7. Махсус миссиялар
Бошқа давлатга унинг розилиги билан муайян масалалар бўйича музокаралар олиб бориш ёки бошқа аниқ вазифани бажариш учун юбориладиган муваққат миссия «Махсус миссия» деб номланади. Бошқача айтганда, махсус миссиялар икки томонлама муносабатларда у ёки бу вазифани бажарувчи давлат делегацияси (икки томонлама музокаралар, хилма-хил маросимлар, чунончи, давлат бошлиғининг вазифасини бажаришга киришишига бағишланган маросимлар, юбилейлар, дафн маросимида иштирок этувчилар) тушунилади. Кўп томонлама халқаро ташкилотларнинг органларига йўналган давлат делегациялари ҳам махсус миссиялар қаторига киради. Махсус миссияларнинг ҳуқуқий аҳволи халқаро ҳуқуқнинг одатдаги нормалари билан белгиланади. 1969 йили БМТ Бош Ассамблеяси БМТ халқаро ҳуқуқ Комиссияси тайёрлаган махсус миссиялар тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилди. Бу Конвенция асосан, одатдаги нормалар ёки бу соҳада қapop топган тажрибани қайд этади. Конвенция 1961 йилги дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена Конвенциясида кўрсатилган дипломатия ваколатхоналари ва уларнинг ходимлари имтиёзлари ва иммунитетлари махсус миссиялар ва уларнинг ходимларига ҳам ёйилиши кераклигидан келиб чиқади.
Махсус миссиялар тўғрисидаги Конвенцияда махсус миссия давлат бошлиғи, ҳукумат бошлиғи, ташқи ишлар вазири ёки олий мақсаддаги бошқа шахс томонидан бошқариладиган ҳолларни ёхуд бундай шахслар махсус миссияда қатнашганларида, улар, қабул қилувчи давлатда ёки учинчи давлатда улар учун халқаро ҳуқуқ тан олган афзалликлар, имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланилиши изоҳланган.
Халқаро ташкилотларнинг имтиёз ва иммунитетлари
Ҳукуматлараро халқаро ташкилотлар муайян давлатларнинг ҳудудларида жойлашиб, ўз вазифаларини нормал амалга ошириши учун муайян имтиёз ва иммунитетларга эҳтиёж сезади. Улар бу ташкилот жойлашган давлат маъмурларидан мустақиллиги таъминланиши учун зарур. Шунинг учун универсал халқаро ташкилотлар ҳам, минтақавий халқаро ташкилотлар ҳам имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланади.
Давлатларнинг ва ваколатли органларининг имтиёзлари ва иммунитетлари умумий ҳуқуқ томонидан барча давлатлар учун бир хил суверен тенглик асосида белгилаб қўйилади. Турли халқаро ташкилотларнинг имтиёзлари ва иммунитетлари, бундан фарқли ўлароқ, ҳажми, низомлари ва бир ёки бир нечта халқаро ташкилотларга оид тегишли халқаро шартномалар билан белгиланади. Турли халқаро ташкилотлар учун кўзда тутилган имтиёз ва иммунитетлар уларни тенглаштиришга бўлган тенденция амал қилиши бу шартномалар билан шубҳасиз, бир хил бўлмайди.
Ташкилотнинг имтиёзлари ва иммунитетлари БМТ дипломатик ваколатхоналар каби имтиёз ва иммунитетларга эга. Бундан ташқари, айрим. қўшимча имтиёзлардан ҳам фойдаланади. Шу билан бирга БМТ имтиёзлари ва иммунитетларида унинг ўзига хос хусусияти ҳам акс этади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига бинолар, ёзишмалар, архивлар, хусусий мулк алоқалар эркинлиги (унга шифр ва курьерлардан фойдаланиш ҳам киради), солиқ ва бож тўловларидан озод қилиниши, эмблема ва байровда ҳуқуқ ва шунга ўхшаш дахлсизликлар берилади.
БМТ Нью-Йоркдаги ўз ҳудудида хавфсизлик хизматига эга. Бироқ АҚШ судлари БМТ ҳудудида содир этилган жиноятларга нисбатан ҳуқуқий судловни амалга оширади. Шу билан бирга, АҚШ маъмурлари, унинг ҳудудида ҳеч қандай процессуал ҳаракатлар (тинтув, қамоққа олиш ва бошқалар)ни БМТ Бош котибининг розилигисиз бажара олмайди.
БМТ ва АҚШ ўртасидаги бу Ташкилот қароргоҳи тўғрисидаги битимга мос равишда АҚШ, давлатларнинг вакиллари, БМТ ходимлари ва бошқа расмий шахсларнинг БМТ ҳудудига киришлари ва ундан чиқишларига монелик қилмасликка мажбурдир. Улар, шунингдек БМТ ходимлари, экспертлар, давлатларнинг БМТ ҳузуридаги ваколатхоналари ходимларига АҚШга кириш учун визалар беришга мажбур.
БМТ билан Швейцария ҳукумати ўртасидаги битимга биноан (1946 йил) БМТ Овруподаги бўлимининг Женевадаги қароргоҳи ҳам шундай ҳолатдадир.
Юқорида кўрсатилган имтиёз ва иммунитётларнинг асосийлари, аввало, бинолар, ёзишмалар, архивлар, алоқа эркинлиги ва бошқа дахлсизликлар, шунингдек БМТнинг Нью-Йорк ва Женевадан ташқарида бўлган органлари доимий жойлашган ёки айрим мажлислар ўтказиладиган жойга ҳам берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |