Ўзбекистон халқ демократик партияси1991 йил 1 ноябрда ташкил қилинган. ХДПнинг II съезди 1994 йил 1 ноябрда бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Олий Мажлиси ва халқ депутатларининг маҳаллий Советларига сайловлар ўтказилиши билан боғлиқ равишда Низомда белгиланган муддатдан илгари чақирилди. Унда Партия сайловолди дастурининг масалалари, парламент депутатларига номзодлар кўрсатилиши, унинг Низомига ўзгартиришлар киритилиши кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга муҳтож фуқаролари манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Энг аввало, булар иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган одамлардир. Булар – педагоглар, врачлар, бошқа ижтимоий соҳаларнинг ходимлари ва мутахассислари, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, пенсионерлар ҳамда имкониятлари чекланган кишилар.
Шуни айтиш жоизки, бугунги кунга келиб ХДП сафларида 400 мингдан ортиқ (2015 й.) аъзолар бор. Партия аъзоларининг ярмидан кўпини хизматчи-лар, 40 фоиздан ортиғини аёллар, аъзоларнинг 50 фоизини ёшлар ташкил қилади. Зиёлилар, хизматчилар ва талабалар аъзоларнинг 50 фоиздан кўпини, 40 фоизини моддий ишлаб чиқаришда бандлар, 10 фоизини нафақадагилар ва уй бекалари ташкил қилади. Партиядаги ишни 60 дан ортиқ миллат вакиллари — ўзбеклар, қорақалпоқлар, қозоқлар, тожиклар, руслар, украинлар, татарлар, уйғурлар, туркманлар, қирғизлар, корейслар ва ҳоказолар юритадилар.
Партиянинг матбуот органлари ўзбек ва рус тилида чоп этиладиган газеталар “Ўзбекистон овози” ва “Голдос Узбекистана” газеталаридир.
1995 йил февралда ташкил қилинган “Адолат” социал-демократик партияси таркибида фан-техника зиёлилари, муҳандис ва олимлар, давлат муассасалари ишчилари етарли даражада кенг ифодаланган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
кучли ижтимоий-ҳуқуқий давлат барпо этиш;
адолатли фуқаролик жамиятини яратиш;
ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ривожланишига таъсир қилиш;
жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳозирда ўз тараққиётининг янги сифат босқичида турибди. Бу партия сафларининг минтақалардаги сонининг ортиши ва ташкилий мустаҳкамлашувида намоён бўлмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон “Адолат” СДП сафларида салкам 120 мингга яқин аъзони (2015 й.) бирлаштириб, Ўзбекистоннинг 188 аҳоли ҳудудида 3000 дан ортиқ бошланғич ташкилотга эга. Ўз навбатида, бу партия ижтимоий базасининг кенгаётганлигидан далолат беради.
“Адолат”СДП, аввалдан ўзининг тутган ўрнини, социал-демократизмнинг умумжаҳон мафкуравий оқими билан солиштиради. “Адолат” ижтимоий-сиёсий ва хуқуқий газетаси партиянинг бош матбуот органидир.
1995 йил май ойида “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкил қилинди, унинг асосий мақсади — миллий ўз-ўзини англашни ривожлантириш жараёнларини фаоллаштириш, аҳолини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳоказо. “Миллий тикланиш”ДП ўз дастурида консерватив жиҳатларга таяниб, ўзини фуқароларнинг миллий руҳ, дунёқараш, миллий англаш ва ватанпарварликка асосланган нуқгаи назарлари ва манфатларини бирлаштирувчи, сиёсий ташкилот, деб таърифлайди.
Партиянинг ўз олдига қўйган мақсади:
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англашнинг ўсиши, миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш;
– ўз сафида юрт ватанпарларини бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини Ўзбекистон манфаатлари ҳамда унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида сафарбар этиш;
– ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш ва у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақиллини, халқнинг қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, унинг маънавий эҳтиёжлари ва қизиқишларини чеклашга бўлган уринишларга қарши курашишга таъсирчан ҳисса қўшиш.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизни комил миллат мақомига олиб чиқишни ўзининг муқаддас мақсади деб ҳисоблайди. Миллий уйғониш, тикланиш ва юксалиш орқали Ўзбекистон халқи ер юзидаги ҳеч бир халқдан кам бўлмагани ва кам бўлмаслигини кўрсатишга интилади. Бугунги кунда “Миллий тикланиш” ДП унинг ўз атрофига жипслаштирган сафдошларининг сони 190 000 га яқин (2015 й.).
1995 йил июн ойидан партия “Миллий тикланиш” газетасига эга. Ушбу газетанинг турли бўлимлари миллий ва умумбашарий бойликларни тик-лашга, ёшларни тарбиялашга, миллий тикланиш ғояларини тарғибот қилишга қаратилган.
Мамлакатимиздаги энг ёш сиёсий партия – Ўзбекистон ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати - Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ҳисобланади. У 2003 йил 15 ноябрда ташкил топган. Кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорлар, фермерлар, моддий ва интеллектуал мулк эгалари ҳамда ўрта синфни ташкил этувчи бошқа табақалар ушбу партиянинг электоратини ташкил этади. ЎзЛиДеП мамлакатимизда либерал-демократик йўналишдаги илк сиёсий партия ҳисобланади.
ЎзЛиДеПнинг ўз олдига қўйган мақсадлари:
– биринчидан. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳадан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлаш;
– иккинчидан. Партиянинг куч ва имкониятларини бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқимиз, аввало, ёшлар онги ва ҳаётига сингдиришга қаратилган ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш;
– учинчидан. Партиянинг давлат бошқаруви, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳоталарни амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш. Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини ошириш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш, Ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, дея ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлимиз, қадриятларимиз, миллий ва диний анъаналаримиз, урф-одатларимизни қадрлаш, шу билан бирга, бошқа миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши изчил кураш олиб бориш;
– тўртинчидан. Ўзи учун сиёсий платформа деб танлаб олган либерал-демократик ғоя ва мақсадларни ўз фаолияти орқали кенг омма онгига сингдириш, бу борада сафини кенгайиштиришга йқналтирилган ҳар томонлама чуқур ўйланган партия сиёсатини тарғиб қилиш ишларини амалга ошириш.
Бугунги кунда ЎзЛиДеПнинг 270 000 дан ортиқ аъзоси (2015 й.) бор. Ушбу партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси энг кўп сонли бўлиб, 2014 йилги парламент сайловларидан сўнг 52 нафар депутатдан иборат.
Партиянинг матбуот органи “XXI аср” газетаси ҳисобланади.
Кўриб турибмизки, Ўзбекистонда партиявий тизим тадрижийлик асосида, бир маромда ўз такомилига етиб бормоқда. Масалан, 1994 йилга Парламент сайловларида ҳокимият органлари ва аҳолининг ташаббускор гуруҳларидан 167 нафар депутат сайланган бўлса, 1999 йилги Парламент сайловларида уларнинг сони 125 тагача қисқарди. 2004 йилги Парламент сайловларида сайланган депутатларнинг 90 фоизидан кўпроғи сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлардир. 2009 йилги сайловлардан бошлаб эса Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан 15 нафарлик квота асосида сайланадиган депутатлардан ташқари қолган барча депутатлар партиявий мансублик асосида сайлана бошладилар. Бу эса сиёсий ҳаётда сиёсий партияларнинг вазни ва нуфузи тобора ошиб бораётганлигидан далолат беради.
Президент Ислом Каримов 2010 йилнинг 12 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги дастурий аҳамиятга эга маърузасида ўтган даврдаги босиб ўтган йўлимизни чуқур ва атрофлича таҳлил этиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи ривожланиш концепциясини белгилаб берди. Айниқса, Юртбошимизнинг дaвлaт ҳокимияти вa бошқaрувини дeмокрaтлaштириш йўналишида илгари сурган қонунчилик ташаббуслари ва шу асосда амалга оширилган ишлар ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда мутлақо янги давр бошланаётганидан далолатдир. Булар доирасида сиёсий партияларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва қарорлар қабул қилишдаги ролини оширишга қаратилган ташаббуслар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Албатта, ҳозирги тезкор ҳаёт динамикаси, юртимизда олиб борилаётган туб ва изчил ислоҳотлар, тараққиётнинг яна бир янги даврига қадам ташлаш Конституциямизга баъзи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этаётганди.
Бу жараён Асосий Қонунимизнинг айрим жиҳатларини реал турмуш тарзига мослаштириш ва юзага келиши кутилаётган янгича муносабатларни тартибга солишга тайёрлаш ҳамда аниқлаштиришдан иборат эди.
Шу боисдан Концепцияда белгилаб берилган қонунчилик ташаббуслари асосида тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонун 2011 йилда қабул қилинди.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституция янада мукаммаллаштирилиб, унинг барқарорлиги ва ҳаётийлиги таъминланди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиб бориш тўғрисидаги меъёр энг демократик тамойиллардан келиб чиққанини эътироф этиш жоиз.
Ўзбeкистон Рeспубликaси Конституциясигa киритилгaн ўзгaртишлaрга асосан, Бош вaзир лaвозимигa номзод кўрсaтиш вa уни тaсдиқлaшнинг дeмокрaтик тамойиллaрини ифодaлaйдигaн янги ҳуқуқий тaртиб ўрнaтилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдeк, Ўзбeкистон Рeспубликaси Олий Мaжлисигa Бош вaзиргa нисбaтaн ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқи бeрилди.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган юқоридаги ўзгартиш ва қўшимчалар, энг аввало, пaрлaмeнт томонидaн ўз вaколaтлaрини aмaлгa ошириш жaрaёнидa ўзaро тийиб туриш вa мaнфaaтлaр мувозaнaти тизимини шaкллaнтириш, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизни дeмокрaтлaштириш вa либeрaллaштириш жaрaёнлaрининг жaдaл ривожлaнишида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, бугун юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялардан ҳам ана шу тамойилларни ҳаётга жорий этиш ишларига тайёр бўлишлари, сиёсий етукликка интилишлари талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, мазкур ислоҳотларнинг муваффақияти, авваламбор, мамлакатимизни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз суръатларига, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг юксаклигига ва ўз-ўзидан аёнки, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг етуклик даражасига, уларнинг Ўзбекистонимиз тақдири ва келажагига дахлдор бундай улкан масъулиятли ваколатларни ўз зиммасига олишга қай даражада тайёр эканига бевосита боғлиқдир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда сиёсий тизимни либераллаштириш, сиёсий фикр, тафаккур, ёндашув хилма-хиллигини таъминлаш, партиялараро соғлом рақобатни ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилди. Бу борада мамлакатимиз раҳбари томомнидан 2010 йил 12 ноябрда тақдим этилган Концепцияга мувофиқ фақат 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги, сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилганлиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига ва бошқа қонун ҳужжатларига сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва ваолатларини кенгайтиришни кўзда тутувчи бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлигини қайд этишнинг ўзи кифоя.
Буларнинг барчаси давлат сиёсий тузилмасида вакиллик ҳокимиятининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш ҳамда ижро этувчи ҳокимият органларини шакллантириш, улар фаолияти устидан парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш борасида сиёсий партиялар ролини тубдан ошириш учун мустаҳкам қонунчилик асосларини яратди. Энг муҳими, ҳам Қонунчилик палатаси, ҳам Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доирасида демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган сиёсий, партиялараро рақобатни янада кучайтириш учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда демократлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш йўлида ҳокимият бўлинишининг конституциявий тамойилини амалга оширишда кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, улар ўртасида рақобатли курашни кучайтириш масалалари ғоят муҳим ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбари бир неча бора таъкидлаганидек, вакиллик ҳокимият органларига айнан шу кураш орқали ҳар бир партия ўз олдига қўяётган мақсадларга эришади. Бу рақобат қанчалик кучли ва муросасиз бўлса, муайян ижтимоий кучлар ва қатламлар манфаатларини илгари сурувчи ҳар бир партия ғоялари, дастурий вазифалари шунчалик муваффақиятли амалга оширилишини кафолатлайди. Шубҳасиз, буларнинг барчаси қабул қилинаётган қонунлар сифатини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, қонун устуворлигини таъминлаш, вакиллик ҳокимият органларининг мамлакатимизда юз бераётган жараёнларга таъсирини кучайтиришга кўмаклашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |