Мавзунинг республикада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мослиги. Диссертация мавзуси республикада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мос келади.
Ишнинг давлат дастурлари ёки илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация мавзуси Урганч давлат университетининг Илмий Кенгашида тасдиқланган (баённома №5, 30.12.2013 й.) ва у Урганч давлат университети «Тарих» кафедрасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқ.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини тадқиқ этишда унинг назарий методологик асосларини ташкил этган Шарқ ва Ғарб фалсафий-тарихий мероси, Президент И. А. Каримов асарлари ва нутқлари, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва амалиёти кабилар мухим назарий ва концептуал аҳамият касб этади. Мавзуни ўрганишга оид материаллар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Ассосиацияси фаолиятларида шаклланган назарий ва амалий тажрибалар, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги мутахассисларнинг илмий тадқиқотлари асосий манбалар сифатида фойдаланилади.
XXI асрнинг бошларига келиб фуқаролик жамияти ва унинг институтларини ўрганишга доир тарихий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий назарияларни ривожлантиришга ҳисса қўшган машҳур мутафаккирлар ва олимлар илмий тадқиқотларини бешта гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчи гуруҳга дастлаб жамиятларнинг келиб чиқишини кашф этган, фуқаролик жамиятининг баъзи бир унсурларини тадқиқ этган қадимги Шарқ, Юнонистон ва Рим мутафаккирларини киритиш мумкин. Фуқаролик жамиятининг у ёки бу унсурлари дастлаб қадимги Хитой мутафаккири Конфуций2, юнон файласуфлари Платон3, Аристотель4 ва қадимги Рим мутафаккири Цицерон5 кабилар томонидан тадқиқ этилди.
Иккинчи гуруҳга Шарқ уйғониш даври алломалари - X-XV асрларда фозил жамият қуриш ғояларини илгари сурган - Абу Наср Форобий6, Абу Али ибн Сино7, Низомулмулк8, Алишер Навоий9, Ҳусайн Воиз Кошифий10 каби мутафаккирлар илмий меросини киритиш мумкин. Уларнинг фозил жамият, инсон эркинлиги, адолат тамойилларига амал қилишга доир илмий меросида фуқаролик жамиятининг кўплаб унсурлари тадқиқ этилган.
Учинчи гуруҳга фуқаролик жамияти назариясини ривожлантиришга ҳисса қўшган машҳур олимлар - инглиз олими Томас Гоббс11 (1588-1679), Жон Локк12 (1632-1704), немис олимлари Иммануил Кант13 (1724-1804) ва Георг Гегель14 (1770-1831) кабиларни киритиш мумкин.
Тўртинчи гуруҳга ҳозирги даврдаги фуқаролик жамияти тўғрисидаги назарияларни яратган олимларни киритиш мумкин. Улар - Джин Л.Коэн, Эндрю Арато15, Гиллерьмо О’Доннел, Филипп Шмиттер16, Юрген Хабермас17, Мишель Фуко18, Толкотт Парсонс19, Габриэль Алмонд20, Реймон Арон21, Питирим Сорокин22, Фридрих фон Хайек23, Роберт Патнэм24, Френсис Фукуяма25, Роберт Даль26 каби Шимолий Америка, Европа ва бошқа ривожланган мамлакатлар олимларидир.
Бешинчи гуруҳга мустақиллик даврида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва унинг институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга доир тадқиқот олиб борган ҳуқуқшунос олим З.Исламов27, сиёсатшунос олимлар – М.Қирғизбоев28, И.Эргашев29, Р.Жумаев30, Н.Жўраев31, С.Жўраев32, А.Қодиров33, социолог олим А.Ҳолбеков34, файласуф олим С.Отамуратов35, иқтисодчи олим М.Шарифхўжаев36, тарихчи олима М.Қориева37, тарихчи олима Н.С.Расулова38 кабилар илмий тадқиқотларини киритиш мумкин.
Хуллас, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг ривожланиш жараёнларининг баъзи жиҳатлари маълум даражада ҳуқуқшунослик, сиёсий, иқтисодиёт ва социология фанлари нуқтаи назаридан тадқиқ этилди. Лекин, махсус тарих фани нуқтаи назаридан махсус Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг келиб чиқиши, ривожланишиига доир назариялар, яхлит ва жамулжам тарздаги илмий тадқиқ этилгани йўқ. Шунинг учун ҳам биз мустақиллик даврида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнларини тадқиқ этишни докторлик диссертацияси мавзуси сифатида танладик.
Do'stlaringiz bilan baham: |