ДЕТАЛЛАР РЕСУРСИНИ ОШИРИШ УЧУН ИШЧИ ЮЗАСИГА ПАЙВАНДЛАНГАН ҚАТЛАМНИНГ ҚАЛИНЛИГИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШ НАТИЖАЛАРИ
Қосимов Каримжон, т.ф.н.- АндМИ доценти,
Ж.М.Усмонов-АндМИ ассистенти
Автотракторларнинг ишончлилигини оширишда ишлаб чиқариш ва таъмирлаш жараёнига материал сарфини сезиларли орттирмайдиган ресурстежамкор ҳамда деталлар ресурсини сезиларли ортишига олиб келувчи технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирги кунга қадар турли машина ва жиҳозларнинг ишончлилигини оширишга жуда мустаҳкам металл ва қотишмалардан деталлар тайёрлаш орқали эришиб келинган. Энди ушбу материаллардан тайёрланган деталларнинг иш шароити анча қатъийлашиб ва мураккаблашиб кетиши оқибатида уларнинг хоссаларига нисбатан қўйиладиган талаблар ҳам кўпайиб мураккаблашиб кетди. Бунга қуйидаги: мустаҳкамлик, бикрлик, пластиклик, зангбардошлик, ейилишга чидамлилик каби талабларни мисол келтириш мумкин.
Табиийки, оддий конструкцион материаллардан фойдаланиб бу талабларни етарли даражада қондириб бўлмайди.
Ушбу мураккаб вазифани ҳал этиш йўлларидан бири деталларнинг ишчи юзаларини юқори ишчи хоссаларга эга бўлган материаллар билан қоплаш ҳисобланади. Иккинчи йўналиш пайвандлаш материали сифатида кукунсимон материалларни, шу қаторда композицион материалларни қўллашдан иборат.
Композицион материалларга қизиқишнинг ортишига сабаб, бир томондан, юқори сифатли қотишмалар олиш учун ҳом-ашё ресурсларининг чегараланганлиги бўлса, иккинчи томондан композицион материалларнинг конструкцион материаллардан фойдаланиб эришиб бўлмайдиган қатор техник ечимларга эришишга олиб келувчи ва материалларнинг хоссаларини бошқариш имкониятини берувчи ноёб хоссалари бўлди.
Композицион материалларни қўллаш тажрибаси машина ва жиҳозларнинг деталлари хизмат муддатини оширишда кенг истиқболга эгалигини кўрсатди. Бу борада деталлар ишчи юзаларига янги турдаги материалларни қоплашнинг контакт пайвандлаш усули кенг истиқболга эга.
Аммо янги турдаги композицион материалларни деталларнинг ишчи юзаларига контакт пайвандлаб қоплаш технологик жараёнларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга - уларни қўллашни асослаш, лойихалаш, деталларнинг ишчи юзаларига қоплашнинг замонавий технологияларини яратиш борасидаги кенг кўламли илмий тадқиқот ишлари олиб борилмагани тўсиқ бўлиб турибди.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, деталларни контакт пайвандлаб ейилишга чидамлилигини ошириш технологиясида кукунсимон композицион материаллардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун пайвандлаш материали танлаш, усулнинг технологик кўрсаткичларини аниқлаш, олинган қатлам сифати ва деталнинг ресурсини ошириш борасида кенг қамровли тадқиқотлар олиб бориш керак бўлади.
Юқорида баён қилинганлар асосида шакллантирилган кукунсимон композицион материалларни деталларнинг ейилган ишчи юзаларига пайвандлаб қоплаш орқали ейилишга чидамлилиги юқори бўлган қатлам олиш технологиясини ишлаб чиқиш мақсадида тадқиқотлар олиб бордик. Технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун унинг янги усул, материаллар ва жиҳозлар яратишга асос бўладиган ўзига хос томонлари, қонуниятлари ва кўрсаткичларини асослаш керак бўлди. Қуйида ана шу масалалардан бири ёритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |