6. СУҒУРТА ҲОДИСАСИДАН ИСТИСНОЛАР 6.1. Қуйидагилар суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди ва тегишлича суғурта товони таркибига киритилмайди:
6.1.1. Кредит миқдорига ҳисобланадиган ҳар қандай фоизлар, пенялар, жарималар, неустойкалар, олинмай қолган фойда ёки наф, банк комиссияси ва бошқалар;
6.1.2. Суғурта қилдирувчи ёки унинг вакиллари томонидан Кредит шартномасини расмийлаштиришда/кредит беришда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган, ўзларининг кредит мажбуриятларини бажармаган ҳолатлар;
6.1.3. Қарздор томонидан фирибгарлик ёки ноқонуний ҳатти -ҳаракатлар аниқланган ҳолатлар;
6.1.4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Қарздорга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ҳолатлар;
6.1.5. Суд ва тергов органлари томонидан Қарздорнинг мол-мулкини хибсга (арест) олинган, мусодара қилинган ҳолатлар;
6.1.6. Қарздор томонидан кредитни мақсадсиз ишлатилган ҳолатлар;
6.1.7. Қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолатлардаги зарарлар.
7. ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ Ушбу Шартнома амалда бўлган муддатда:
7.1. Суғурта қилдирувчи/Наф олувчининг ҳуқуқлари: 7.1.1. Ушбу Шартнома бўйича Суғурталовчидан маслаҳатлар олиши;
7.1.2. Гаровга қўйилган ва кредит ҳисобига харид қилинган мол-мулкни кредит шартномасининг амал қилиш муддати давомида суғурта қилдириш;
7.1.3. Кредит тўлиқ сўндирилганда суғурта шартномасини муддатидан аввал бекор қилиш учун Суғурталовчига ариза билан мурожаат қилиш;
7.1.4. Суғурта полиси йўқолган тақдирда унинг дубликатини олиши;
7.1.5. Суғурталовчи билан келишган ҳолда ушбу Шартномага ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш;
7.2. Суғурта қилдирувчи/Наф олувчининг мажбуриятлари: 7.2.1. Суғурта ҳодисаси рўй беришининг олдини олиш юзасидан барча чораларни кўриши;
7.2.2. Кредит шартномаси шартларининг эҳтимолий ўзгаришлари бўйича, шу жумладан кредит мажбурияти бўйича шахсларнинг ўзгариши юзасидан Суғурталовчига маълумотларни тақдим этиши;
7.2.3. Қарздор томонидан Кредит шартномаси бўйича қарздорликни сўндириш жадвали бузилиши ҳақида ёки кредит маблағлари мўлжалланган мақсадларда фойдаланмаслиги ҳолатлари аниқланганлиги ҳақида хабар қилиши;
7.2.4. Кредитдан мақсадли фойдаланишни мониторингини ўтказиш санасига қадар Суғурталовчини бу борада хабардор қилиш ва унинг вакилига мониторингда қатнашиш имконини бериш;
7.2.5. Суғурта шартномасини тузаётганда хабар қилинган шарт-шароитлардаги ўзига маълум муҳим ўзгаришлар ҳақида зудлик билан ёзма равишда Суғурталовчини хабардор қилиш, хусусан:
а) бизнес режа/ТИА ёки кредит шартномасига тааллуқли бошқа ҳужжатларда кўрсатилган лойиҳанинг ижро муддатларини бузилиши;
б) кредит шартномасига мувофиқ молиялаштириладиган битим, шартномаларнинг шартларини ўзгариши;
в) кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажарилишига таъсир этиши мумкин бўлган Қарздорнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тугатилиши ёки тўхтатилиши;
г) қарздорнинг корхонаси қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши кутилаётганда;
д) гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ундириш чораси кўрилиши ва ш.к.;
е) давлат идоралари томонидан Қарздорга нисбатан молиявий жазо чораларини қўлланилиши;
ж) ҳисобот чораги мобайнида Қарздорнинг фойдаси камайиши.
7.2.6. Суғурталовчининг сўровига кўра Кредит шартномаси/Бизнес режа/ТИА лойиҳасини, Кредит шартномасига тааллуқли бошқа ҳужжатларни амалга ошириш/ижросини мониторинг қилиш, шунингдек суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва тафсилотларини аниқлаш учун зарур маълумотлар ёки ахборотларни тақдим этиши;
7.2.7. Суғурталовчи талаб қилиши мумкин бўлган ҳужжатлар, яъни зарарлар сабаблари ва миқдорига тааллуқли, етарли далилларни тақдим этиши;
7.2.8. Суғурталовчига суброгация ва регресс тартибида ўтган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва далилларни тақдим этиши ҳамда барча маълумотлардан хабардор қилиши, шунингдек уларнинг тегишли ёзма розилигисиз гаровда бўлган мол-мулкларнинг таъқиқини бекор қилмаслиги;
7.2.9. Юридик манзил ва банк реквизитлари ўзгарган тақдирда бу ҳақда ўзгариш санасидан бошлаб 10 календарь кунидан кечиктирмай хабар қилиши;
7.2.10. Кредит шартномаси бўйича гаров предмети бўлган мол-мулкка нисбатан ундириш чоралари қўлланса, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш шартларини дастлаб келишиши, хусусан мол-мулк сотиладиган қийматни келишиб олиши;
7.2.11. Қарздорга нисбатан уни банкрот деб тан олиниши тўғрисида суд жараёни бошланса, Суғурталовчини ишда учинчи шахс сифатида иштирок этишга таклиф этиши;
7.2.12. Ушбу шартнома амалда бўлган муддатда Суғурталовчидан олинган ахборотни сир сақлаши, Суғурта қилдирувчи ва/ёки Қарздор Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат идораларига ахборот тақдим этиши шарт бўлган ҳолатлар бундан мустасно.