлиқ? Шуни кўриб чиқайлик.
Газларнинг суюқлиқ томонидан абсорбцияси
Газлар суюқлиқда: 1) оддий физикавий эриш (абсорбция) ва 2) химиявий боғланиш ҳолатида бўлади.
Газларнинг суюқлиқда эрий оладиган миқдори: 1) суюқлиқнинг таркибига, 2) суюқлиқ устидаги газнинг ҳажми ва босимига, 3) суюқлиқнинг температурасига, 4) текширилаётган газнинг табиатига боғлиқ. Газнинг суюқлиқдаги эрувчанлигини ифодалаш учун махсус кўрсатгич — абсорбцион коэффициент, ёки эрувчанлик коэффициенти жорий қилинган. Унинг миқдори 0° температура ва 760 мм босимда газнинг 1 мл суюқлиқда эрий оладиган ҳажмини кўрсатади. Газнинг босими қанча юқори ва температура қанча паст бўлса, шунча кўп газ суюқлиқда эрийди. Суюқлиқ температураси ортиши билан газларнинг эрувчанлиги пасаяди ва қайнаш нуқтасида нолга тенг бўлади. Абсорбцион коэффициент сувда эриган моддалар концентрациясига ҳам боғлиқ (эриган моддалар қанча кўп бўлса, газларнинг абсорбцион коэффициенти шунча паст бўлади). Гавда температурасида ва симоб устуни ҳисоби билан 760 мм босимда қон плазмасидаги кислороднинг эрувчанлик коэффициенти 0,022, азотники 0,011 ва _карбонат ангидридники 0,510 га тенг.
Суюқлиқда эриган газнинг умумий миқдори (g) ни g=aVP/A
формуласига мувофиқ ҳисоблаб чиқариш мумкин, 6у ерда а — мазкур температура учун абсорбцион коэффициент; V — суюқлиқ ҳажми; Р — мазкур газ босими; А — атмосфера босими.
Газларнинг парциал босими ва таранглиги
Суюқлиқ устида газлар аралашмаси бўлса, унда ҳар бир газ ўзининг парциал босимига, яъни унинг ўз ҳиссасига тўғри келадиган босимга яраша эрийди. Газлар аралашмасининг умумий босимини ва унинг процент ҳисобидаги таркибини билиб олгач, газлар аралашмасидаги ҳар қандай газнинг парциал (босимини ҳисоблаб чиқиш мумкин. Масалан, ҳавонинг атмосфера босими симоб устуни ҳисоби билан 760 мм бўлганда 'кислороднинг парциал босими 760 мм дан 21% ни (яъни 159 мм ни), азотники 760 мм дан 79% ни (яъни 601 мм ни) ташкил этади. Альвеоляр ҳаводаги газларнинг парциал босимини ҳисоблаганда ҳаво гавда температурасида парциал босими 47 мм га тенг бўлган сув буғлари билан тўйинганлигини ҳисобга олиш керак. Шунинг учун қолган газлар (азот, кислород, карбонат ангидрид) га 760 мм эмас, балки 760—47 = 713 мм тўғри келади. Альвеоляр ҳаводаги кислород миқдори 14,3% га тенг бўлганда унинг парциал босими фақат 102 мм га тенг келади; карбонат ангидрид миқдори 5,6% бўлганда унинг парциал босими 40 мм га тенг.
Муайян парциал босимдаги газ билан тўйинган суюқлиқ парциал босими паст бўлган шу газга дуч келса, газнинг бир қисми эритмадан чиқиб кетади ва эриган газ миқдори камаяди. Газнинг босими юқорн бўлса, суюқлиқда кўпроқ газ эрийди.
Газларнинг эриши парциал босимга боғлиқ, яъни газлар аралашмасининг умумий босимига эмас, балки худди шу газиинг босимига боғлиқ. Суюқлиқда эриган газ, масалан, кислород азот атмосферасига ҳатто жуда юқори босим остида азот турган бўшлиққа чиқаётгандек чиқаверади.
Суюқлиқ маълум таркибли газлар аралашмасига дуч келганда суюқлиққа кирган ёки ундан чиққан газ миқдори суюқлиқдаги ва газлар аралашмасидаги газ босимларининг нисбатига боғлиқ бўлиш билангина қолмай, балки уларнинг ҳажмларига ҳам боғлиқ. Босими суюқлиқдаги газлар босимидан кескин фарқ қилувчи газлар аралашмасининг катта ҳажми суюқлиқнинг катта ҳажмига дуч келса, кўп микдордаги газ суюқлиққа кириши ёки ундан чиқиши мумкин. Етарлича катта ҳажмли суюқлиқ кичик ҳажмдаги газ пуфакчасига дуч келса, аксинча, жуда оз миқдордаги газ суюқлиққа киради ёки ундан чиқади ва суюқ-лиқнинг газлар таркиби амалда ўзгармайди.
Суюқлиқда эриган газлар учун эркин газлардаги «парциал босим» га мос келадиган «таранглик» термини қўлланилади. Босим қайси бирликлар билан ифодаланса, таранглик, ҳам ўша бирликлар, яъни атмосфералар ёки симоб устуни ёки сув устуни ҳисобидаги миллиметрлар билан ифодаланади. Газ таранглиги 100 мм симоб устунига тенг бўлса, суюқлиқда эриган газ 100 мм босим остидаги эркин газ билан мувозанатда турганини кўрсатади.
Эриган газ таранглиги эркин газнинг парциал босимига тенг бўлмаса, мувозанат бузилади. Шу икки миқдор яна бир-бирига тенглашганда мувозанат тикланади. Масалан, берк идишда турган суюқлиқдаги кислород таранглиги 100 мм га тенг, шу идиш ҳавосидаги кислороднинг босими эса 150 мм га тенг бўлса кислород суюқлиққа кира бошлайди. Айни вақтда суюқлиқдаги кислород таранглиги орта боради, суюқлиқдан ташқаридаги кислород босими эса пасаяверади, янги дина-мик мувозанат қарор топмагунча ва бу икки миқдор 150 билан 100 мм орасидаги янги қиймат олиб бараварлашмагунча босим ва таранглик ўзгараверади. Бу ҳолда босим ва тарангликнинг қандай ўзгариши газ билан суюқлиқнииг нисбий ҳажмларига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |